Меню
Қашқадарё
УНГА ИНТИЛИШ – ОДАМЛАРНИНГ УМУМИЙ ТУЙFУСИ
Бирлашган миллатлар ташкилотининг резолюциясига биноан сайёрамиздаги ҳар бир инсоннинг бахтга интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 20 март – Халқаро бахт куни (International Day of Happiness) деб эълон қилинган. Шунга монанд, Жаҳон мамлакатлари фаровонлиги даражасини ўрганувчи марказ – “World Happiness Report” тадқиқотчилари ҳар бир мамлакатда яшовчи одамлар орасида бевосита сўров ўтказади ва маҳаллий ташкилотлар томонидан аниқланган жавоблар асосида бахтиёр мамлакатлар рейтингини эълон қилади.
Ҳар йили ўтказиладиган мазкур тадқиқот давомида тадқиқотчилар асосан аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми, умр кўриш давомийлиги, мураккаб вазиятларда ижтимоий кўмак кўрсатиш, одамларнинг ҳукуматга ишончи, эркин қарор қабул қилиши ҳамда сахийлигига эътибор қаратилади.
Ана шу асосда яқинда тузилган “Бахт индекси” рейтингида дунёнинг 156 давлати аҳолиси ҳаётига баҳо берилди. Юртимиз бу рейтингда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари орасида биринчи, дунёда 44-ўринни эгаллади.
Маълумотларга кўра, Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан маъқулланган “Бахтга интилиш дунёдаги барча одамларнинг умумий туйғуси” шиорига барча давлатларда амал қилинади. Ҳатто Бутан, Бирлашган Араб Амирликлари, Венесуэла, Эквадор ва Шотландия каби давлатларда Бахт вазирлиги фаолият юритади.
Халқаро кузатувчилар эса қаерда тараққиёт ва умид бўлса, ўша ерда бахт мавжуд бўлишини исботлашди. Ушбу жараёнда улар ўзини бахтли деб ҳисобловчи инсонлар кўпроқ Осиё ва Жанубий Америкада истиқомат қилишининг гувоҳи бўлишган бўлса, Ғарбий Европа аҳолисининг тушкун кайфиятда эканини аниқлашди. Бойлик бахтни белгиламаслиги, аксинча тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурган юртдагина бахтиёр одамлар яшашига амин бўлинди. Шунингдек, даромади юқори бўлган давлатларга нисбатан даромади пастроқ мамлакатларда яшаётган инсонлар ҳаётидан мамнун эканликларини кўришди. Бундай мамлакатларда яшаётган одамлар - бахт пулда эмас, бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди, деган қарашда собит.
Бошқа давлатлар қатори мамлакатимиз аҳолисининг бахт ҳақидаги қарашларини ўрганган тадқиқотчилар одамларнинг бахтиёрлиги нафақат етарли бойлик, балки меҳр-оқибат, бир-бирига бўлган муносабатида, ўзаро ишончи, ўзбекона урф-одат ва қадриятларга амал қилишида ҳам намоёнлигини таъкидлайди. Бинобарин, ҳисоботнинг “Ўзаро ҳамкорлик” деб аталувчи бандида ҳам бахтли жамият яратиш йўлида одамларнинг муҳим тадбирларда биргаликда иштирок этиши эътироф этилган. Марказ экспертларининг қўшимча қилишича, бахтлилик даражасини аниқлашда қайсики мамлакатда ташқаридан кириб келган қоидалар асосида эмас, балки минг йиллик қадриятлар асосида турмуш кечирилиши аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғоя асосида иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон – бахтиёр одамлар мамлакатига айланди. Мазкур рейтингдаги ўсиш ҳам аввало мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, соҳалардаги ривожланиш, юксалаётган ҳаёт даражаси натижасидир.
Сожида АЛЛАЁРОВА