Меню

Қашқадарё

08.10.2016 2830

ҲУНАРМАНДЧИЛИК АНЪАНАЛАРИ БАРДАВОМ

Китоблик Умида Фозилова тиккан кашталар, попурчилик буюмлари кўп хонадонларда, ҳатто хорижликлар коллекциясида ҳам учрайди.

- Дастлабки маҳсулотларимизни Самарқандга - Регистондаги дўконларга етказиб бергандик, - дейди у.  – Натижа ёмон бўлмади. Харидорларга ҳам, сотувчиларга ҳам манзур бўлди. Бу эса бизга ишонч бағишлади. Момомерос каштачилик намуналарини қайта тиклашга интилиб, матога тушириладиган нақш ва гул жилосини қадим намуналардагидек сақлаб қолишга эришдик. Босма, йўрма усулда соф миллий мато – канавага ишланган каштачилик намуналари  ҳозирда барчада бирдек қизиқиш ва ҳавас уйғотиб келмоқда.

Умида Фозиловага бу ғайрат-шижоат аслида онасидан ўтган. У тумандаги илк қалдирғоч тадбиркор аёллардан бири. Қизи ҳам тадбиркорлик борасида онасининг изидан бориб, таъбир жоиз бўлса, ундан ўзиб ҳам кетди. Китоб марказида мўъжазгина тикувчилик цехи ташкил қилди, ўндан ортиқ шогирдлари билан миллий матолар асосида ўзбекона миллий либослар тикишни йўлга қўйди.

- Адрасдан тикилган ўзбек миллий либослари - чопон, камзул, костюм, енгли ва енгсиз нимча ва попур урилган турли буюмлар - пардоз сумкалари, жой ёпқич кабиларни тайёрлаймиз, - дейди ҳунарманд. – Шогирдларим билан биргаликда янгича, ўзига хос маҳсулот яратиш борасида изланамиз. Мавсумбоп кийимлар тикишга алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбиркорнинг юмуши маҳсулот ишлаб чиқариш билан тўхтаб қолмайди. Галдаги муҳим вазифа – маҳсулотларга харидор топишдир. Умида Фозиловада эса бундай муаммо йўқ.

- Цехимизда ишлаб чиқарилаётган бежирим ва харидоргир маҳсулотларимиз нафақат ички бозорларда сотилаяпти, балки уларни хорижлик ҳамкорларимизга ҳам  етказиб беришни йўлга қўйдик, - дейди у. - Яқинда Россияга ёстиқпўш, нимча, дўппи, Хитойга эса миллий либосимиздан енгли ва енгсиз халатларни экспорт қилдик. Насиб бўлса, келгусида ана шундай манфаатли келишувлар асосида иш фаолиятимизни кенгайтирмоқчимиз.

Бундай истиқболли бизнес ғояларни амалга ошириш йўлида тинмай изланаётган ҳунарманд “Ташаббус-2016” кўрик-танловининг туман босқичида биринчи, вилоят  босқичида эса ўз йўналишида фахрли иккинчи ўринга лойиқ кўрилди. Бундан ташқари, у ҳар йили республикада бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро кўргазмаларда ҳам муносиб иштирок этиб келмоқда. Жорий йилнинг май ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган “Ипак ва зираворлар” ХV халқаро сайёҳлик фестивалида ўзи яратган либослар коллекцияси билан қатнашган Умида Фозилова бу тадбирдан катта таассуротлар билан қайтди.

Яқинда эса у вилоят “Ҳунарманд” уюшмасининг бир гуруҳ аъзолари билан биргаликда Марғилон шаҳрида ўтказилган “Атлас байрами”да иштирок этганди. Шаҳрисабзлик Юлдуз Мамадиёрова, Саодат Низомова, қаршилик Дамин Маматов қаторида Умида Фозилованинг ҳам қўлда ишланган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари нозиктаъб харидорларга манзур бўлди.

- Биз намойишга қўйган хуржуннинг янги қиёфаси, шакли барчада катта қизиқиш уйғотди, - дейди ҳунарманд. – У тасаввуримиздаги икки бирлаштирилган қопдан фарқли ўлароқ, кундалик зарур буюмлар, айтайлик, китоб-дафтар солишга мўлжалланган.

Умида Фозилова айни кунларда яна бир халқаро кўргазмага  қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Бу эса, ўз навбатида, уни ҳунармандчилик фаолиятини янада шакллантиришга ҳамда янгидан-янги истиқболли лойиҳалар устида ишлашга ундайди. Демак, ҳунар ўлмайди.

Дилфуза ЖУМАЕВА

Суратда: Умида Фозилова шогирди билан.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!