Меню
Қашқадарё
ҒУРУРИ ТОҒДЕК ЎЗБЕК ҚАҲРАМОНИ
Ана шу уруш йиллари кексалар, хотин-қизлар, ҳатто ёш болаларга қадар бор кучу ғайрати билан фронт ортида меҳнат қилган бўлса, миллионлаб ўзбек ўғлонлари аёвсиз жангларда бевосита иштирок этиб, мардонавор ҳаракат қилган. Маълумотларга кўра, ўша вақтда Ўзбекистоннинг 6,5 миллион аҳолисидан 1,5 миллионга яқини урушга жалб қилинган. Бир неча юз минг ўзбеклар жанггоҳларда мардларча ҳалок бўлган, жуда кўплари ярадор бўлиб уйларига қайтган. Кўплаб ўзбек ўғлонлари эса бедарак кетган. Уларнинг ҳар бири мард эди, қаҳрамон эди.
- Халқимизга хос ғурур, номус ҳам йигитларимизни душманга қарши жангга ундарди, - дейди Шаҳрисабз туманининг Шанбе қишлоғида истиқомат қилаётган 98 ёшли отахон, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ғаффор бобо Сатторов ўша оғир йилларни хотирлаб. – Мен ҳам ана шу йигитлар қатори урушнинг дастлабки кунларидан жангга отланганман. Бизни аввал Москвага олиб боришди. У ерда олти ой давомида ҳарбий тайёргарлик ўтадик. Кейин эса Ленинград ва Вена шаҳридаги оғир жангларда иштирок этдим. Уч маротаба яраланиб, яна жангга қайтганман. Тўртинчи маротаба эса ўқ оёғимни тешиб ўтганди. 9 ой давомида даволандим. Бироз ўзимга келгач, жавоб беришди, аммо ғалабасиз уйга қайтишни истамадим. Чунки қийналиб бўлса-да, мустақил юра олардим. Шу тобда жанггоҳни ташлаб келишга ғурурим йўл қўймади.
“Яратган эгам умримни, ризқимни берган бўлса жангда ғалаба қилиб кетаман, бўлмаса ўлимга ҳам розиман”, дея ўз аҳдида қатъий туриб олган бу қайсар, ғурури баланд ўзбек ўғлонини командирлари яна ортга қайтаришади. Ярим жон билан жангга кирган Ғаффор Сатторов шу ҳолда ҳам кўплаб тўқнашувларда жасорат кўрсатади. Бир сафар у икки-уч нафар сафдоши билан немис аскарлари паноҳ топган кулбага яширинча бостириб кириб, душманнинг номдор зобитларини қўлга олган. Шунингдек, яна бир қанча тўқнашувларда душман қўшинларига катта талафот етказиб, кўплаб орден ва медаллар билан тақдирланди.
Ғаффор Сатторов ўзи истаганидек, 1945 йилда урушни тугатиб, уйга қаҳрамон бўлиб қайтди. Шундан сўнг бор кучини, ғайратини ишга, оилага, фарзандлар тарбиясига бағишлади. Бугун бу пиру бадавлат отахон 8 фарзанди, 44 нафар невара, 80 дан зиёд чеваралари эъзозида. Ота эса уларнинг тинч, осойишта кунларда яшаётганига шукрона қилади. Ҳар бир дуосида элга, юртга фаровонлик, тинчлик, хотиржамлик сўрашдан чарчамайди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.