Меню
Қашқадарё
ҚУРУВЧИГА ОБЪЕКТ ТОПИБ БЕРИШ ЭВАЗИГА...
Бир муддат аввал Қарши туманидаги “Диёрбек Учқун” хусусий корхонаси раҳбари А.Б.нинг қурилиш объекти ололмаётгани ҳақидаги дарди ҳоли уни зумда ҳожатбарорга айлантириб қўяёзди. Шу баҳона мўмай даромадли бўлиш илинжи тинчини йўқотди. Таниш-билишларини ишга солиб, А.Б.га объект олиб бермоқчи бўлди.
Қурилиш объекти олиш масаласини ҳал қилиш эвазига эса 14 минг АҚШ доллари сўради. Шунинг 10 минг доллари ишни ҳал қиладиган кишига, қолгани ўзининг хизмат ҳақи эканлигини таъкидлашни ҳам унутмади.
Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Келдиёр Норбоев Қарши шаҳридаги “Баҳром ота” чойхонасида айтилган пулнинг 9 минг АҚШ долларини олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Айни вақтда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Оқибатини ўйламай қилган тамагирлиги туфайли Келдиёр Норбоевнинг боши эгилди. Шахсий манфаати учун зиммасидаги масъулият ва бурчни унутган бундай кишиларнинг қонун олдида-ку жавоб бериши тайин, виждони олдида эса... Бунисини вақт кўрсатади.
Т.ПЎЛАТОВ