Меню

Қашқадарё

02.11.2017 1942

Урсула КРЁБЕР ЛЕ ГУИН: ИСТЕЪМОЛ УЧУН ҚЎЛЛАНМА

Шоир элчи этиб тайинланди. Драматургни эса президент этиб сайлашди. Қурувчилар идора хизматчилари билан бирга янги чиққан романни сотиб олиш учун навбатда туришибди. Катталар жангчи маймунлар, биркўз баҳайбатлар ва тегирмон билан жанг қилувчи телба рицарлар ҳақидаги ҳикояларда интеллектуал даъват ҳамда одоб-ахлоққа доир тавсияларни излашади. Саводхонлик – ибтидо дея саналади, интиҳо эмас.

...Эҳтимол, бошқа мамлакатда шундайдир, аммо бу ерда эмас. Америкада кўпчилик хаёлот фақат телевизор ишламаганидагина фойда бериши мумкин, деб ҳисоблайди. Шеърият ва пьесаларнинг амалий сиёсатга сира алоқаси йўқ. Романлар талабалар, уй бекалари ва бошқа бекорчилар учун. Фэнтези болалар ва соддадиллар учун. Саводхонлик керак, аммо фақат истеъмол қўлланмасини ўқиш учун керак.

Мен хаёлотни башариятнинг энг фойдали қуроли деб биламан. У шунчаки туриб қолган бош бармоқдан кўра фойдалироқ. Мен ўз ҳаётимни бош бармоқсиз тасаввур эта оламан, аммо хаёлотсиз эмас. Мен бу фикримга қўшилганларнинг ҳайқириқларини эшитаяпман. “Ҳа, ҳа! – дея қичқиришади улар. – Креатив хаёлот бизнесда бебаҳо хислат! Биз креативликни қадрлаймиз, биз уни мукофотлаймиз!” Бозор шароитида “креативлик” йирик даромадга эришиш стратегиясида қўлланадиган, ғоя яратиш қобилиятини англатувчи сўз сифатида ишлатила бошланди. Бу камситилиш шу қадар узоқ давом этдики, “креатив” сўзининг бундан баттарроқ инқирози бўлмаса керак. Мен уни ортиқ қўлламайман, мулкдорлар ва академиклар хоҳлаганларича уни таҳқирласинлар. Лекин улар хаёлотга эга бўлолмайди. Хаёлот пул ишлаш учун эмас. Тижорат луғатида бу сўзга ўрин йўқ. Бу қурол эмас, гарчи барча қуроллар хаёлотдан келиб чиққан бўлса-да, уларнинг қўлланиш-қўлланмаслиги бошқа барча воситаларнинг ишлатилиши ё ишлатилмаслиги сингари хаёлотга боғлиқ.

Хаёлот ёки тасаввур ақлнинг муҳим қуроли, тафаккурнинг асосий услуби, инсон шаклланиши ва инсонийликни асраб қолишнинг зарурий омили. Бошқа ҳар қандай восита сингари биз хаёлотдан ҳам фойдаланишни, уни  қай йўсинда истифода этишни ўрганмоғимиз лозим. Болаларда хаёлот уларнинг вужуди, онги, гапириш қобилияти каби илк ёшданоқ мавжуддир: булар инсон учун энг зарур бўлган жиҳатлар ва бу жиҳатларни қўллашни билиш ва янада яхшироқ қўллай олиш шарт. Бу тариқа ўрганиш, машқ қилиш ва тажриба гўдакликданоқ бошланиши лозим ва бутун умр давом этиши керак. Ёш инсон онгига хаёлот машқлари керак, худди барча ҳаётий (жисмоний ҳам руҳий) кўникмалар – ўсиш, соғлиқ, мослашув ва қувонч малакаларини эгаллаш учун машқлар керак бўлгани каби. Бу машқлар онг тирик бўлгани қадар давом этмоғи лозим. Қачонки болалар ўзлари учун муҳим ҳисобланган кишиларни, адабиётни тинглаш ва тушуниш ўргатилганида ёки ёзма манбаларни ўқиш ва тушунишга кўниктирилганида уларнинг хаёлоти зарур машқларнинг катта қисмини ўтаган бўлади. Одамларнинг аксариятига бошқа бирор нима, ҳатто санъатнинг бошқа турлари ҳам бундай самарали таъсир ўтказолмайди.

Бизнинг қиёфамиз сўзлар билан тирик. Сўз ақл ва тасаввур парвози учун қанот вазифасини бажаради. Мусиқа, рақс, нафис санъатлар, барча турдаги ҳунарлар – буларнинг бари инсон камолоти ва унинг бахт-саодати учун муҳим. Ўрганиш бенаф бўлган бирор кўникма ёки санъат тури йўқ, аммо ҳеч бир нарса шеърият ва наср каби онгимизга мавжуд реалликдан бир муддат узилиб, сўнг унга янги тушунча ва куч билан қайтишни ўргата олмайди.

Ҳар бир маданият ўзини намоён қилади ва ўз фарзандларини тарбиялайди, уларга одам бўлишни ўргатади, тарих силсиласида ўз миллатининг ажралмас бўлаги: хмонг, хун, хопи, кечуа, француз, калифорниялик бўлишни уқтиради... Биз Тўртинчи дунёда бўлганлармиз... Биз Жаннанинг халқимиз... Биз Қуёш фарзандларимиз... Биз денгиздан чиқдик... Биз олам марказида яшовчи одамлармиз. Олам марказида яшамайдиганларга, бу одамларни шоир ва ҳикоянавислар қандай таъриф-тавсиф қилмасин, осон бўлмайди.

Олам маркази эса шундай жойки, сен у ерда тўлақонли ҳаёт кечирасан. У шундай жойки, сен у ерда ҳаммасини қандай қилиш кераклигини, қандай қилиб тўғри ва яхшироқ уддалашни биласан. Марказ – уй қаерда жойлашганини ва уйнинг ўзи нима эканлигини билмайдиган болага қийин. Уй – бу ота-она, опа-сингиллар ва дўстлар эмас. Уй – бу сен тушиб қолган қандайдир жой ҳам эмас. Бу, умуман, макон эмас. Уй – бу тасаввур, хаёлот.  Хаёлда гавдалантирилган уй ҳақиқийга айланади. У мавжуд, бошқа ҳар қандай макондан кўра унинг борлиги аниқроқ, бироқ у ерга, агар фақат бошқалар уни қандай гавдалантиришни кўрсатмаган бўлсалар, шунчаки тушиб қолиш мумкин эмас. Бу одамлар эса сизнинг яқинларингиз бўлмаслигиям мумкин. Улар ҳеч қачон сизнинг тилингизда гаплашмагандир. Ва улар минг йиллардан бери ер остида ётгандир эҳтимол. Улар фақат қоғозда акс этган сўзлар, товушлар кўланкаси, онг соялари бўлиши мумкин. Аммо улар сизни уйга бошлаб бора олади. Улар сизнинг кишилик жамиятингиз.

Барчамиз ўз ҳаётимизни қандай йўлга қўйиш, уни яратиш ва хаёлда гавдалантиришни ўрганишимиз керак. Бизга бу малакани ўргатишлари шарт, бу йўлда йўлбошчига муҳтожмиз. Буларсиз бизнинг ҳаётимизни бошқалар яратади. Инсон зоти ҳамиша бир-бирига қандай қилиб яхшироқ яшаш, ўзаро кўмак беришни кўрсатиб бериш учун гуруҳларга бирикиб яшаган. Кишилик жамиятининг энг муҳим вазифаси – бизга нима кераклиги, ҳаёт қандай бўлиши лозимлиги, биз болаларимизга нимани ўргатишни исташимиз, сўнг биргаликда ўзимиз тўғри деб билган йўлдан оғишмай боришимиз учун қандай ўқиш-ўрганишимиз шартлиги борасида бир тўхтамга келиш. Кучли анъаналарга эга бўлган кичик жамият бу йўлни равшан ва аниқ кўра олади ва ундан боришни ҳам осонгина ўргатади. Лекин анъана хаёлотни кристаллдек қотириб, ақиданинг тош ҳолига келтириб қўйиши, янги ғояларни тақиқлаши мумкин. Катта жамиятлар эса худди шаҳарлар каби кишиларга бошқа-бошқа йўл-усулларни ҳам чамалаб кўришга, ўзга қадриятларни ўрганишга ва ўз мустақил ҳаётий йўлини яратишга изн беради. Лекин усул қанчалик кўп бўлса, ўргатишни зиммасига олганларга шунчалик қийин бўлади, энди улар олдида нимани ўргатишлари керак, бизга нима лозим ва умуман, ҳаёт қандай бўлиши кераклигини аниқлашдек ижтимоий-маънавий хулосага келиш вазифаси туради.

Биз қилишимиз лозим бўлган нарса – ҳаётга қараши асосли бўлган одамларни топиш, уларни тинглаш. Диққат-эътибор билан уларни эшитиш. Тинглаш – жой, вақт ва сукут талаб қиладиган ҳаракат. Ўқиш эса диққат билан тинглаш усулидир. Ўқишнинг эшитиш ва кўриш каби таъсири суст эмас. Бу ҳаракат: сиз буни бажарасиз. Сиз ўз маромингизда, ўз суръатингизда, медианинг муттасил, боғланмаган ва шовқинли оқимига ўхшамаган тарзда ўқийсиз. Сиз ўзингиз истаган ва ўзлигингизга мос нарсанигина қабул қиласиз, асло сизни довдиратиб қўйиш, сўнг назорат қилиш учун  жадаллик билан, ўлиб-тирилиб онгингизга тиқиштирилаётган баландпарвоз олди-қочдиларни эмас.

Қачонки сиз тарихни ўқир экансиз, у сизга кўп нарса ҳикоя қилиши мумкин, бироқ ҳеч нимани пулламайди. Агар сиз ёлғиз мутолаа қилаётган бўлсангиз, у ҳолда бутунлай бошқа ақл доирасида бўласиз. Бу доирадагилар сизнинг миянгизни “юв”майдилар, ўзларига ёлламайдилар, сиздан фойдаланмайдилар, сиз фақат хаёлот, тасаввур оқимига қўшиласиз. Мен сира  тушунмайман, нима учун бизнинг медиа хаёлот доирасига ўхшаган нарсани ярата олмайди? Ахир, буни ўтмишда театр бажарган-ку! Медиани реклама ва даромад тушунчалари шу қадар ўраб-чирмаб олдики, унда ишлайдиган энг яхши одамлар, ҳақиқий артистлар: агар улар савдо босимига қарши туришса борми, зиқна хўжайинлари ёллаган янги ахборотпарастлар оқимида ғарқ бўлиб кетишади.

Адабиётнинг каттагина қисми бу тахлит ёлланмаликдан холи қолган. Негаки, кўпгина китоблар марҳумлар томонидан ёзилган, улар эса асло хасис эмас. Ва кўплаб тирик шоир ва романнавислар ҳам, гарчи уларнинг ноширлари бестселлерлар дардида бўлса-да, тирикчилик ғамини тобора камроқ чекаяптилар, бу ҳам бўлса азбаройи уларнинг ўзлари истаган   машғулот билан ҳеч бир мол-дунё ташвишисиз шуғулланишга иштиёқлари туфайли. Улар нимадир тўғри, нимадир яхши нарса яратиш санъатини танлаяптилар.

Адабиёт (бу ҳайратланарли ҳам) бирмунча соф ва умидбахшлигича қолмоқда. Китоблар энди “китоб” дейилмаслиги мумкин, улар қоғоздаги сиёҳ эмас, балки кафтга қўнган электр учқуни тарзида бўлиши мумкин. Улар орасида пойинтар-сойинтар, сотувга мўлжалланган, порнография, алдов ва сафсата қуртлари илма-тешик қилганлари ҳам бор, аммо электрон публикация мутолаани севадиганларга фаол жамиятнинг янги ва кучли воситаларини таклиф этаверади. Технология муҳим эмас. Муҳими - сўз. Сўз алмашиш. Сўзни ўқиш орқали хаёлотни ўткирлаштириш. Саводхонликнинг муҳимлигига сабаб эса шуки, аслида адабиётнинг ўзи истеъмол қўлланмасидир. Биз меҳмон бўлиб турган мамлакат – ҳаётдаги энг манфаатли йўлбошловчи - у...

“livelib.ru” сайтидан олинди.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!