Меню
Қашқадарё
ҚУРИЛИШ САНОАТИ РИВОЖЛАНМОҚДА
Бунинг самараси ўлароқ, ҳудудда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ўсиб, таклиф этилаётган маҳсулот турлари кўпаймоқда.
Шу соҳага ихтисослашган кичик бизнес субъектларидан бири – Қарши шаҳридаги “Темур лидер юксалиш” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари ҳам бугун ички бозорда ўз харидорларига эга.
- Ушбу йўналишда фаолият бошлаганимизга қарийб 2 йил бўлди, - дейди корхона раҳбари Наврўз Очилов. – Ўз маблағимиз ҳисобидан замонавий ускуналар харид қилиб, 4 хил қурилиш материали – бинонинг фасади ва ички қисми учун шпаклёвка, гипсли сувоқ ва плита ётқизиш учун махсус клей ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Ҳозирги вақтда кунига 15 тоннагача маҳсулот тайёрлаяпмиз. Ишлаб чиқаришда асосан маҳаллий хомашёдан фойдаланамиз. Маҳсулотларимизни махсус идишларда қадоқлаб, буюртма асосида қурилиш ташкилотларига етказиб бераяпмиз, аҳолига ҳам сотаяпмиз. Келгусида лок-бўёқ ва плита маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам мўлжаллаб турибмиз.
Таъкидлаш жоиз, вилоятимиз қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани ва тадбиркорларга кенг йўл очиб берилгани боис бундай корхоналар сони тобора кўпаймоқда. Мисол учун, Қарши туманидаги “Рангли нақшли тошлар” хусусий корхонаси жорий йилнинг бошида ташкил этилганди. Мазкур тадбиркорлик субъекти қисқа давр ичида истеъмол бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашга эришди.
- Яқинда бўлиб ўтган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этганимиз биз учун анча фойдали бўлди, - дейди корхона раҳбари Анвар Қурбонов. – Чунки ушбу кўргазмада ўзимиз ишлаб чиқараётган 10 га яқин турдаги безакли йўлакбоп плиталарни намойиш этиб, ҳамкорлар билан қарийб 1 миллиард сўмликдан кўпроқ харид шартномаларини имзоладик. Аввалига кунига 100 квадрат метр маҳсулот тайёрлаган бўлсак, эндиликда ушбу кўрсаткични янада оширамиз. Хориждан келтирилган замонавий дастгоҳларимиз шунга имкон беради.
Дарҳақиқат, иқтисодиётнинг барча тармоқларида бўлгани каби қурилиш саноатида ҳам мавжуд корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, маҳаллий хомашёдан рақобатбардош қурилиш материаллари тайёрлаш эвазига четдан импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини кескин камайтириш ва аксинча сифатли тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтиришни ташкил этиш - давр талаби. Шундан келиб чиқиб, вилоятимизда ҳам айни бу йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти, тегишли дастурлар асосида бир қатор истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти.
- 2014 йилда ишлаб чиқаришни модернизация қилгандик, - дейди Яккабоғ туманидаги “Етимтоғ кўрки” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўктам Назаров. – Шу мақсадда заводимизга чет элдан янги конвейер линиясини олиб келиб ўрнатдик. Натижада маҳсулдорлик ортиб, кунига 300-350 куб метр қум-шағал ишлаб чиқаришга эришаяпмиз. Жорий йилда янги маҳсулотни реализация қилиш бўйича режаларимиз ҳам бор. Жумладан, асфальт ва сантехника жиҳозлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидамиз. Чунки мамлакатимизда ушбу материалларни ишлаб чиқариш учун зарур хомашё бор. Қолаверса, қурилиш ишлари кўпайган бир вақтда асфальт ва сантехника жиҳозларига ҳам талаб юқори бўлаяпти. Бу лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширсак, қўшимча 50 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятимизнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига асосан 2013-2016 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янгидан ташкил этиш, кенгайтириш ва модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 35 миллион долларлик 185 та истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши белгиланган. Натижада тегишли даврда деворбоп материаллар ишлаб чиқариш қарийб 160 фоизга, темир-бетон буюмлар ишлаб чиқариш 145 фоизга, норуда материаллар ишлаб чиқариш 131 фоизга ошиши кўзда тутилган. Эътиборлиси, шу вақтгача ушбу лойиҳаларнинг аксарияти муваффақиятли рўёбга чиқарилди ва соҳада самарадорлик янада ортишига эришилди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ.
Суратларда: Қарши шаҳридаги “Темур лидер юксалиш” хусусий корхонаси раҳбари Наврўз Очилов ишчи Садриддин Ниёзов билан; корхона ишчиси Рауф Очилов.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.