Меню
Қашқадарё
УНИ АСРАСАК, САЙЁРАНИ ҲАМ АСРАЙМИЗ...
Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида бир гуруҳ олимлар Антарктида океани устида озон қатламининг икки марта юпқалашганини аниқлашди. Бу – сайёра аҳолиси, ундаги флора ва фауна дунёси учун жиддий хатар юзага келаётганидан далолат эди. Зеро, юқорида айтилгани каби, атмосфера қобиғидаги юпқагина озон қатлами қуёшдан келаётган ультрабинафша нурлар таъсирида ҳосил бўлади ва бу нурларнинг зарарли қисмини ўзида ушлаб қолади, Ерга ўтказмайди. Агар у емирила бошласа, бу сайёра аҳолиси ва ҳайвоноту қушлар, ўсимликлар дунёсининг ҳаёти учун жиддий хавфни келтириб чиқаради. Яъни одамларда турли хасталиклар кўпаяди, чунки ультрабинафша нурларнинг зарарли таъсири туфайли одамларда тери саратони келиб чиқиши мумкин. Қолаверса, бу нурлар кишининг кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиб, бора-бора кўрликка сабаб бўлиши ҳам аниқланган. Бундан ташқари, ультрабинафша нурлар Ер юзасидаги ҳаво ҳароратига ҳам катта таъсир ўтказиши натижасида жониворлар яшаши, ўсимликларнинг ўсиб-ривожланиши учун зарур бўлган ҳаётий муҳит мувозанати бузилади.
Бу ҳолат дунё олимларини ташвишга солгани бежиз эмас. Худди ўша йиллардан бошлаб, жаҳон экологиясида янги атама – “озон туйнуги” деган ибора пайдо бўлди ва ОАВ ҳамда илмий маърузаю ҳисоботларда фаол қўллана бошлади. Натижада бу ҳолат нуфузли халқаро ташкилотлар эътиборини тортди. 1985 йилда Вена шаҳрида шу мавзуга бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда озон қатламини муҳофазалаш чораларини кўриш таклифи илгари сурилди. Бу борада аниқ бир тўхтамга келинмаган бўлса ҳамки, мазкур масала кўплаб давлатларни ташвишга солди. 1987 йилнинг 16 сентябрида эса дунёнинг 36 давлати вакиллари иштирокида озон қатламини муҳофазалашга қаратилган машҳур Монреаль протоколи тузилиб, имзоланди. БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1994 йилда мазкур протоколь имзоланган сана – 16 сентябрь Халқаро озон қатламини муҳофазалаш куни сифатида белгиланди. Шундан бери ҳар йили нишонланадиган ушбу сана экологлар, олим ва мутахассисларнинггина эмас, ўз сайёрасини севадиган ҳар бири киши учун ўзига хос кун сифатида ўтказилади. Шу куни дунёнинг кўплаб давлатларида озон қатламини ҳимоялашга бағишланган турли тадбирлар ташкил этилади. Бу тадбир ва йиғинларда оддий одамларнинг бу муаммодан бохабарлик даражаси оширилади, ёшларга озон қатлами, унинг аҳамияти ва унга етказилаётган зарар хусусида кенг тушунча берилади. Шу билан бирга, хавфни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам ҳисобот берилади.
Албатта, дунё олимлари, эколог мутахассисларнинг саъй-ҳаракати билан ўтган йиллар ичида “туйнук”нинг катталашишига сабаб бўладиган зарарни бартараф этиш учун бир қатор чоралар ҳаётга татбиқ этила бошланди. Маълумки, Антрактида уммони узра ҳосил бўлган “озон туйнуги”нинг юзага келиши антропоген омил, яъни инсон фаолияти таъсири туфайлидир. Яъни кейинги икки асрда саноатнинг шиддат билан ривожланиши, инсон ҳаётига техника ҳамда турли кимёвий моддаларнинг фаол кириб келиши натижасида табиатга, хусусан, атмосферага катта зарар етказилди. Кимёвий моддалар орасида эса озон қатламининг емирилишига сабаб бўладиганлари ҳам борлиги маълум бўлди. Жумладан, автомобиллар, завод-фабрикалардан чиқаётган зарарли тутунлар атмосферага, хусусан, озон қатламига катта зарар етказса, турли маиший техника воситалари таркибидаги фрион сингари айрим моддалар бу қатламни жиддий емиришга қодир. Бу каби зарарларни камайтириш борасида олиб борилган ҳаракатлар беиз кетмаяпти. Бугунги кунга келиб, дунёнинг 197 давлати озон қатламига зиён етказадиган моддаларни ишлаб чиқаришни камайтириш бўйича келишувга қўшилган бўлиб, ушбу келишув асосида мазкур давлатларда автомобиллар, маиший чиқинди ҳамда завод-фабрикалар таъсирида озон қатламига етадиган хавфни бирмунча бартараф этишга жиддий киришилди.
Албатта, бизнинг давлатимиз ҳам бу хайрли ишдан четда қолмаган. Ўзбекистон мазкур масала бўйича ўтказилган Вена конвенцияси ҳамда Монреаль протоколини имзолаган ва бу борада юртимизда маълум ишлар амалга оширилмоқда. 2000 йилнинг 24 январида Республика Вазирлар Маҳкамаси томонидан озонни бузувчи моддаларни чиқариб ташлашни тартибга солиш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида “Озон қатламини ҳимоя қилиш соҳасидаги шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида доимий равишда чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Масалан, Республиканинг йирик шаҳарларида ҳар йили икки маротаба ўтказиладиган “Тоза ҳаво” тадбирлари, экологик тоза ҳудудларни шакллантиришга қаратилган ишлар шулар жумласидан.
Дунё бўйича амалга оширилаётган шу каби тадбирлар натижасида ўтган йили мутахассислар доимий равишда кузатиб борилаётган “озон туйнуги”нинг бирмунча зичлашганини пайқашди. Бунга эса жаҳон саноатида озонни емирувчи зарарли моддаларнинг қўлланиши қарийб 98 фоизга камайгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Демак, мутахассислар башоратича, озон қатламида ҳосил бўлган “туйнук” аср ўрталарига бориб батамом “битиш”и кутилаяпти. Бу эса амалга оширилаётган ишлар кўлами ва самарасига боғлиқ.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.