Меню

Қашқадарё

14.06.2019 1580

УРУШ ЎЧОҒИДАН ҚАЙТГАНЛАР ШУКРОНАСИ

Турли йўллар билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган ва "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти туфайли юртимизга қайтарилган ушбу инсонларнинг 4 нафари вилоятимиздан.

Улар бир муддат Тошкент вилоятида жойлашган "Бўстон" сиҳатгоҳида бўлиб, саломатликларини тиклашди ва куни кеча вилоятимизга қайтишди. Қарши темир йўл вокзалида ушбу фуқароларни яқинлари, масъул ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари кутиб олишди.

- Асли Қарши туманиданман, - дейди Суриядан Қашқадарёга қайтган аёллардан бири Меҳринисо Назарова. - Алданиб шу куйга тушдик. 2011 йилда турмуш ўртоғим билан бирга Сурияга боргандик. 8 йил давомида кўрмаган азобим, тортмаган жабру жафом қолмади. Ўғлим ўшанда ёш гўдак эди. У ҳам ана шу азоблар ичида яшади. Икки йил аввал турмуш ўртоғим вафот этди. Ҳар дақиқада ўқ овозлари ичида, доимо ўлим хавфини ҳис этиб яшардик. Муҳтожлик, очликдан жуда қийналдик, яшашга ҳолимиз қолмаганди. Бизга ишонч билдириб, юртимизга қайтарган Президентимиздан, халқимиздан бир умр миннатдормиз ва уларнинг ишончини оқлаш учун қўлимиздан келадиган барча ишларни қилишга тайёрмиз.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, "Меҳр" амалиёти Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан, бевосита Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан амалга оширилган тадбир бўлиб, у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этилган ҳолда, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилди. Эндиликда юртимизга олиб келинган фуқароларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!