Меню
Қашқадарё
ҲУР ФИКРЛАР МИНБАРИ
Бу Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-моддасида янада мустаҳкамланган: "Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир".
Жаҳон матбуоти эркинлиги куни эса 1993 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1991 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 26-йиғилишида берилган тавсия асосида жорий қилинган. Ўз навбатида мазкур тавсия 1991 йил Африка журналистлари томонидан ишлаб чиқилган ОАВ плюрализми ва мустақиллиги ҳақидаги тарихий Виндхук декларациясига асосланган эди. Бундай халқаро кун белгиланишидан асосий мақсад матбуот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида матбуот эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, матбуот эркинлиги ва мустақиллигига қилинаётган тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёдга олиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, сўнгги 10 йилда 700 дан зиёд матбуот ходими профессионал фаолияти пайтида ёки касби сабаб ўлдирилган. Журналистлар учун энг хавфли минтақалар сифатида Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Хорватия ва Африка мамлакатлари кўрилади. Хизмат вазифасини бажараётган оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлимидан ташқари уларнинг жароҳат олиши, ўғирланиши ва ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳодисалар Афғонистон, Сомали, Конго ва Мексикада тез-тез учраб туради.
Бу сананинг муҳимлиги шундаки, ҳар бир киши томонидан фикрни эркин ифода этиш давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг устувор тамойилларидан биридир. Матбуот эркинлиги ҳуқуматнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлигини таъминлайди. Шаффофлик эса ҳукумат юритаётган ички ва ташқи сиёсатнинг тўғри йўналишини белгилаб беради.
БМТнинг матбуот эркинлиги тўғрисидаги ғояни илгари суриш масаласи бўйича ихтисослашган ташкилоти саналмиш ЮНЕСКО агентлиги ҳар йили мазкур кунни нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни тайёрлаш ва ўтказиш жараёнини бошқариб боради. Дунёнинг турли мамлакатларида тегишли ташаббус ва тантанали тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Жумладан мамлакатимизда ўтказилиб келинаётган "Олтин қалам" халқаро-миллий мукофоти доирасида ҳам ЮНЕСКО томонидан жорий этилган алоҳида номинация мавжуд.
Шунингдек, Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ЮНЕСКО томонидан 1997 йилда жорий этилган Гилермо Кано номидаги матбуот эркинлиги бўйича махсус соврин билан дунё бўйлаб матбуот ва фикр эркинлиги ғояларини илгари сурган, айниқса, хавфли ҳудудлар ҳамда вазиятларда мазкур эркинлик ва ҳуқуқни ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшган инсонлар ва ташкилотлар тақдирлаб келинади.
Қайд этиш лозим, бугун ҳаётимизни эркин фикр минбари бўлган оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Биримиз янги нашрларни варақласак, иккинчимиз янгиликлардан хабардор бўлиш учун интернет сайтларни кўриб чиқамиз, учинчимиз "ойнаи жаҳон" каналини унисидан бунисига олиб, ўзимиз истаган ахборотларни излаймиз. Табиийки, ўзимиз учун кашф этган янгиликларни яқинларимиз билан баҳам кўришга шошиламиз. Бир сўз билан айтганда, ахборотлар оқими оғушида яшаяпмиз. Аммо шунга қарамасдан матбуотда эркин фикр кам, мухбирлар ҳақиқатни ёзишмайди, қабилидаги иддаоларга ҳам дуч келиб турамиз.
Айрим ҳолларда ОАВ одамларга салбий таъсир кўрсатишидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Буни юз бераётган ҳодисаларнинг нотўғри талқин қилинган ҳолда ёритилаётганида кўрса бўлади.
Мамлакатимизда ОАВ турли шаклларда (босма нашрлар, радио ва телеканаллар, интернет ва ижтимоий тармоқлар) шунчалик кенг тарқалганки, уларнинг барчасини кўздан кечиришга бир кишининг вақти ва имкони етмайди. Аслида ранг-баранг ахборотлар оқими матбуот эркинлиги сари ташланаётган қадам дейиш мумкин. Ҳар йили юртимиз журналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофот - "Олтин қалам" халқаро-миллий мукофоти тақдимот маросими айнан 3 май - Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ўтказилиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга.
Абдунаби АБДИЕВ