Меню

Қашқадарё

10.12.2019 2653

ҲУНАРДАН ЗАР УНДИРАЁТГАНЛАР

Ҳаракатда - баракат

Косон туманининг Нартичуқур маҳалласидаги Чаманзор кўчаси бўйлаб юрар экансиз, икки томонини замонавий усулда қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари эгаллаган йўл ёқасида тепасига "Темирчилик устахонаси" деб ёзилган бир мўъжаз томчага кўзингиз тушади.

Киши хаёлида беихтиёр тарихий манзараларни жонлантириб юборадиган бу томчанинг деворлари, ёнидаги дарахт шохларига турли темирчилик буюмлари осиб қўйилган. Бу ерга нафақат туман, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ҳам уй-рўзғор учун зарур бўлган бел, кетмон, ўроқ, шоха, теша, болта, капгир каби меҳнат анжомлари, от тушови, қочов, бигиз, темир қумғон  ва шу каби бошқа буюмларни излаб келадиганлар кўп. Уларни 82 ёшли ҳунарманд Ниёзқул бобо Ҳамраев қарши олиб, аввал дўкон ичкарисига бошлайди. Сўнг эса сўралган буюмнинг турли хилларини кўрсатиб, ҳар бирининг ўзига хос хусусиятлари билан обдан таништиради. Ҳатто, бу буюмдан эркак ёки аёл, ёш ёки ёши катта киши фойдаланишига қадар мижоздан сўраб-суриштиради. Кейингина унга мосини ўзи танлаб беради.

- Темирчилик ҳунари менга бобомерос касб, - дейди Ниёзқул Ҳамраев. - Бобомни уста Саттор дейишар эди. Саксон йил шу ерда темирчилик билан шуғулланган. Мен ҳам у кишидан иш ўрганиб, умримни шу соҳага бағишладим. Худога шукур, тўғри йўл танлаган эканман, кам бўлмадим. Шу ишнинг ортидан уч ўғил, икки қизни тарбиялаб, уйли-жойли қилдим, обрў-эътибор топдим. 30 дан ошиқ шогирдлар тайёрладим, уларнинг кўпчилиги мустақил равишда ишни давом эттиришмоқда. Ҳозир ҳам ёнимда бир нечта шогирдларим бор.

Ниёзқул бобонинг таъкидлашича, ҳунармандчилик - ҳеч қачон урфдан чиқмайдиган соҳа. Бундан ўттиз-қирқ йил олдин одамларда темирчилик устахонасида ясалган буюмларга эҳтиёж қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам ошса ошганки, камайгани йўқ.

- Кун бўйи шогирдларим билан ана шу устахонада ишлаймиз, - дейди у. - Талабга, мавсумга қараб ҳар хил буюмлар, иш қуролларини ясаймиз. Шунинг ортидан яхшигина даромад топаяпмиз. Тўғри, давр ўзгараяпти. Авваллари одамлар учун зарур бўлган қайсидир буюмларга бугун эҳтиёж бўлмаслиги мумкин, лекин темирчи тадбиркорликни ҳам билса, талабга қараб маҳсулот чиқарса, асло кам бўлмайди. Мисол учун, айрим буюмлардан қанча ясасак, шунча тез сотилиб кетаверади. Ойда, йилда битта  сотиладиганлари ҳам бор. Лекин бу буюмларни ҳам кам бўлса-да, ясаб қўямиз. Чунки, уни кимдир ўта зарур бўлган пайтда излаб келади. Топиб берсангиз, ундаги хурсандчиликни кўриб, ўзингизнинг ҳам дилингиз яйрайди. Шу боис устахонамда ҳозирги ёшлар билмайдиган, қадимий буюмлар ҳам кўп. Яқинда Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этдим. Кўпчилик илгари эшик зулфларини қотиришда ишлатилган темир ҳалқали қозиқчани кўриб, унинг нималигини сўрашди. Билишмас экан. Тўғри, бу ҳозир деярли ишлатилмайди, лекин онда-сонда кимгадир керак бўлиб қолса, шу ерга излаб келади. Яқинда ҳам бир киши келиб, тўрт-бештасини олиб кетди.

Айтиб ўтиш жоиз, вилоятимизда қадимдан ҳунармандчилик кенг ривожланган. Ҳатто  ҳудудларнинг ўзига хос ҳунармандчилик мактаблари шаклланган. Масалан, Шаҳрисабз тумани ҳунармандлари каштачиликда ном қозонган бўлса, Касби кулолчилик мактаби дунёга  машҳур. Косон туманида эркаклар асосан темирчилик, мисгарлик, сандиқсозлик билан шуғулланган. Ҳудуд аёллари эса зардўзлик ва попурчиликда катта ютуқларни қўлга киритишган. Эътиборли жиҳати, ҳудудда бу анъана бугун ҳам давом этиб, ҳунармандчилик аҳоли бандлиги, оилалар фаровонлигини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.

- Айни пайтда туманимизда расман рўйхатдан ўтган 137 та ҳунарманд иш юритмоқда, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси Косон тумани бўлими раиси  Ойсара Расулова. - Уларнинг фаолияти темирчилик, мисгарлик, сандиқсозлик, тунукасозлик, заргарлик, тикувчилик, зардўзлик, попурчилик, жами 34 йўналишни қамраб олган.

Туманнинг Нартибаланд маҳалласида яшовчи Ҳанифа Расулова ҳам ҳунармандчиликда катта ютуқларга эришаётган моҳир тикувчилардан бири саналади. Ҳунарни ёшлигида момосидан ўрганиб, сўнгра коллежда, қолаверса, яна бир қатор ўқув марказларида айнан шу  йўналиш бўйича таҳсил олиб, ўз маҳоратини янада бойитган бу қиз тайёрлаётган бежирим либослар ҳар қандай кишининг кўзини қувнатади.

- Икки йил аввал ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтиб, расман тадбиркорлик фаолиятини бошладим, - дейди Ҳанифа Расулова. - Айни пайтда фаолиятим учун зарур бўлган бир неча турдаги тикув машиналарини харид қилиб, 7 нафар шогирдни ҳам иш билан таъминлаганман. Асосан миллий услубда безатилган турли ўлчамдаги сумкалар, каштадўзлик, попурчилик анъаналари асосида тайёрланган эркаклар ва аёллар костюмлари, қалпоқчалар, келинлар либослари ва шу турдаги кўплаб тикувчилик маҳсулотлари ҳамда енгил металлдан турли   тақинчоқлар тайёрлаймиз. Кўпроқ  буюртма асосида ишлаяпмиз, шунингдек, юртимизда ва хорижий давлатларда ўтказиладиган турли фестивалларда маҳсулотларимиз савдосини ташкил этаяпмиз. Масалан, жорий йилнинг ўзида Шаҳрисабз, Китоб туманлари, Термиз, Қўқон шаҳарлари ҳамда Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятида бўлиб ўтган кўплаб фестиваль ва кўргазмаларда иштирок этдик. Маҳсулотларимизга  айниқса чет эллик сайёҳларда қизиқиш юқори. Улар жуда кўп нарсаларимизни сотиб олишди. Бундан ташқари, мазкур фестивалларда тиккан либосларимиз, ясаган буюмларимизнинг кўпчилик томонидан юқори эътироф этилиб, диплом ва сертификатлар билан тақдирланганимиз ҳам мен ва шогирдларимни янада юқори марралар сари илҳомлантирмоқда.

Тикувчи қизнинг эндиги мақсади алоҳида жой олиб, фаолиятини янада кенгайтириш, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги ҳамкорлари орқали ушбу шаҳарлардаги сайёҳлар кўп келадиган жойларда ҳам ўз маҳсулотлари сотувини ташкил этишга қаратилган.

Албатта, ҳунарли инсон кам бўлмайди. Бугун ҳукуматимиз томонидан миллий ҳунармандчилик соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳунармандларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши соҳанинг янада ривожланиши, пировард натижада эса истеъмол бозорининг рақобатдош маҳсулотлар билан тўлишига, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда. Шу орқали албатта, оилалар фаровонлиги ҳам таъминланаяпти.

Суратларда: темирчи Ниёзқул Ҳамраев ҳамда тикувчи Ҳанифа Расулова фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!