Меню
Қашқадарё
УРУШ РАК ВА СИЛ КАБИ ХАВФЛИ КАСАЛЛИККА ЎХШАЙДИ. БИРОҚ УНИНГ ШАКЛУ ШАМОЙИЛИ ЯНАДА ДАҲШАТЛИРОҚ
Сараланган сатрлар
Урушга қарши асарлар ҳақида гап бораркан, Эрих Мария Ремаркнинг "Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ" романини эсламаслик мумкин эмас. Ремарк ўсмир ёшидаёқ Биринчи жаҳон уруши фронтларида жанг қилган, яраланиб, ортга қайтишга мажбур бўлган. Шундан кейинги бутун фаолияти инсониятни уруш даҳшатларидан огоҳ этишга қаратилган. "Уч оғайни", "Лиссабондаги тун", "Ортга йўл", "Қора ҳайкал", "Жаннатдаги соялар", "Зафар дарвозаси" каби асарларида ёшлиги жанггоҳларида йўқотилган, тинч ҳаётга мослаша олмаган авлод фожиаларини қаламга олади.
Ремарк ортиқча таърифу тавсифга муҳтож бўлмаган адиб. Унинг асарларини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш керак - токи улар тинчлик қадрини теран англашсин. Умрининг навқирон дамлари фронтда увол кетган инсонлар кечмишидан хулоса чиқаришсин...
* * *
Улар ҳамон мақолалар ёзишар, нутқлар сўзлашарди, биз эса кўчма шифохона-ю жон таслим қилаётганларни кўриб улгургандик; улар ҳамон Ватанга хизмат қилишдан ортиқ олий неъмат йўқ, дея айюҳаннос солишарди, биз эса ўлим даҳшати ундан-да кучлироқ эканини билардик. Аммо бу билан бирортамиз қочоқ, исёнчи ёки қўрқоқ бўлиб қолганимиз йўқ (бундай сўзлар оғизларининг бир чеккасидан чиқиб кетарди, уларнинг): Ватанни улардан кам севмасдик, жангга кираётиб бирор марта тиззамиз қалтирамаган; аммо энди ниманидир фарқига етамиз, гўё бирдан улғайиб қолгандай бўлдик.
* * *
Бараклардан нағма садоси эшитилади. Баъзан қартани бир четга суриб, бир-биримизга тикилиб қоламиз. Шунда биттамиз: "Эҳ, болалар жувонмарг кетди-да..." ёки: "Бундан баттар бўлиши ҳам мумкин эди-ку", - деймиз. Шундай деймизу, ўйга толамиз. Ҳар ким ичидан ўтганини ўзи билади, гап-сўз ортиқча. Ҳозир бу ерда ўтирмаслигимиз ҳеч гап эмас эди-да, ё алҳазар, ўлиб кетишимизга бир баҳя қолганди-я! Бинобарин, шу тобда атрофимиздаги ҳамма нарса - лолақизғалдоқлар ҳам, еган овқатимиз, кечки шабада ҳам бениҳоя азиз туюларди.
* * *
Францнинг афтига қараб бўлмайди - дока. Тирик одамга ўхшамайди. Гўё жони вужудининг аллақайси бурчига биқиниб олгану энди танасини аста-секин ўлим ишғол қилаётгандай. Ажал шарпаси кўзларини забт этиб бўлган. Мана, кечагина ёнимизда хахолашиб юрган, окоп азобларини бирга тортган жанговар дўстимиз рўпарамизда чўзилиб ётибди - худди ўзи, шундай дейман-у, лекин у энди ўзига ўхшамайди. Башараси ҳозир бир кадрга кетма-кет икки марта туширилган, чаплашиб кетган суратни эслатади. Овози ҳам ўзгариб қолган.
* * *
Ўша биздан каттароқларнинг ўтмиши ёдида, оёқлари заминдан узилмаган, уларнинг оилалари, бола-чақалари, касб-корлари ва орзу-ниятлари бор, бу ришталар шу қадар мустаҳкамки, уруш бу ришталарни парчалаб ташлаёлмайди. Бизда-чи? Бизда нима бор? Ота-она, кимларнингдир севган қизлари бор, холос. Йигирма ёшда ота-онага меҳр андак сусаяди, қизларга эса ҳали беписандроқ қаралади. Нима кўрибмиз биз: осмоний ҳою ҳавас, баъзи бир нарсаларга ишқибозлик ва мактаб - бошқа нимани биламиз? Мана энди, шулар ҳам йўққа чиқиб турибди.
* * *
Кафтни чаккада қотириш, ғоз туриш, ҳадеб юришни машқ қилиш, милтиқни маълум вазиятда тутган ҳолда табриклаш, бетиним гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга бурилиш, пошналарни уриштириш, ҳақорат ва айбситишларга чидаш, - ё Парвардигор! - лекин биз бурчимизни тамомила бошқача тасаввур этардик, бизни мислсиз жасоратларга ўргатишади, деб кутгандик. Начора, бориб-бориб бунга ҳам кўникдик. Ҳатто, бу машғулотларнинг айримлари фойдали эканини ҳам тан олдик, лекин қолганлари фақат халақит берадиган ортиқча даҳмазалар эди. Аскар бунақа нарсаларни тез илғайди.
* * *
Казарма ҳаётининг азобларини хўб тортдик, алам қилганидан баъзан додлаворай дердик. Биров соғлиғини йўқотди, Волф эса зотилжамга чалиниб, ҳаётдан кўз юмди. Таҳқирландиг-у, лекин таслим бўлмадик. Биз тошбағир, ҳеч нарсага ишонмайдиган, қаҳри қаттиқ, қасоскор, қўрс одамларга айландик, бир ҳисобда яхши бўлган экан: бизда худди мана шу хислатлар етишмас эди. Мабодо, обдон чиниқтирмасдан тўппа-тўғри окопларга жўнатишганда кўпларимиз ақлдан озиб қолардик. Ҳозир эса ҳар қандай кўргуликка тайёрмиз.
* * *
Кучукни картошка ейишга ўргатиб, кейин олдига бир парча гўшт ташласанг, у албатта гўштга интилади, чунки қонига сут билан кирган. Агар инсонга жиндай амал берсанг, у билан ҳам худди шу ҳол юз беради: амалга маҳкам ёпишади. Бу ҳолат ғайриихтиёрий равишда содир бўлади, сабаби, инсон ҳам ҳайвонтабиат мавжудот, сирти бошқача, холос. Устига сариёғ суртилган қора нондан фарқи йўқ. Бутун ҳарбий хизматнинг моҳияти шундан иборатки, бу ерда бир одамнинг устидан иккинчисининг ҳукмронлиги жорий этилган. Бу ҳуқуқнинг чекланмаганлиги чатоқ; кичик зобит оддий аскарни, лейтенант - кичик зобитни, капитан - лейтенантни зир югуртириши мумкин. Бунақада ақлдан озиб қолиш ҳеч гапмас. Энг ёмони, ҳар бири шунга ҳаққи борлигини билади, бинобарин, кўнглига келган номаъқулчиликни қилаверади.
* * *
Машқдан қайтяпмиз, итдай чарчаганмиз. Бирдан буйруқ янграб қолади: "Қўшиқ айт!" Бошлаймиз, лекин овозимиз бир чиқиб-бир чиқмайди. Милтиқни зўрға кўтариб келяпмиз-у, қўшиққа бало борми?! Бизни жазолаш учун ротани орқага қайтариб, яна бир соатча машқ қилдиришади. Энди йўлга тушганимизда яна ўша буйруқ: "Қўшиқ айт!" Бу гал астойдил айтамиз. Хўш, бунда нима мантиқ бор? Шунчаки, рота командири айтганини қилдирди, ҳуқуқи бор-да. Бунинг учун унга ҳеч ким танбеҳ бермайди, қайтанга, ҳақиқий зобит сифатида обрўйи ошади. Бу ҳали ҳолва, улар аскарга азоб беришнинг бундан баттар усулларини ҳам ўйлаб топишади. Қани, айтинглар-чи, ҳарбиймас қайси амалдор, майли, жудаям катта амалдор бўлсин, хўш, қайси бири шунақа иш қилади? Қилолмайди. Бунақа бемазагарчилик фақат ҳарбийлар орасида бор! Погон тақмасдан олдин қанчалик пашмалоқ одам бўлса, бу ерда шунчалик осмонга сапчийди.
* * *
Буни кўпинча ҳавога йўярдим: портлаш зарбидан фронт ҳавосининг титраши бизни ҳам титроққа солади, деб ўйлардим. Эҳтимол, бунга фронтнинг ўзи сабабчидир - чунки фронт аллақандай номаълум асаб учларини қитиқловчи электр токига ўхшаш нарсани тарқатади.
* * *
О, ер, замин, тупроқ!
Замин! Сенинг чопиб келиб, юмронқозиқдай яширинадиган ўнқир-чўнқирларинг, жарликларинг бор! Ўлим даҳшатидан, ўқлар ёмғиридан, юракни музлатиб юборадиган портлашлардан жон талвасасига тушган пайтимизда сен бизга қайтадан ҳаёт бахш этгансан! Бурда-бурда бўлиб кетишига бир баҳя қолган, ақлдан оза бошлаган фарзандларинг саросимасига ҳеч қачон бефарқ қарамагансан ва мана шу дардкашлигинг сабабли биз бағрингга баттарроқ ёпишганмиз, бир лаҳзага бўлса ҳам, омон қолганимиз шукронасига юзингга лабларимизни босганмиз.
* * *
Дастлабки портлашларнинг гумбур-гумбуриёқ ҳаётимизнинг бир бўлагини минг йиллар орқага суриб ташлайди. Бизда ҳайвоний сезги уйғонади - бутун хатти-ҳаракатларимизни ана шу сезги бошқаради, ана шу сезги бизни қўриқлайди. Бунда олдиндан англанган ҳаракат йўқ, бу сезги онгдан кўра тезроқ, онгдан кўра дадилроқ ва бехатороқ ишлайди. Буни тушунтириб бўлмайди. Мана, масалан, ҳеч нарсани ўйламасдан, бамайлихотир кетяпсан, бир маҳал қарасанг, чуқурда ётибсан, орқа томонингда эса портлаган снаряд парчалари ёғиляпти, аммо яқинлашаётган снаряд овозини эшитганингни ёки лоақал ерга ётиш кераклиги ҳақида ўйлаганингни эслай олмайсан. Агар фақат эшитиш қобилиятингга ишонганингда сендан атрофга сочилиб кетган бурда-бурда гўштдан бошқа ҳеч нарса қолмасди. Йўқ, бу бошқа туйғу - бу олдиндан билишга ўхшаган, ҳаммамизда мавжуд сезги; шу сезги аскарни бирдан юзтубан ётишга мажбур қилиб, уни ўлимдан асраб қолади, лекин нима бўлаётганини аскарнинг ўзи англамайди.
* * *
Мен ёшман - эндигина йигирмага кирдим, лекин кўрганларим - қон, ўлим, қўрқув ва мудҳиш азоб-уқубатдан иборат нурсиз, бемақсад ҳаёт бўлди. Кимдир бир халқни иккинчисига гиж-гижлайди, одамлар бировнинг иродасига бўйсуниб, бир-бирларини ўлдирадилар, лекин жиноят қилаётганликлари ва гуноҳга ботаётганликлари ҳақида ўйламайдилар. Инсониятнинг энг доно вакиллари янги-янги қуролларни яратадилар ва буни оқлаш учун қоп-қоп сўзларни топадилар. Жазосини биз тортамиз, ер юзидаги жамики тенгдошларим тортишади. Вақт-соати келиб, қабрдан бош кўтарсаг-у, ота-боболаримиздан ҳисоб сўрасак, нима деб жавоб беришаркин?
* * *
Уруш рак ва силдай, грипп ва ичбуруғдай хавфли касалликка ўхшаркан. Фақат урушда ўлим кўпроқ бўлади, шакл-у шамойили ҳам даҳшатлироқ.
* * *
Гўё биз қачонлардир турли мамлакатларнинг бошқа-бошқа тангалари бўлганмиз; кейин уларни эритиб, бир хил тамғали тангалар ясашган. Фарқига бориш учун ўша тангалар қандай металлдан қуйилганини синчиклаб текшириш зарур. Биз энг аввало аскармиз, вужудимизнинг аллақайси бурчида инсонга хос хислатлар бир мўъжиза билан сақланиб қолган.
* * *
Ҳар томондан хавф солаётган ажалга чап бериш ҳаётимизнинг моҳиятини ташкил этади. Бу ҳаёт бизни ақлли жониворларга айлантирган. Равшан фикрлаш оқибатида юз бериши мумкин бўлган васвасаларнинг олдини олиб, вужудимизни карахт қилиб қўйган. Ёлғизлик гирдобига тушиб қолмаслигимиз учун биродарлик туйғусини ато этган. Бу ҳаёт бошимизга ёғилган жамики кўргуликларга аччиқма-аччиқ, йилт этган ёруғ сониялардан лаззатланиш ва ушбу ҳузур-ҳаловатни танҳолик сиқувига қарши ҳимоя воситаси сифатида асраб-авайлашимиз учун танамизга ёввойи одамнинг лоқайдлигини сингдирган.
* * *
Майли, ойлар ўтсин, йиллар ўтсин - вақт мендан ҳеч нарсани тортиб ололмайди. Шу қадар танҳоманки, дунёдан умидимни узиб қўйганман. Лекин мени машаққатли йиллар орасидан опичлаб ўтган ҳаёт томирларимда гупуриб турибди. Бошимга тушган савдоларни енгиб ўтолдимми-йўқми, билмайман. Ҳозирча тирикман, ўлмаган қул бир кунини кўради.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.