Меню
Қашқадарё
ҲУНАРДАН КЕЛСА БОЙЛИК, ТУРМУШ БЎЛАР ЧИРОЙЛИК
- Дастлаб ўзим тиккан каштали буюмларни қизиқиб қўни-қўшни, қариндош-уруғларга сотганман, - дейди “Нодирабегим Исматова” хусусий корхонаси раҳбари Нодира Жумаева. – Буюртмалар туша бошлагач, энди каттароқ ишга қўл уришга аҳд қилдим. Ўз устимда кўпроқ ишлаб, онамнинг кўмаги билан каштачилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Кейинчалик “Камолот” ЁИҲ томонидан ўтказилган “Менинг бизнес-ғоям” танловида қатнашиб, 10 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш имконига эга бўлдим. Ушбу маблағ эвазига керакли хомашё маҳсулотлари ва қўшимча тикув машиналари сотиб олдим.
Нодира тадбиркорлик фаолиятини 2007 йилда бошлаган бўлса, тиришқоқлиги ва оиласидагиларнинг қўллаб-қувватлаши ортидан бизнеси йилдан-йилга ривожланиб бораверди. Бунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қаратилган эътибор ва ишбилармонлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар таянч вазифасини ўтади. Олдинига фақат каштачилик буюмларини тиккан Нодира кейинчалик попурчиликни ҳам йўлга қўйди.
Нодира Жумаева “Қўли гулдир ўзбек аёлин”, “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан”, “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам”, “Мустақил юрт ҳунармандлари” каби кўплаб танлов ва кўргазмаларда ўз маҳсулотларини намойиш қилди, мутахассисларнинг эътирофига эришди. Хорижлик сайёҳларнинг ҳам серқуёш ўлкадан эсдалик сифатида Нодиранинг қўлида жило топган каштали маҳсулотларга қизиқиши баланд.
- Ишда фақат табиий хомашёдан фойдаланамиз, - дейди Нодира Жумаева. – Хусусан, адрас, бахмал ҳамда пишиқ бўз матолардан тайёрланган маҳсулотларимиз шунинг учун ҳам харидоргир.
Нодиранинг ишларида асосан турли гуллар ва табиат манзараларини кўриш мумкин. Қалампир, бодом, анор, қуёш, чархпалак, фалак, гардиш каби момоларимиздан мерос энг қадимий нусхалар қайта тиклангани қувонарли.
30 нафардан ортиқ шогирднинг устози бўлган ёш ҳунарманд айни пайтда фаолиятини янада кенгайтириш тадоригида.
- Бугун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишнинг мушкул томони йўқ, - дейди у. – Чунки юртимизда аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги учун ҳар томонлама қулай имкониятлар яратилган. Ҳозирда цехимизда 20 турга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилаяпти. Талабга қараб сўзана, дўппи, аёллар ва болалар сумкалари, ёстиқлар, қизлар учун либослар, эркаклар костюмларини тикамиз. Маҳсулот турларини янада кўпайтиришни режалаштириб турибмиз.
Нодира Жумаева ўзи севган касбида камол топмоқда. Тадбиркор мамлакатимизда ишбилармонларга яратилган имкониятларнинг ҳар томонлама қулайлигидан мамнун. Шу боис янги-янги режалар тузиб, бундан-да катта ишлар бошлашни ўз олдига мақсад қилган.
Соҳиба СУЮНОВА