Меню

Қашқадарё

05.03.2019 1711

ҚУРУҚ ҲИСОБОТЛАРГА ТИРКАЛГАН ИЖРО АМАЛДА НИМАНИ ЎЗГАРТИРАДИ?

Ҳужжат номидан ҳам аён, мақсад - ҳудудни равнақ эттириш, комплекс ривожлантириш эди. Бунда ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмай, аҳоли турмуши учун мақбул шароит яратишдан тортиб, одамлар даромади ва бандлигини оширишгача - барчаси кўзда тутилганди. Айни мақсад рўёби учун эса 2016-2018 йилларга мўлжалланган пухта дастур ҳам тасдиқланди.

Унга кўра, ҳудудда тегишли даврда 336 миллиард сўм маблағ ҳисобига 1000 дан зиёд лойиҳа амалга оширилиши ҳамда 3600 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши белгиланганди. Жумладан, саноатда 89 та, қишлоқ хўжалигида 289 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 188 та истиқболли лойиҳа ҳаётга тўла татбиқ этилиши лозим эди. 212 та лойиҳа эса туманнинг ирригация-мелиорация тизими ва аграр сектори бошқа соҳаларини кўтаришга, 238 таси инфратузилмани жадал ривож топтиришга, яна 22 таси ижтимоий соҳани оёққа турғазишга хизмат қилиши кўзда тутилганди. Ташаббускорлар, масъуллар, молиялаштириш манбалари ҳам аниқ кўрсатилганди.

НЕГА АЙНАН НИШОН ТУМАНИ?

Шу ўринда қайд этиш жоиз, алоҳида бирор ҳудудни олиб, уни ҳар жиҳатдан ривожлантириш бўйича бу каби муҳим қарор қабул қилиниши 4-5 йилча илгари амалиётда кўп учрамасди ҳисоби. Ҳар ҳолда Қашқадарё вилояти мисолида бу биринчи марта эди. Шундай савол туғилиши мумкин: ўша пайтда нега Қарши, Касби ё Китоб эмас, Нишон туманига ҳукумат эътибори қаратилди?

Дастур ижросига киришилгач, мутахассислар буни шундай изоҳлаганди. Маълум бўлишича, Нишон тумани воҳамизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан ривожланишдан бироз орқада эди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа етакчи тармоқлар ривожи анча суст кечган. Ҳудуд муҳим хом ашё ресурсларига эга бўлса-да, уларни қайта ишлаш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаган. Аграр секторнинг моддий-техник базаси янгиланишга муҳтож бўлиб қолган, муҳандислик-коммуникация тармоқлари сезиларли эскирган.

Мана бир мисол. 2015 йилда туманда 13 минг тонна гўшт, қарийб 38 минг тонна сут, 20 минг тоннадан кўп мева-сабзавот, 16,5 минг тонна пахта толаси етиштирилган бўлса-да, уларни чуқур қайта ишлаш деярли ташкил этилмаган. Боиси, шунга имкон берувчи қувватлар йўқлиги ёки камлигида эди. Дастур ижроси эса ана шундай камчиликларни бартараф этиш, туманни вилоятнинг ривожланган ҳудудларидан бирига айлантиришга имкон бериши  ҳисобга олинганди.

ҚОFОЗДА АЙТАРЛИ ҲАММАСИ БАЖАРИЛГАН

2018 йил якунланиб ушбу дастурни ижро этиш мўлжал қилинган муддат ҳам тугади. Энди эса амалга оширилган ишлар, уларнинг самараси, шу фурсатда туман ҳаётида рўй берган ўзгаришлар ҳақида бемалол сўз очиш мумкин. Хўш, Нишонда йирик кўламли дастур бажарилиши қай даражада муваффақиятли уддаланди, аввал бошдан кутилган натижага эришилдими?

Айтганимиздек, дастур қамрови кенг, ундаги ҳар бир йўналишга алоҳида тўхталиш кўп вақт  талаб этади. Шу сабабли уч муҳим тармоқ - саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишга доир лойиҳалар тақдири билан қизиқдик. Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ойбек     Умрзоқов тақдим этган маълумотга ишонсак, бу жабҳада айтарли барчаси бадастир қилинган. Унда жумладан, шундай кўрсаткичларга кўзингиз тушади.

"Қарор 1-иловасига мувофиқ, саноат йўналишида 2016 йилда қиймати 6,6 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа  амалга оширилиши ва  358 та янги иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган. Амалда  бу мақсад учун 5 миллиард 802 миллион сўм маблағ йўналтирилган ва 21 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилган".

Таъкидланишича, 2017 йилда ҳам режадаги 30 лойиҳадан 28 таси самарали рўёбга чиққан. Фақат бунга жалб қилинган инвестиция кўзланганидан анча камроқ - 6 миллиард 306 миллион сўм. Натижада 425 кишининг доимий бандлиги таъминланган. Маълум бўлишича, ўтган йили ҳам саноат ишлаб чиқаришига тааллуқли 2 та ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш имкони бўлмаган, холос. 33 таси асосида эса фаолият кўрсатиш бошланган. Бу сафар ҳам шу ҳолат. Умумий қиймати 51 миллиард 640 миллион сўмга баҳоланган    лойиҳаларга негадир 7 баравар кам сармоя сарфланган.

Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам бир қарашда ижобий натижа қайд этилган. 2016 йилда 58 та лойиҳа ўрнига 55 та, 2017 йилда 71 та эмас, амалда 63 та лойиҳа амалга ошган. Бултур эса барча 59 лойиҳа натижа бера бошлаган. Аграр сектордаги ташаббусларни бажариш борасидаги маҳсулдорлик ҳам ёмон эмас. Умумий ҳисобда тегишли муддатда 286 та лойиҳа (3 таси амалга ошмаган) ҳаётга татбиқ этилгани билдирилади. Пировардида бу соҳада қўшимча равишда 500 нафардан ортиқ кишининг фойдали меҳнат билан машғул бўлишига шароит ҳозирланган.

Ойдинлашадики, мазкур дастур туман иқтисодиётини янада кўтаришга туртки бера олган. Ахир илгари сурилган лойиҳалар ҳам оз эмас, ҳар бир жабҳада жиддий силжиш ясашга кифоя қилади.

АСЛИДА-ЧИ, НИМА ЎЗГАРДИ?

Албатта, дастур ижроси фақат қоғозда эмас, амалда ҳам яққол из қолдириши керак. Натижаси сезилиши, туман аҳолиси турмушида ҳам аниқ акс этиши даркор. Бошида билдирилган прогнозлар ўзини оқлаши лозим. Акс ҳолда дастурни хўжакўрсинга бажаришдан не маъни? Буни билиш мақсадида статистикага мурожаат қилдик. Бу соҳа мутахассислари ҳам рақамларни ҳар ҳолда осмондан олиб қўймагандир. Демоқчимизки, умумий манзарани баҳолаш учун фойдалансак бўлади.

Дастурда келтирилишича, тегишли инвестиция лойиҳалари асосида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, янгидан барпо этиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ҳисобига Нишон туманида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўлами қўшимча равишда йилига 175 миллиард 561 миллион сўмга ортиши тахмин қилинган. Бу шунчаки рақамлар эмас, ишга тушажак корхоналар қувватидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинган. Бунинг самарасида туман саноатида ҳудудий корхоналар улуши 2015 йилдаги 6,9 фоиздан 26 фоизгача ошиши кутилганди.

Статистикага кўра, 2018 йилда туманда 71,4 миллиард сўмлик (сотув нархларида) халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқарилган. Агар аксар лойиҳалар ишга тушган бўлса, бу кўрсаткич бундан-да юқори бўлиши керакмасмиди?! Қолаверса, кичик бизнес вакиллари умумий саноат маҳсулотининг 5,2 фоизини етказиб берган, холос. Бу даврда ҳудудда 169,8 миллиард сўмлик (тегишли прогноз бўйича ушбу рақам 800 миллиард сўмдан ошиши даркор эди) хизматлар кўрсатилган. Аграр соҳадаги ташаббуслар рўёбга чиқса, 2018 йилга келиб, туманда гўшт етиштириш 21,5 минг тоннага (зеро, дастурдаги 126 та лойиҳа чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган), сут - 58,6 минг тоннага, мева-сабзавот маҳсулоти - 34,4 минг тоннага етиши кўзда тутилганди. Амалда эса маҳсулдорлик у даражада бўлмаганига тегишли кўрсаткичлар ҳам далолат қилмоқда.

Яна бир ҳолат. Дастур ижроси тугагач, Нишонда пахта толасини қайта ишлаш имконияти 37 фоизга етказилиши белгиланганди. Енгил саноат йўналишидаги қиймати 21 миллиард сўмга баҳоланган лойиҳага кўра,  2018 йил охиригача йилига 3 минг тонна ип калава ишлаб чиқарувчи қувват барпо этилса, шунга замин яратиларди. Бироқ туманда ҳозир бундай корхона фаолияти ташкил этилмаган. Натижада ҳудудда етиштирилган пахта толаси ҳалигача хом ашё ҳолида экспортга йўлланмоқда.

Эътиборлиси, бошқа энг салмоқли лойиҳалар ҳам енгил саноатга тегишли. Тармоқнинг йиллик маҳсулот бериш салоҳияти, кўзда тутилганига кўра, 130 миллиард сўмдан ошиши керак эди. Биргина трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича 4 та ташаббус киритилган дастурга. Ҳар бирининг баҳоси 3-4 миллиард сўмдан кам эмас. Оқартирилган дока, оқартирилган газлама, трикотаж матоси, пайпоқ, шунингдек, замонавий тери тайёрлаб, пойабзал  ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича таклиф этилган лойиҳалар ҳам Нишон учун буткул янгилик саналади. Бироқ туманнинг қаерида ҳозир шундай корхоналар ишлаяпти? Мавжуд бўлса, нега ҳеч бир жойда қайд этилмаган?

Туман статистика бўлими томонидан берилган маълумотга асослансак, 2019 йил 1 январь ҳолатида Нишонда 309 минг парранда (аҳоли ихтиёридаги ҳам қўшилган) боқилаяпти. Қизиғи шундаки, аслида ўтган 3 йилда бу кўрсаткич бўйича кескин ўсишга эришилиши керак эди. Дастурдан жой олган  паррандачилик йўналишидаги жами 26 та лойиҳа амалга ошса, биргина саноат усулида парваришланадиган парранда сони 600 мингни ташкил этиши зарурлиги очиқ-ойдин кўрсатилган. "Чўл паррандаси" МЧЖнинг ўзи 2 лойиҳа асосида ҳар йили 100 минг бош товуқ боқиб, аҳолини парҳез гўшт билан таъминлаш ташаббусини билдирган. Амалда-чи?

Қоғозда баён қилинган ижро натижалари нега ҳаётдагиси билан мос келмаяпти? Бундай кўзбўямачиликдан кимга наф?

ЖИДДИЙ ДАСТУРГА НЕГА ЮЗАКИ ҚАРАЛДИ?

Балки қатъий хулоса қилишга шошмаслик керакдир, деган ўйда айрим лойиҳалар билан бевосита танишиб чиқдик. Сир эмас, баъзи ҳолларда ташаббус рўёбга чиқиши биргина одамга боғлиқ эмас. Айтайлик, янги корхона қурилаяптими, ҳокимлик бунинг учун ер ажратиши, бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар тайёрланиши керак. Қувватни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улашни ўз вақтида ташкил этиш эса шунга масъул шахсларнинг иши. Агар тадбиркор фаолият йўналиши, зарур технологияни тўғри танламаган бўлса ҳам, лойиҳа ижроси кечикади ёки барбод бўлади.

Аҳамиятлиси, бу дастурни бажаришда тижорат банклари иштироки ҳам муҳим ўрин тутади. Лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун мазкур молия муассасаларининг қарийб 122 миллиард сўмлик кредити йўналтирилиши белгиланган. Молиялаштиришнинг асоссиз кечиктирилиши қандай оқибатларга олиб келиши маълум. "Агробанк" Нишон туман филиали зиммасига ҳам бу борада катта масъулият юкланганди.

- Дарҳақиқат, дастурда банкимиз томонидан кредитланиши белгиланган лойиҳалар кўп, - дейди филиал бошлиғи Баҳром Нормуродов. - Биргина саноат йўналишидагиси 20 дан ошади. Ўтган даврда "Нишон олтин мева" МЧЖга мева-сабзавот сақлаш учун совуткичли сиғим қуриш бўйича 500 миллион сўм кредит, худди шу йўналишда "Аякс Нишон" фермер хўжалигига ҳам 500 миллион сўм, "Холияров Абдисалом" фермер хўжалигига тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида 115 миллион сўм молиявий кўмак тақдим этилган. Аммо бошқа лойиҳалар эгалари банкимизга кредит сўраб мурожаат қилмади. Сабаби эса бизга номаълум.

Тўғри, тадбиркор ўз маблағи эвазига иш қилишни маъқул кўрган бўлиши мумкин. Бироқ ундайлар бир эмас, анча экани лойиҳалар ҳақиқатда амалга ошганини ҳам шубҳа остида қолдиради. Ўрганиш давомида шундай ҳам бўлди. Дастурда "Нуристон" хусусий корхонаси томонидан 2 та лойиҳа таклиф этилгани қайд қилинади. Биринчиси мева шарбати ишлаб чиқаришни ташкил этишга тааллуқли бўлса, кейингиси меҳмонхона хизматини йўлга қўйишни назарда тутади.

- Фақат меҳмонхона қуриш бўйича таклиф берганмиз, қолганидан хабарим йўқ, - дейди корхона раҳбари Илҳом Гуллиев. - Бугунги кунда шу хизматни кўрсатаяпмиз. Зарур иш ўрнини ҳам яратганмиз. Шу лойиҳа учун банкдан кредит ҳам олинган. Аммо шарбат ишлаб чиқариш лойиҳасини энди эшитишим. Балки ўзлари қўйиб юборгандир. Бўлмаса, билардик.

Яна бир тадбиркорлик субъекти - "Хафизахон Файз" хусусий корхонаси ҳам ўтган йили мевадан шарбат тайёрлаш қувватини ишга тушириши керак эди. Лекин корхона раҳбари Муҳиддин Қодиров айрим сабабларга кўра бу лойиҳа амалга ошмай қолганини таъкидлади. Мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишида "Агро сув тех монтаж" МЧЖнинг ҳам 2 та лойиҳаси бор. Тадбиркор Уйғун Аминов билан гаплашганимизда шу нарса маълум бўлдики, бу ташаббусни рўёбга чиқариш имкони бўлмаган. Аҳамиятлиси, у буни шундай қолдирмаган, ўрнига бошқа лойиҳа - ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни ташкил этишни таклиф қилган. Ишбилармоннинг сўзларига кўра, замонавий қувват барпо этилиб, аллақачон янги линия ҳам келтирилган, тез орада маҳсулот тайёрлашга киришилади.

Қизиғ-а?! Бир вазиятда тадбиркор лойиҳаси борлигидан бехабар. Иккинчиси эса умуман ҳеч иш қилмаган. Кейингиси ҳар ҳолда шу туриш ташлаб қўймабди. Бўлмаса, бу лойиҳалар нега дастурга киритилган, ким киритган? Шунга салоҳият етиши ё етмаслиги инобатга олинмаган, хом иш қилинганмиди? Тадбиркорга билдирмай, лойиҳани жиддий дастурга қўйиб юбориш ҳам мумкинми?

Шунга ўхшаш лойиҳалар амалга ошмай қолганида энди кимни айблаш керак - дастурни ишлаб чиққан масъулларними, кредит сўраб мурожаат қилишмаган, деб турган банкними ё ташаббускорларни?!

БУ ХАТОЛАР ЯНА ҚАЙТАРИЛМАСА...

Нишон тумани ривожланган ҳудудга айландими, деган саволни бекорга аввал бошданоқ қўймадик. Ҳукумат дастурига таянсак, аслида жадал ривожланиш рўй бериши, барча соҳалар мисли кўрилмаган даражада равнақ топиши, туман Қашқадарёнинг етакчи ҳудуди бўлиши шарт эди. Амалий жиҳатдан ҳам шунга тўла шарт-шароит, имконият бор эди. Афсуски, ўтган 3 йил ичида бу имкониятлар баҳоли қудрат ишга солинмагани аён бўлди.

 Биз мавжуд ҳолатни фақат уч соҳа мисолида кўздан кечирдик. Агар ушбу жабҳада натижа шу алфозда бўлса,    бошқа йўналишлардаги ишлар қай йўсинда бажарилганини тахмин қилиш қийин эмас.

Энди бошқа хавотир ҳам бор бизда.  Хабарингиз бордир, ўтган йили Вазирлар Маҳкамаси вилоятимиздаги биратўла уч ҳудуд - Деҳқонобод, Миришкор ва Чироқчи туманларини ривожлантириш бўйича алоҳида-алоҳида қарорлар қабул қилди, бу ҳужжатларга асосан дастурлар ишлаб чиқилган, аллақачон ижросига ҳам қўл урилган. Тез орада Касби, Яккабоғ, Қамаши туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри  бўйича ҳам шунақанги қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Уларда кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишда "Нишон тажрибаси" намуна эмас, огоҳлик қўнғироғи бўлиб хизмат қилса, яхши бўларди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!