Меню
Қашқадарё
УРУШНИНГ ОҒРИҒИ ҲАМОН ЮРАКДАН КЕТМАЙДИ
1941-1945 йилларда Ўзбекистондан 1,5 миллион киши фронтга кетиб, 500 мингдан ошиқ жангчи ҳалок бўлган. Омон қолганларнинг ҳам кўпчилиги ногирон бўлиб, жисмоний, руҳий оғриқлар билан қайтишган.
Бугунги кунда Қарши шаҳридаги Қўрғонча маҳалласида истиқомат қилаётган 100 ёшли отахон Усмон бобо Донаев ҳам қаттол уруш хотираларини оғриниб сўзлайди.
- Оилада беш ўғилнинг кенжаси эдим, - дейди Усмон бобо. - Ўқитувчилар тайёрлаш курсида таълим бераётгандим. Тўсатдан уруш бошландию, тинч-осуда, фаровон ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетди. Беш ака-ука бирин-кетин фронтга жўнадик (кейинчалик беш ўғилнинг учтаси фронтдан қайтмаган). Мен 1942 йилда жангга кирганман.
1943 йил. Сафида оддий аскар Усмон Донаев бўлган қисм Украинанинг Харьков шаҳри остоналарида ҳаёт-мамот жангларида иштирок этарди. Шундай жангларнинг бирида Усмон Донаев қўлидаги гранатани портлатиб, душманнинг яқинлашиб келган бир гуруҳини йўқ қилади ва жуда катта қаҳрамонлик кўрсатади, аммо ўзи ҳам қаттиқ яраланиб, госпиталга тушади. Узоқ вақт даволанишдан сўнг икки қўлтиқтаёқ билан уйга қайтади.
Урушдан сўнг узоқ йиллар давомида халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилган Усмон бобо бугун фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқда.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.