Меню
Қашқадарё
УРУШ ҲЕЧ ҚАЧОН ЎЗИНИ ОҚЛАЙ ОЛМАЙДИ
Сараланган сатрлар
Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан турфа тадбирлар ташкил этилаётган айни кунларда кўпларнинг дилида бир ҳақиқат жаранг сочаётган бўлса не ажаб: уруш кўрган халқ сифатида тинчликнинг қадрини теран англаймиз. Боиси, халқимиз ўтган асрда дунёнинг бошқа миллатлари қатори иккита жаҳон урушига бевосита ва билвосита гувоҳ бўлди. Асрнинг сўнгги чорагида совет иттифоқи бошлаган мантиқсиз афғон урушидан минглаб ўзбек йигитларининг тобути юртга қайтди...
Афғон урушида қатнашганлардан бири ёзувчи Қўчқор Норқобилдир. У кўп китобларида уруш манзараларини тасвирлаган, бевосита ўзи қатнашган жанг тафсилотларини баён қилган: албатта бировни қўрқитиш учунмас, огоҳлик даъвати ўлароқ осойишталикнинг қадрига етиш, урушсиз кунлардан тўғри, мақсадли, манфаатли фойдаланиш...
Биз ёзувчининг "Дарё ортидаги йиғи" асаридан эътиборга молик лавҳаларни сараладикки, улар сизни эътиборсиз қолдирмаслигига ишончимиз бор.
* * *
"Сен у ёқдалигингда отанг шўрлик чўкиб қолди. Бир куни сендан хат келганда устунга суяниб ўқиди. Кўзлари ғилтиллади. Бизни кўрмасин, деб ичкарига кириб кетди. Эркакнинг йиғлагани ёмон бўларкан, болам. Шундан попиросга ҳам ружу қўйди..."
* * *
Уруш мурдалардан ҳайбатланади. Қонни севади. Руҳингга карахтлик тамғасини босади. Дийдангни қотиради. Шунда сенда шубҳа туғилади: кўксингдаги тоғми ё.. Уруш ҳеч қачон ўзини оқлай олмайди. Айниқса, Афғондагиси. Қалтис сиёсатнинг қайроғидан ўткирлашган ойболта янглиғ тириклик илдизини кесиб лаззатланаверади. Илоё, томирига ўт тушсин урушнинг. Мен Афғонни қазилган ўрага ўхшатаман. Унда сену биз ётибмиз. Бу урушнинг "ижодкор"лари тепамизда нури сўнган нигоҳимизга қарашга ботинолмай туришибди энди. Қўлларида белкурак. Кўмай десалар, кўзларимизга тупроқ ташлашдан қўрқишади...
* * *
Ҳар куни ошхонада идиш-товоқ ювишу омборхонадан озиқ-овқат ташишга бораверишдан кўра хавотиру қизиқиш аралаш ҳақиқий жангга боришни афзал кўраётгандик. Ким билади, инсон ҳамиша ўз олдида содиру муқаррар воқеаларни кўришга шошилаверар?
* * *
Баграмда бошқа вилоятлардаги каби қалъалар кўп экан. Улар энди оқараётган тонг қўйнида жудаям салобатли ва сирли кўринади. Сукутдан этинг жимирлайди. Аллақандай, ҳали сенга номаълум, лекин бўлиши муқаррар ваҳима ҳоким. Дилинг бетаскин. Қалбингда ғулу. Хавотир ҳар дақиқа хуруж қилаверади. Бўлажак хавфу хатар олдида шайланиш нақадар оғир кечади.
* * *
Портлаган жойга қандай борганимни билмайман... Чуқурча ёнида бир оёғи чўрт узилиб кетган Вася дунёни бошига кўтариб додларди. У яримжон танасини уёқ-буёққа ташлаб, боши билан ер чизар, чидаб бўлмас аянчли аҳволда эди. Нималар деяётганини тушуна олмадим. Командир зудлик билан қон сизмаётган жойига игна санчиб, оғриқни қолдирувчи суюқлик юборди. Ярадор кўп ўтмай тинчиди...
* * *
Нонуштаси заҳарга айланган жангчилар эс-ҳушини йўқотиб қўйди. Энг ёмони руҳан зарба емоқда эдик. Ҳеч қанака отишмасиз, оғир аҳволда қолдик. Худди кўзи кўр одам сингари талмовсираш жудаям аянчли эди. Бир қадам хато юрсак, портлаймиз. Танамиз тилка-пора бўлади, наслимиз қурийди. Бу - шармандали урушнинг яна бир шармандали кўриниши, инсон ҳаётининг сариқ чақага ҳам арзимаслиги, хўрлик устига хақорат муҳрининг босилиши эди.
* * *
Афғон баҳори ҳам ўзимизникидай бўлади. Қисм атрофидаги ўрикзор оқ гулга бурканган тиниқ кунлар бошланди. Яқинимиздаги қишлоқда болаларнинг қий-чуви эшитилар, ҳавони тўлдириб варраклар учарди. Гўё бу ерларда уруш бўлмагандай...
Биз баҳорни ҳеч қанақа рейдсиз ўтказишни истардик. Начора. Уруш ҳеч нарса билан ҳисоблашмайди. Ҳарҳолда бу ерга курортга келмаганимизни ҳис қилардик. Шу боисдан баҳор ҳам омонат эди.
* * *
Даҳшат... Кимдир урушда қурбон бўлиб жон берсаю, кимдир бойиб қайтса бу ердан.
* * *
Ротадаги зобитларга агар дала машқида юқоридан, юлдузи йириклардан кимдир қатнашгудай бўлса кун туғарди. Хуллас, оддий аскардан тортиб рота командиригача ўша кундан эсон-омон қутулиб олишни ўйларди. Ҳеч ким ротанинг нуфузли зобит олдида шарманда бўлишини, полкда бу ҳақда овоза тарқалишини истамасди. Тўғри-да, шунча жангу жадалларда бели қаттиқ келган аскарлар учун аллақандай машқда - уруш-уруш ўйинида изза бўлишдан ортиқ уятли ҳол бормикин?!
* * *
Ҳозир биз томонларга ҳам яшиллик югургандир. Ишқилиб мен боргунча катта энам ўлмай турсин. Бечоранинг кўзлари хира тортиб қолганди. Отам нима қиляптийкин? Ҳали ҳам бировларнинг боғини юмшатиб пул топаяптимикин? Энди, эсон-омон уйга борсам, отамнинг ёнида бўламан. Аввалларидай сираям уялмайман. Боғ юмшатишга, пахса уришга кўмаклашаман. Ўз кучинг билан пул топсанг, нимаси уят. Қишлоқнинг қизлари деб, отам билан мардикор ишлашни ор билибман. Шўрлик етти болани боқаман деб, силласи қуриб бўлди. Начора, даланинг қирқ-ўттиз сўмига қараб бола боқиб бўлармиди? Менинг бечора отам, кимнинг боғида ишлаяпсиз ҳозир? Отажон, мен ўлсам Сизга янаям қийин бўлади, чўкиб қоласиз. Мени шу умидда бировларнинг хизматини қилиб улғайтибмидингиз? Оғзингиз энди ошга тегаман деганда тўнғичингиздан айрилиб ўтирсангиз. Қишлоқдошларим айтса керак: "Бечора боласининг ҳузурини кўрмади, қиёмат бўлди. Ҳар банданинг раҳмини ўзинг е, қодир эгам!"
* * *
Панжширдан бошқа тоғларда отишма камроқ юз беради. Аммо ҳар қандай жангда ҳам кимдир ҳалок бўлиши керак. Ким у? Ким? Балки... Хаёлимга келган фикрдан қўл-оёғим бўшашиб кетди. Мен ўлишни истамайман! Ҳар қандай вазиятда ҳам омон қоламан. Ота-онам ҳузурига, юртимга соғ қайтаман. Отамнинг суянгани - мен. Эй худо, ишқилиб шу ерларда ўлиб кетмайин...
* * *
Қизиқ, инсон боласи икки-уч ой ичида кексайиб, қурол ишлата билиш керак пайти ўзини ўзи ҳимоя қилиш даражасида чаққон ва эпчил кишига айланиб қолиши мумкинми? Урушда ҳар нарса содир бўлади, уруш одамларни қисқа вақт ичида, умуман бошқача қиёфага солади. Этигини тозалашни зўрға эплаётган анави нимжон Михайлов ҳам икки-уч марта жангга қатнашиб, кўзи пишгач, ерга урсанг кўкка сапчийдиган бўлиб қолади. Ҳали бошига не савдолар тушишидан бехабар бояқиш.
* * *
Ташқарига чиқдим. Ёмғир ҳамон босиб ёғар, осмоннинг қовоғи баттар тунд эди. Бундай пайт ҳеч жойга сиғмайсан. Қаерларгадир бош олиб кетгинг келади. Мен ҳарбий хизматдан олдинги истакларимга эришажак кунларни қўмсаётгандим. Қанийди ҳозир қишлоғимнинг қоқ ўртасида бўлиб қолсам! Уст-бошим шалаббо бўлиб кетса ҳам, ҳар бир сўқмоғини яёв айланардим. Узумзорларда токлар энди барг чиқазиб қолган. Сен эса охири кўринмас узумзорни ёмғирда оралаб юрибсан. Оёқларингга сақичоқ лой ёпишиб, ғалати овоз чиқаради. Юрган сайин юргинг келади. Кетаверасан, то ҳолдан тойгунингча. Йиқилсанг... Нима қипти? Она қишлоғингнинг ери. Ўзингники... Узала тушмоқ ҳам жонга роҳат.
* * *
Доимо инсон учун юрагини олдириб қўйган бирор ишни қайта такрорлаш азоб бўлади. Чунки кўнглинг безиллаб қолади. Урушда ҳам бир талафот еган жойга қайта оёқ босиш учун нечоғлик даҳшатли ҳолни бошдан кечирмоқ керак. Назарингда, рўпарангдан ўлим чиқиб қоладигандай бўлаверади. Ҳар бир лаҳзада куннинг битишини, шу ёруғ дунёни кўриш бошқа насиб этмаслигини кўнглингда туйиб туриш нақадар қийин. Бутун борлиғингни нимадир таталайверади. Сени ўзингга ўхшаган яна бир махлуқ кузатиб тургандай туюлаверади. Ичингда хуруж қилаётган, тоғ янглиғ улканлашаётган қўрқувни бекитмоқчи бўласан. Ўзинг билан ўзинг олишиб, ироданг деворлари емирила бошлайди.
* * *
Урушда одамий қиёфада бўлмайсан, ҳаммаси тугагачгина сен ҳам инсон эканлигинг, ҳақоратланганинг ёдингга тушади. Хотира азоби, деган бир оғир дард ҳаётингнинг энг сўнгги лаҳзаларигача сенга азоб бераверади, англайсанки, уруш доимо ғалаба қилиб келган, урушда қатнашганларнинг бари мағлуб бўлиб дунёдан кўз юмадилар...
* * *
Жангчиларнинг яшагиси келарди. Биз истак-хоҳиши Ватан ниқобини кийган давр сиёсати қўлида эзғиланаётган шўрпешоналар эдик, холос. Бизни шармандаларча алдадилар, руҳан мажруҳ қилиб ташладилар, энди билсам. Қисқаси, Кремлнинг гуноҳлари бўйи баробар юксалаётган эди. Негаки бу ёқларда эндигина оқ-қорани таниётган йигитлар қирилаётган эди, тириклар ҳам ўлиб бўлган эди.
* * *
Уруш инсоният ақлу идрокига бўйсунмай қолиши, унда ҳам ўзига яраша шаккоклик мавжудлигини англадим. Бу шаккоклик Ер юзидаги жами фожиаларнинг энг улкани ҳамда энг мусибатлиси. Энг мусибатли деганимнинг сабаби шуки, урушда бир ёки ўнлаб эмас, юзлаб, минглаб, ўн минглаб одамларнинг ҳаёти бир лаҳзадаёқ интиҳо топади. Уруш учун инсон умрининг тугаши; тириклик булоғининг қуриши ҳеч қачон фожиа саналмайди. Уруш - ўлмак демакдир. Одамлар ўз оёқлари билан унинг қаршисига борадилару, энди ўлишлари муқаррар эканлигини ҳис қилишгач, эсанкираб қоладилар. Бу ерда кишилар бир-бирининг бошига етмайдилар, аксинча уруш уларнинг ҳаётига зомин бўлади. Урушга сен қотилсан, дейиш аҳмоқликдир.
НАСРИДДИН тайёрлади.