Меню
Қашқадарё
ҲУНАРМАНД АЁЛГА ЭЛЧИХОНА МАКТАБ ОЧИБ БЕРМОҚЧИ
Шаҳрисабзда қадимдан ҳунармандчиликнинг бир неча турлари жадал ривожланган. Айниқса, каштачилик, зардўзлик борасида ҳудуд ҳунармандлари ўзига хос мактаб яратишганки, бу мактаб донғи ҳамон дунёда ўз эътирофини топиб келмоқда.
Бугунги кунда ҳам Шаҳрисабзда момомерос анъаналарни давом эттириб, каштачиликнинг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган ҳунарманд аёллар кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири моҳир каштадўз Саодат Низомовадир.
Саодат Низомова ўн беш йилдан буён ҳунармандчиликнинг ироқи каштачилик йўналиши бўйича фаолият юритиб келмоқда. Шу вақтга қадар ўз меҳнати ортидан кўп ютуқларга эришган. Нафақат мамлакатимизда бўлиб ўтадиган байрам тадбирларида, балки бир неча хорижий давлатларда ўтказилган халқаро кўргазмаларда ҳам Ўзбекистон делегати сифатида қатнашиш бахтига муяссар бўлган.
У жорий йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган яна бир йирик кўргазмада вилоятимиз вакили сифатида иштирок этди.
- Кўргазмага 2020 йилнинг ноябрь ойида жўнаб кетган бўлсак, жорий йилнинг февралида қайтдик, - дейди у. - Бу давр мобайнида дунёнинг кўплаб давлатларидан келган ҳунармандлар билан танишиб, тажриба алмашдик. Ўз ишларимизни тарғиб этиш имкони бўлди. Айтишим жоиз, кўргазмада мамлакатимиздан борган барча ҳунармандлар ўз ишлари билан хорижликларда катта таассурот қолдира олишди. Каштачилик, ёғоч ўймакорлиги ёки бошқа йўналишда фаолият кўрсатувчи усталаримиз томонидан қўл меҳнати орқали санъат асари даражасида тайёрланган буюмлар катта қизиқиш билан қарши олинди. Хорижда бундай буюмларнинг қадри жуда баланд. Бир қанча хорижий шериклар билан маҳсулот етказиб бериш борасида шартномалар имзоладик. Энг муҳими эса Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари менга Шаҳрисабзда ироқи каштачилик мактабини очиб бериш таклифини билдирди. Айни пайтда бу борада маслаҳатлашув жараёнлари кетмоқда.
Саодат Низомованинг аниқлик киритишича, кўргазма давомида унинг шогирдлар тайёрлаш борасида амалга ошираётган ишлари билан танишган элчихона ходимлари бу тажрибани янада такомиллаштириб, замонавий андазалар асосида ташкил этиши учун кўмак кўрсатиш ташаббуси билан чиққан.
- Ҳар доим уйим шогирдларим билан гавжум, - дейди ҳунарманд. - Шу вақтга қадар мендан иш ўрганган юзлаб хотин-қизлар каштачиликни мукаммал ўрганиб, кўплари мустақил бизнес бошлашди. Айни пайтда эса, Шаҳрисабз шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бу амалиётни янада тизимлаштирган ҳолда ташкил этдик. Ҳозирги кунда 60 нафар шогирдим ёнимда туриб ҳунар ўрганмоқда. Айнан шу йўналишдаги фаолиятим учун тегишли жамғарма маблағлари ҳисобидан менга маош, шогирдларимга эса стипендия тўлаб борилаяпти. Агар БАА элчихонаси билан ҳам ҳамкорлик амалга ошса, устоз-шогирд анъаналарини янада кенгайтириш имкони туғилади.
Саодат Низомова фаолиятидаги қайд этса арзигулик яна бир жиҳат - у ўзи ва шогирдлари тайёрлаган каштачилик буюмларининг асосий қисмини хорижлик харидорларга пуллашни уддаламоқда. Бунда унга Туркия, Хитой, Россия, Италиядаги сафарлари давомида чет эллик тадбиркорлар билан олди-сотди шартномаси тузишга муваффақ бўлгани ҳам қўл келаяпти. Бундан ташқари, юртимизда ўтказиладиган кўплаб кўргазмаларда ҳам у ўзи тайёрлаган маҳсулотларни харидорларга таклиф эта олаяпти.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.