Меню

Қашқадарё

29.10.2019 1888

УН НАРХИ ОШДИ, КОМПЕНСАЦИЯ МИҚДОРИ-ЧИ?

 

Қарор ва ижро

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги "Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсацияси кўпайтирилди. Хўш, ушбу компенсация кимларга, қандай тартибда ва қачондан бошлаб тўланади? Ушбу саволлар билан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи Файзулло ЮСУПОВга мурожаат қилдик:

- Хабарингиз бор, 2018 йил 13 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг дон, ун ва нонни сотиш, шунингдек, мамлакатнинг донни қайта ишлаш  тармоғига бозор механизмларини жорий этиш, ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига қўшимча харажатларни қоплаш учун компенсациялар тўланиши ҳақидаги қарори эълон қилинган эди. Унга кўра, қолипли (буханка) нон эркин бозор нархи бўйича сотилиши белгиланган ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига 2018 йил      1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон олиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи (ҳозир базавий ҳисоблаш миқдорига кўра 22 минг 300 сўм) миқдорда компенсация тўлови тўлаб берилиши белгиланган эди.

Бу миқдор ўзгарди

- Эндиликда 2019 йил октябрь ойидан бошлаб аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифаларига ун ва нон сотиб олиш учун нафақа пулларига қўшиб берилаётган компенсация (ёрдам пули) миқдори 50 минг сўмни ташкил этади.

Компенсация оладиган аҳоли қатламига кимлар киради?

- Қарорга кўра, компенсация оладиган тоифаларга ёшга доир ва ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси,  болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, шунингдек, ёшга доир пенсиянинг белгиланган  энг кам миқдоридан кам пенсия олувчилар, бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақа, ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилалар киритилган.

Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб компенсация оладиган аҳоли тоифаларига 14 ёшгача бўлган болалари учун нафақа олувчи оилалар ва белгиланган энг кам миқдорда ёшга доир пенсия олувчилар ҳам қўшилди.

Эски тартибда тўланган тўловларнинг қолгани қачон қопланади?

- Янги қарорда белгиланган компенсация тўловлари шу йилнинг 1 октябридан оширилишини инобатга олган ҳолда, юқоридаги тоифаларга мансуб фуқароларга пул компенсациялари миқдори октябрь ойи учун Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида автоматик тарзда қайта ҳисобланди ҳамда оширилган миқдорлар фарқи бўйича компенсациянинг қўшимча тўлов ведомостлари тузилган ҳолда тижорат банклари ва Халқ банки филиаллари томонидан октябрь ойида тўлаб берилади.

Яъни, октябрь ойи учун 22 минг 300 сўмдан тўлов ведомостларига киритилган ва шу пайтгача тўлаб берилган бўлса, жорий ой учун қўшимча равишда 27 минг 700 сўмдан тўланади. Нафақа ва пенсиясини энди оладиганларга эса октябрь ойи учун компенсация 50 минг сўм ҳолида тўлаб берилади. Ноябрь ойидан шу миқдорда компенсация тўловлари ойма-ой тўлаб борилади.

Ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланган бола икки ёшга тўлгунга қадар бериладиган нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга компенсация пуллари октябрь ойи учун қайта ҳисоб-китоб қилиниб, бир йўла ноябрь ойида тўланиши таъминланади.

Яъни, октябрда 22 минг 300 сўм тўланади ҳамда қолган фарқ ноябрда қўшиб берилади. 

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда ёшга доир энг кам миқдорда пенсия олувчиларга ҳам шу тартибда компенсация тўланади.

Компенсация тайинлаш ёки миқдорини қайта ҳисоблаш (ошириш) учун белгиланган тоифага кирувчи фуқаролардан қўшимча хужжат ёки аризалар талаб этилмайди. Компенсацияларни оширилган миқдорларда тўлаш ҳамда янги тоифаларга компенсацияларни жорий қилиш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!