Меню

Қашқадарё

07.05.2021 1753

УРУШДА ҲАҚИҚАТ БЎЛМАЙДИ!

Сараланган сатрлар

Ўтган асрда дунё халқлари инсоният тарихидаги энг қонли икки урушни бошдан кечирди. Биринчи жаҳон урушида 10 миллион одам ҳалок бўлиб, 20 миллион киши майиб-мажруҳга айланган бўлса, Иккинчи жаҳон уруши бундан-да бешафқат, бундан-да қирғинбарот бўлди - 60 миллиондан зиёд кишининг умри жанггоҳларда ўз поёнига етган бўлса, 90 миллиондан ошиғи яримжонга айланди. Иккинчи жаҳон урушида мамлакатимиздан 1,5 миллион киши қатнашиб, 500 мингга яқин юртдошимиз жанггоҳларда ҳалок бўлгани урушнинг нақадар даҳшатли эканини тасдиқлайди.

Уруш, у келтирган кулфату асоратлар табиийки бадиий адабиётда ҳам ўз ифодасини топган. Бу борада дунё бадиий сўз санъатида ҳам бебаҳо асарлар сероб. Улар тинчликнинг қадрини эслатиб туради мудом.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов гарчи урушга бормаган, жанггоҳларни кўрмаган бўлса-да, кўп асарларида уруш мавзусига эътибор қаратган. Аслида ёзувчи фашист Германияси совет иттифоқига ҳужум бошлаган йили таваллуд топган, демакки, унинг айни болалик чоғи фронт таъсири остида, ёшлиги уруш асоратлари билан кечган.

Адибнинг "Дафтар ҳошиясидаги битиклар" китобида бошқа мавзулар қатори уруш, унинг мазмун-моҳиятига ҳам теран назар ташланади. Фикрларки, инсонни чуқур мушоҳадага ундайди, урушларнинг нақадар бемаъни ва даҳшатли эканини яққол кўрсатади...

* * *

Кийик оч қолмаслик учун кўкат ейди. Аммо бир-бирини ўлдирмайди. Шер оч қолмаслик учун кийикни ейди. Аммо бир-бирини ўлдирмайди. Одам кўкатни ҳам ейди. Кийикни ҳам ейди. Кўнгил хуши учун шерни ҳам ўлдиради... Кейин... уруш қилиб, бир-бирининг бошини ейди.

* * *

Инсон шу қадар буюкки, унинг фазилатларини ўлчаш - дунёдаги энг баланд тоғнинг энг баланд чўққисига эмаклаб чиқиш заҳмати билан тенг. Инсон шу қадар тубанки, унинг иллатларини ўлчаш - дунёдаги энг баланд тоғнинг энг баланд чўққисидан эмаклаб тушиш заҳмати билан тенг.

* * *

Одам учта нарсанинг қадрини доим кечикиб билади. Ёшлик. Соғлик. Тинчлик.

* * *

Инсоният тарихи - урушлар тарихидан иборат. Эртакларда - уруш. Достонларда - уруш. Китобларда - уруш. Киноларда - уруш... Табақалар уруши. Фуқаролар уруши. Мамлакатлар уруши. Жаҳон уруши...

Олимларнинг ҳисоб-китобига қараганда, сўнгги олти минг йил ичида Ер куррасида 5700 марта уруш бўлган экан. (Майда-чуйда қабилалар жанжали бу ҳисобга кирмайди.) Яна ўша олимларнинг айтишича, одамзод ўртача олтмиш йил умр кўраркан. Бундан чиқди, инсон боласи ҳаёти давомида 57 йил уруш қилиб, уч йил "дам олар" экан. Астағфириллоҳ! Биз киммиз ўзи?!

* * *

Урушда ғолиб ва бахтли подшоҳ, ғолиб ва бахтли қўшин, ғолиб ва бахтли давлат, ғолиб ва бахтли тузум бўлиши мумкин. Аммо, ғолиб ва бахтли одам бўлмайди. Негаки, уруш одамни одам ўлдиришга мажбур қилади. Одам ўлдирган одам эса ҳеч қачон бахтли бўлмайди!

* * *

Қайси йил экани эсимда йўқ. Ҳарқалай, уруш битганига икки-уч йил бўлиб қолган эди. Ёш бола эдим. Ҳали мактабга бормасдим... Опамнинг тўйи бўлди. Ҳаммалари қиз узатиб кетишди. Уйда биз - ёш болалар қолдик. Қўрқиб-нетиб юрмасин, дедими, қўшни кампир бизникига чиқиб ётди.

Бу ёғи аниқ ёдимда... Жийда гуллаган эди. Супада қатор ётибмиз: акам, мен, укам... Энг чеккада қўшни кампир... Сутдек ойдин кеча. Ҳаммаёқ осуда. Чигирткалар нағма чалади...

Энди кўзим илинган экан, олисдан поезд ғилдирагининг тарақа-туруқ овози эшитилди. Кейин паровоз чўзиб "гу-у-ук" деди. Кампир, овози титраб, хитоб қилди:

- Ў-ў-ўл! Овозинг ўчсин, ў-ў-ўл!  Турғунимни қаёққа обкетдинг, жувонмарг! Обкеб бер ёлғизимни!

Кўрпадан мўралаб қарасам, кампир тиззасини қучоқлаб, ойга термилиб ўтирибди. Уйқум бутунлай ўчиб кетди. Анчагача жим ётдим-да, охири сўрадим:

- Пойиззи нега қарғаяпсиз, буви?

Кампир хўрсинди:

- Ухла, болам, ухла...

...Ўшандан бери ёз кечалари ҳовлида ётсам, олисдан поезд ғилдиракларининг шовқини, гудок товуши келса, тиззасини қучоқлаб ўтирган кампир кўз ўнгимда жонланади...

* * *

Урушнинг яхшиси бўлмайди. Аммо энг даҳшатли уруш - фуқаролар уруши. Негаки, у авлоддан авлодга "мерос" ўтиб, абадий давом этади!

* * *

Уруш билан беш кунда битадиган муаммо тинчлик билан беш йилда битса, иккинчи йўлни танлаш керак!

* * *

Афғонистонда уруш бўлди... Газеталарда сурат чиқади. "Қардош" юртга "озодлик" олиб борган шўро аскари танкда кетаяпти. Қўлида автомат...

Фахрланиб кетасан...

Яна сурат чиқади. Ханжар тишлаб олган душман... Кўзлари ваҳшийларча ёниб турибди...

Нафратланиб кетасан...

...Чеченистонда уруш бўлди... Газеталарда сурат чиқади. Ўғлидан келган "қора хат"ни ўқиб ўтирган маъюс ота... Темир тобутни қучоқлаб йиғлаётган ғамгузор она...

Ачиниб кетасан...

Ҳаммаси тўғри... Ҳаммаси ҳақиқат...

Фақат... Ўша газетада "қардош" юртга "озодлик" олиб борган зобит зўрлагани учун номусига чидолмай ўзини осиб қўйган афғон қизнинг сурати чиқса нима бўлади? Бомбадан парча-парча бўлиб кетган беш яшар қизалоғи устида дод солаётган чечен аёлнинг сурати чиқса-чи?..

Уруш, ҳатто ҳақиқатнинг қиёфасини ҳам тескари қилиб қўяди...

Урушда ҳақиқат бўлмайди!

* * *

Бир замонлар урушда аскарлар ўлса-ўлгандир. Ҳозирги урушда қурол кўтаргандан кўра қурол кўтармаган кўпроқ қирилади. Замонавий қуроллар окоп билан болалар боғчасининг, аэродром билан туғруқхонанинг фарқига бормайди!

* * *

Инсон - ақлли. Инсон - донишманд... Шу қадар донишмандки, хат-саводи чиқмай туриб, омоч ўйлаб топди... Ғилдирак ихтиро қилди... Нарвон... Кейин сувда сузди. Осмонда учди. "Ойнаи - жаҳон"ни яратди... Кўп бедаво дардларга шифо топди. Қадами Ойгача етди...

Инсон - ақлли. Инсон - донишманд... Шу қадар "донишманд"ки, бир зарб билан бутун бошли шаҳарни култепага айлантирадиган атом бомбасини ўйлаб топди. Шу қадар "донишманд"ки, бир зарб билан бутун бошли мамлакатни ер билан яксон қиладиган водород бомбасини яратди. Шу қадар "донишманд"ки, бир зарб билан миллион одамни, мол-ҳолни, қурт-қумурсқани қириб ташлаб, "жонсиз" бойликларга - уй-жой, мол-мулк, олтин-кумуш, темир-терсакка зиён етказмайдиган "ақлли" нейтрон бомбасини кашф этди... Шу қадар "донишманд"ки, бир томчиси ҳавога пуркалса етмиш одамни тил торттирмай ўлдирадиган "У-Х" деган заҳарни ихтиро қилди ва... ўша заҳри қотилнинг 15 минг тоннасини ғамлаб қўйди...

Бу қурол билан етти юз миллиард одамни қириб ташлаш мумкин экан!

Ҳолбуки, Ер куррасида беш миллиард одам яшайди... (Китоб 1998 йилда чоп этилган - таҳририят).

...Инсон - ақлли. Инсон - донишманд. Инсон - телба!

* * *

Одамхўрлик - каннибализм, беш аср аввал барҳам топган, дейдилар... Ундай эмас.

Модомики, ер юзида уруш балоси бор экан, шунинг ўзи одамхўрликдир.

* * *

Уруш деган палакатни, кўпинча, калтафаҳм сиёсатдонлар ўйлаб топади. Тўнкамижоз генераллар бошлайди. Жабрини эса бегуноҳлар тортади... Бегуноҳ аскар. Бегуноҳ ота. Бегуноҳ она. Бегуноҳ келин. Бегуноҳ гўдак...

* * *

Болта билан қалам бир-бирига ўхшайдиган буюмлар эмас. Аммо хизмати жиҳатидан анча яқин туради.

Болта - қотил қўлида ўлим қуроли. Ўтинчи қўлида меҳнат қуроли. Ҳунарманд қўлида санъат қуроли.

Қалам - ҳасадгўй қўлида ўлим қуроли. Саводхон қўлида меҳнат қуроли. Истеъдод қўлида санъат қуроли.

* * *

Ҳасад ўсиб-ўсиб ғаразга, ғараз - фитнага айланади. Фитна эса ҳар қандай разолатнинг онасидир.

* * *

Эътибор берганмисиз: қалдирғочлар файзсиз, ноаҳил хонадонга ҳеч қачон ин қурмайди. Гоҳо қалдирғоч одамдан ақллироқмикин, деб ўйлаб қоламан.

* * *

Тарихчиларнинг ёзишича, "оқпошшо" Александр Иккинчи олий ҳазратлари кўп адолатпеша бўлган эканлар.

Черняев айни саратонда Тошкентни қарийб икки ой сувсиз қолдириб қамал қилганини, шаҳарга бостириб киргач, мункиллаган кампирлару, бешикдаги гўдаккача аёвсиз қирганини эшитиб, подшои олам қаттиқ ранжибдилар. Шу қадар хафа бўлибдиларки, Черняевни капитанлик унвонидан маҳрум қилиб... генерал унвонини берибдилар. Банди бриллиант билан жилоланган олтин қилич ҳадя қилибдилар...

Бир "бечора"ни "жазолаш" бўлса, шунчалик бўлади-да.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!