Меню
Қашқадарё
УСТОЗ АЗИЗ, УСТОЗ МЎЪТАБАР!
Қарши шаҳридаги 12-умумий ўрта таълим мактабида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни мактаб директори Моҳира Ўринова очиб берди.
Шундан сўнг ўқувчилар ҳамда ўз вақтида ушбу мактабда таълим олган собиқ шогирдларнинг устозлар меҳнатини мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлари тадбирга янада шукуҳ бағишлади.
Эътиборли томони, анъанавий байрам сценарийларидан чекинган ҳолда, бу гал мактаб ўқитувчилари жамоаси ҳам ижод ва санъат бобида ўз истеъдодларини намоён этди. Улар томонидан ижро этилган шеър, қўшиқ, рақс ва саҳнавий чиқишлар тадбирга чинакам файз, байрамона руҳ олиб кирди.
Ўз вақтида ушбу даргоҳда ёшларга таълим ва тарбия берган марҳум устозларнинг хотираси ёдга олинди.
Кечага таклиф этилган фахрий устозлар қутланиб, уларга мактаб жамоасининг эсдалик совғалари топширилди.
- Мактабимизда 1500 нафардан ортиқ ўқувчи икки сменада таълим олади, - дейди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шоира Турсунова. – Уларга 100 нафардан ортиқ ўқитувчилар таълим ва тарбия бериб келишмоқда. Бугунги тадбирда ана шу катта жамоамизнинг масъулиятли ва шарафли меҳнати эътироф этилди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар