Меню
Қашқадарё
Умумжамоа ҳисобида – ғузорликлар биринчи
21-22 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида анъанавий каратэ-до бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Эътиборлиси, мусобақада ғузорлик 24 нафар спортчи татамида ўз рақибларини таслим этиб, 18 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 1-ўрин эгалланди.
Ғузор тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ҳокимлик, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ходимлари, ота-оналар ва фаол ёшлар Ўзбекистон чемпионларини муносиб кутиб олишди.
Туман ҳокими мураббий ва спортчилар билан ютуқлари ҳақида суҳбатлашиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.
“Чемпион бўлишимда мени қўллаб-қувватлаган ота-онам ва мураббийларимнинг ҳиссаси катта. Биз ёшлар юртимиз байроғини жаҳон ареналарида янада баландроқ кўтаришга ваъда берамиз”, дейди олтин медаль соҳиби Дониёр Шералиев.
Айтиш ўринли, бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Футбол ассоциацияси ҳамкорлигида маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган “Чарм тўп-2020” мусобақасида Ғузорнинг Авғонбоғ маҳалласи ёшлари 3-ўринни қўлга киритганди.