Меню

Қашқадарё

20.01.2022 1858

Ҳунар - иш, ҳунар - ризқ, ҳунар - барака

Ҳунармандчилик намуналари - ҳар бир ҳудуднинг миллий урф-одатлари, халқ амалий санъати ва миллий давлатчилик тарихини ўзида акс эттиради. Шунингдек, уста-ҳунарманд қўлида сайқал топган бундай маҳсулотлар хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади.

Шаҳрисабз қадимдан ҳунармандчилик яхши ривожланган манзиллардан бири бўлиб келган. Бу ерда бугун ҳам соҳада эришган ютуқлари билан мақтана оладиган кўплаб каштадўзу зардўзлар, заргару сангтарошлар, кошинпазу наққошлар, кулолу темирчилар фаолият юритади. Уларни элда азиз қилган, даромади манбаига айланган ҳунар турлари авлоддан-авлодга ўтиб, яшаб келаяпти, жозибасини йўқотмаган.

- Атлас, адрас матолари, ипак гилам тўқишни ўзлаштириш билан бирга ҳудуддаги доимий иш ўрнига эга бўлмаган, "аёллар дафтари"га киритилган ўнлаб хотин-қизларни ҳам ёнимизга олдик, - дейди Шаҳрисабз шаҳридаги "Ҳунармандчилик маркази"да иш олиб бораётган ҳунарманд Маҳлиё Маннонова. - Уларни ҳам ҳунарли, ҳам ишли қилаяпмиз. Биласиз, атласу адраснинг харидори кўп. Шу боис уйида ўтириб ишлашни хоҳлаган талабгорларга ҳам касаначилик асосида шароит қилиб берганмиз.

Маълумки, юртимизда ҳунармандлар давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланади. Уларга қатор имтиёзлар, ишлаш учун қулай шароитлар яратиб берилаётгани бунинг яққол далили. Бинобарин, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлашда соҳанинг имкониятлари жуда кенг.

- Яқин-яқингача ишсиз эдим, - дейди шаҳрисабзлик Нафиса Раҳмонова. - Марказга келиб ҳунар ўрганишга бел боғладим. Ипак гилам тўқиш сирларини бирин-кетин ўзлаштира бордим. Ўзим каби ҳавасмандлар билан бирга водийда малака ошириб келишга ҳам улгурдим. Бугун эса гиламчиликни санъат даражасига кўтариб, меҳнатим ортидан яхшигина даромад топаяпман.

Хабарингиз бор, 2021 йил 30 декабрда Президент аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, "уста-шогирд" анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида "Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилганди. Унга асосан жорий йилда Шаҳрисабз шаҳридаги "Оқсарой" майдонида жойлашган собиқ "Чорсу" бозори негизида замонавий "Ҳунармандчилик маркази"ни ташкил этиб, "уста-шогирд" анъаналарини йўлга қўйиш белгиланган.

Бундан ташқари, 2022 йилда республикада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Ўз мухбиримиз

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!