Меню
Қашқадарё
УН ИШЛАБ ЧИҚАРИШДА ХУСУСИЙ СЕКТОРНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ?
Кичик бизнес
Маълумки, кўп йиллар давомида мамлакатимизда донни қайта ишлаш, яъни ун ишлаб чиқариш асосан давлат тизимидаги корхоналар томонидан, марказлашган ҳолда амалга оширилган бўлса, бугун тармоқда хусусий секторнинг улуши ортиб бормоқда. Вилоятимизда ҳам ун ишлаб чиқаришга қаратилган янги-янги лойиҳалар йўлга қўйилаяпти.
2018 йилда Муборак туманида ҳам ана шундай ташаббус амалга оширилган эди.
"Кенжабек иссиқ нон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари дастлаб Хитойнинг суткасига 5 тонна донни қайта ишлаб, сифатли ун олиш имконини берадиган кичик технологияси асосида фаолият бошлаган. Тўрт киши иш билан таъминланган.
Тадбиркор Давлат Нарзуллаевнинг таъкидлашича, корхона қисқа вақт ичида салмоқли ютуқларга эришди. Ун ишлаб чиқаришда етарли тажриба тўпланди. Ҳамкорлар сони ошди. Бу жиҳатларнинг барчаси ўз-ўзидан бизнесни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш салмоғини ошириш эҳтиёжини юзага келтира бошлаганди.
- Фаолиятнинг истиқболига тўла ишонч ҳосил қилгач, ишлаб чиқариш қувватини сезиларли ошириш, маҳсулот сифатини янада яхшилаш, таннархни арзонлаштириш, қолаверса, шу ернинг ўзида чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳаракатларини бошладик, - дейди Давлат Нарзуллаев. - Бунинг учун бизга энг аввало яхши жой керак эди. Шу масалада туман ҳокимлигига мурожаат этганимизда, улар бизнинг бизнес режамизни маъқуллаб, туманнинг Кончилар маҳалласидаги кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган эски бинони "ноль" харид қийматида беришди. Шундан сўнг уни таъмирлаб, фаолият учун мослаштирдик ва жорий йил бошида Туркиядан суткасига 50 тонна, яъни аввалгисидан 10 баробар кўп ун ишлаб чиқариш имконини берадиган замонавий технологияни олиб келиб ўрнатдик. Айни вақтда ишчиларимиз сони 10 нафарга етди. Йил сўнгига қадар нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳам бошлаймиз. Бу камида яна 5-6 нафар ишчига эҳтиёж пайдо бўлади деганидир.
Мазкур кичик саноат зонаси ҳудудида яна бир унни қайта ишлаш корхонаси бунёд этилмоқда. "Олтин дон инвест" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 350 минг АҚШ долларини ташкил этади.
- Айни пайтда хориждан фаолиятимиз учун зарур бўлган замонавий технологияларни олиб келиб, ўрнатиш ишларини деярли якунладик, - дейди корхона иш юритувчиси Рашид Пардаев. - Тез кунда маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам бошлаймиз. Шу билан бир қаторда, пишириқ ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида ҳам иш олиб бораяпмиз. Ушбу лойиҳаларимиз тўлиқ ишга туширилгач, ҳудуддаги ишсиз 30 нафар кишининг иш билан бандлиги таъминланади.
Ўз ўрнида шуни ҳам айтишни истардикки, ҳозирги кунда ун ишлаб чиқараётган хусусий тадбиркорлик субъектлари хом ашёни асосан хориждан (аксарияти қўшни Қозоғистон республикасидан) олиб келишмоқда. Агар уларга ҳам "Ўздонмаҳсулот" тизимидаги корхоналар каби ўзимизда етиштирилган хом ашёни тўғридан-тўғри харид қилиш ёки кластер усулида ўзи етиштириш имкони берилса, бу борадаги рақобат янада ривожланарди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.