Меню
Қашқадарё
ҲУНАРМАНДЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ НАМОЙИШИ
Унда попурчилик, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, кулолчилик, гиламдўзлик, миллий ҳамда замонавий услубда яратилган либослар, уй-рўзғор буюмлари, шунингдек, турли сувенирлар намойиш қилинди.
- Бу савдо кўргазмасини ўтказишдан мақсад вилоятимизнинг ўзига хос ҳунармандчилик анъаналарини жонлантириш, чекка-чекка ҳудудлардаги ҳунармандларнинг меҳнатларини юзага чиқаришга кўмаклашишдан иборат, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири Адҳам Тоҳиров. – Бугунги тадбирда жами 22 нафар ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
Маълумки, мамлакатимизда бугун оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунда айниқса, хотин-қизларни, уюшмаган ёшларни оилавий тадбиркорликка йўналтириш, уларни ҳунармандчиликнинг турли йўналишларига жалб этиш, бу орқали улар бандлигини таъминлаш энг асосий вазифа этиб белгиланган.
- Кўргазмада 20 хилдан ортиқ адрас ва шунча хилдаги аъло бахмал матоларини намойиш этдик, - дейди шаҳрисабзлик якка тартибдаги тадбиркор Маҳлиё Маннонова. - Айниқса, миллий услубда тикилган чопон, нимча, табиий ипак матосидан тайёрланган шарфлар, оёқ кийимлар ҳамда сумкалар кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Қўл меҳнати билан ясалган 50 дан ортиқ шарқона зеб-зийнатлар, заргарлик буюмлари ёшу қарини ўзига жалб этди.
Таъкидлаш жоизки, шундай кўргазма эндиликда ҳар ҳафта шанба ва якшанба кунлари ташкил этилади. Унда ҳунармандчилик маҳсулотлари харид қилиш имкони ҳам яратилган.
С.АЛЛАЁРОВА