Меню
Қашқадарё
ҲУНАРМАНД 50 МИЛЛИОН СЎМГАЧА ИМТИЁЗЛИ МИКРОКРЕДИТ ОЛИШИ МУМКИН
Қолаверса, мамлакатимизда турли ҳунарларга иштиёқи бўлган аҳоли вакилларига кўмак кўрсатилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳа вакилларига тақдим этилган имтиёзлар салмоғи кўпайди. Биргина мисол, агар Сиз “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси бўлсангиз, эндиликда маҳсулот ишлаб чиқарганингиз ва сотганингиз учун қатъий белгиланган солиқ тўламайсиз.
Қарши санъат коллежида бўлиб ўтган тадбирда шулар хусусида сўз борди. Тадбир Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармалари ҳамда АТ “Микрокредитбанк” вилоят филиали ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Қарши шаҳри ва Қарши, Косон, Муборак, Нишон туманларидан келган ҳунармандлар иштирок этди.
Семинар қатнашчиларига юртимизда ҳунармандчилик фаолиятини янада рағбатлантириш, одамларни тадбиркорликка ўргатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ушбу соҳа жадал ривожи учун қулай шароит яратилгани, имкониятлар кенглиги, имтиёзлар эса кўплиги таъкидланди. Бу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун нимага эътибор қаратиш кераклиги, микрокредит олиш тартиблари тушунтирилди.
Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, ҳунармандлар энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан ошмаган миқдорда икки йил муддатга имтиёзли асосда молиявий кўмак олиши мумкин. Кредит ставкаси эса уни ишлатиш мақсадига кўра фарқланади. Мисол учун, ишлаб чиқариш эҳтиёжига асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар харид қилишга бериладиган кредит ставкаси 7 фоизни ташкил этади. Шунингдек, ҳунармандларга шу пайтгача бўш турган объектлар муайян шартлар асосида ноль харид қийматида берилиши мумкин. Ҳунарманд маҳсулотни хорижга экспорт қилиш ҳисобидан тушган валютани эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган бошқа саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Семинар доирасида айни пайтда муваффақиятли фаолият юритаётган бир қанча ҳунармандлар тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Бу каби тадбирлар Касби, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида ҳам ўтказилди.
МИРЖАҲОН