Меню

Қашқадарё

12.10.2021 1293

Устига дарахт қулаган йўловчи кўкаламзорлаштириш идорасидан ярим миллион доллар ундирди

Хитойда йўловчи велосипедда ҳаракатланиб кетаётган пайтида устига дарахт қулагани учун суд орқали 3,7 миллион юан (574 минг АҚШ доллари атрофида) товон пули ундирди, дея хабар тарқатди Ваньи ахборот портали. 

Гап шундаки, ўтган йил март ойида хитойлик Ян фамилияли фуқаро айни шторм вақтида Хэбэй провинциясидаги Ланфан шаҳри кўчаларидан бири бўйлаб велосипедда кетаётган бўлган. Кучли шамол туфайли йўл четида экилган дарахтлардан бири қулаб тушиб, велосипедчига тегиб кетган. Воқеа гувоҳлари дарҳол тез тиббий ёрдам чақирган.

Ян олган жароҳатлари сабаб қарийб бир йил умрини шифохонада ўтказишига тўғри келди, даволаниш харажатлари эса миллион юан (155 минг доллар)дан ошиб кетди. Бундан ташқари, у биринчи гуруҳ ногирони  бўлиб қолди.

Шундан сўнг, жабрланувчи 4,3 миллион юан (667 минг доллар атрофида) товон пули талаби билан судга кўкаламзорлаштириш бўйича маҳаллий сервис маркази устидан даъво киритган.

Жавобгар эса экишга виждонан ёндашгани, дарахтнинг қулаши табиий экстремал ҳолат ҳисобланиши, аввалроқ метеорология хизмати огоҳлантирганидек, жабрланувчининг ўзи бундай об-ҳаво шароитида юқори ҳушёрликда бўлиши керак эди, дея баёнот берган. 

Бунга жавобан, Ян судга йиқилган дарахтнинг илдиз тизими яхши ривожланмагани шундоққина кўриниб турган, сервис маркази томонидан у нотўғри парваришланганига исбот бўладиган фото суратни тақдим қилган.

Якунда суд жавобгар жабрланувчига 3,7 миллион юан миқдорида товон пули тўлаши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилган. Кейинроқ сервис маркази апелляция шикояти берган, аммо суд дастлабки қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!