Меню
Қашқадарё
УРИБ ЎЛДИРИЛГАН... ЭДИМИ?
Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи Лангардаги ўғрилик бўйича "ҳаммаси қонуний ҳал этилаётгани"ни айтган эди. Ваҳоланки, ички ишлар бўлими биносидан гумонланувчининг мурдаси чиқди
Брифинг
Чироқчи тумани Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғриликда гумон қилиниб, Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими биносига олиб келинган Ю.А. 2020 йилнинг 23 январь куни соат 01:50 да вафот этган.
Вилоят прокуратурасининг расмий баёнотида мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБ ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, тергов давомида жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилгани, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор этилмаслиги маълум қилинган эди.
Табиийки, ушбу ҳолат интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. "Гумонланувчи уриб ўлдирилган" дея, ички ишлар идораларининг "иш услуби"га оид кўплаб эътирозлар билдирилди.
30 январь куни вилоят ички ишлар бошқармасида шу масалага бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов мазкур ҳолат юзасидан текшириш ишлари ҳали якунига етмагани ва тез орада қўшимча маълумот берилишини, шу билан бирга, вазирликдан ишчи гуруҳ тузилиб, текшириш ўтказаётгани, ушбу жараёнда Чироқчи тумани ички ишлар идораларида кўплаб камчиликлар аниқланганини маълум қилди.
"Кейинги ҳафта йиғилиш бўлиб ўтади, ўшанда барча тафсилотларни билиб оласизлар. Ҳозирча ходимларимиз хатти-ҳаракатига расмий баҳо бера олмаймиз", деди вазирлик вакили.
Қайд этилдики, 2019 йилда ички ишлар тизимида хизмат интизомини бузган 7037 ходимга чора кўрилган бўлса, мингдан зиёд ходим маъмурий, 133 ходим жиноятни яшириш, коррупцияга алоқадорлик каби сабаблар туфайли жиноий жавобгарликка тортилган.
Маълум қилинишича, Чироқчида юз берган воқеа ортидан вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Самад Турдиев ўз хоҳиши билан вазифасидан бўшаган.
Брифингда журналистларни қизиқтирган саволларга, жумладан, бир неча йил олдин ички ишлар идораларида тергов ҳаракатлари махсус жиҳозланган, камера ўрнатилган хоналарда ўтказилиши белгилангани, нега ушбу амалиёт барча ҳудудда йўлга қўйилмаётгани, Чироқчидаги ҳолат бўйича жамоатчиликка ахборот ўз вақтида берилмагани, қолаверса, ўтган ҳафтада вилоят ички ишлар бошқармасида ўтган брифинг чоғида Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи ҳаммаси қонуний ҳал этилаётганини айтган, бироқ гумонланувчи ички ишлар идорасида вафот этгани бўйича изоҳ сўралди. Шунингдек, Миришкордаги мол ўғирлаш ҳолати бўйича ҳам мақола чоп этилганининг эртаси куни айбдорлар ушлангани, бу - жиноятларнинг яширилишидан далолат бериши бўйича ҳам мулоҳазалар билдирилди.
"Бундан кейин барча ҳолатлар бўйича муносабат ўз вақтида бериб борилади, мурожаатлар эътиборсиз қолмайди. Телевизорда ходимларимизнинг автомат кўтариб юргани ёки "шагат" ташлаб юрганини кўрсатиб, ҳурмат қозона олмаймиз", деди Шоҳруҳ Ғиёсов.
Тадбирда Чироқчи тумани ички ишлар идорасида вафот этган Ю.А.нинг яқинлари ҳам қатнашиб, айбдорлар қонуний жазосини олиши кераклигини айтишди.
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.