Меню

Қашқадарё

13.10.2022 3893

Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси: ЗАМОНАВИЙ ВА ТАЪСИРЧАН ЁНДАШУВЛАР, САМАРАЛИ УСУЛЛАР, ПИРОВАРД НАТИЖА

Қарор ва шарҳ

Республика ҳукуматининг шу йил 3 октябрдаги қарорига асосан Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси ва уни амалга ошириш юзасидан "йўл харитаси" тасдиқланди.

Бузғунчи ва зарарли ғоялар, турли таҳдидлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда...

- Таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, садоқат туйғуси билан яшайдиган авлодни тарбиялаш жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, - дейилади концепцияда. - Учинчи Ренессанс пойдевори барпо этилаётган ҳозирги тарихий жараёнда соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш асосий шартлардан биридир.

Мазкур дастурий ҳужжатда ҳозирги пайтда халқ таълими тизимида "Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади" деган эзгу ғоя асосида таълим-тарбияга замонавий   педагогик технологияларни жорий этиш, ўқувчиларнинг билими ва иқтидори, ижодкорлик қобилиятини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилиб, шу билан бирга, ўқувчилар тарбияси ва онгига салбий таъсир кўрсатадиган бузғунчи ва зарарли ғоялар, жиноятчилик, гиёҳвандлик, лоқайдлик ва бошқа таҳдидлар тобора кучайиб бораётгани таъкидланмоқда. Бунинг оқибатида соҳадаги ишларни замонавий ва таъсирчан ёндашувлар, самарали усуллар асосида янада такомиллаштириш эҳтиёжи юзага келаётгани билдирилиб, концепция мактаблардаги ижтимоий муҳитни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этишни назарда тутиши қайд этилган.

Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси мақсади ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш ҳисобланади.

Бу мақсадга эришиш учун қатор вазифалар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, улардан бири мактаблардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда раҳбар ва педагог ходимлар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг ҳамкорлиги ва масъулиятини оширишдан иборат. Айни пайтда ўқувчилар ҳам ўз устида ишлаб, ташаббускор бўлиши учун таълим-тарбия жараёнига мустақил билим шакллантириш методикасини жорий қилиш ва шу методика орқали ёшларда соғлом қадриятларни ҳам шакллантириш зарурдир.

Навбатдаги вазифа ўқувчиларда ахборотларни таҳлил қилиш ҳамда билимига таянган ҳолда холис хулоса қилиш кўникмасини ривожлантиришга қаратилган. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг китобхонлик маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириб, уларда турли ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш иммунитетини шакллантириш, ёшлар тарбиясида мактаб, оила, маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигини янада кучайтириш даркор.

Концепцияда белгиланган мақсадга эришиш учун рўёбга чиқарилиши зарур бўлган яна бир муҳим вазифа оилада фарзандлар тарбияси ва уларни мустақил ҳаётга тайёрлашга бўлган эътибор ва масъулиятни кучайтириб, ўқувчиларда намунавий тарбиявий фазилатларни шакллантиришга йўнатирилган медиа маҳсулотларни яратиш ва амалиётга татбиқ этишни назарда тутади.

Мактаблар улардаги ижтимоий-маънавий муҳитга қараб "қизил"", "сариқ" ва "яшил" тоифаларга ажратилади

Концепцияга кўра, мактабларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг бешта асосий йўналиши белгиланди.

Биринчиси - мактаб таълимини умуммиллий ҳаракатга айлантириш йўналиши бўлиб, мактаб жамоаси, ота-оналар ҳамда жамоатчиликнинг ўзаро муносабатларида одоб-ахлоқ ва ички тартиб-қоидаларга риоя қилинишини талаб этади. Унинг доирасида мактабларда "Ўзбекистон - Ватаним маним" мавзусидаги ижодий ишлар танлови, "Давлат рамзлари - фахрим, ғурурим", "Давлат тили  -  миллат руҳи" мавзусидаги тадбирлар, ёшларнинг тадбиркор ва олимлар, ҳоким ва депутатлар, прокурор ва ҳарбийлар билан учрашувларини уюштириш, тизимли таҳлиллар асосида "Намунали мактаб директори", "Намунали устоз", "Намунали ўқувчи" ва "Намунали ота-она" моделларини ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда. Айни пайтда, мазкур йўналиш бўйича таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда дарсликларнинг янги авлодини яратиш орқали ўқувчиларни маънавий етук ва эркин фикрлайдиган шахслар қилиб тарбиялаш ва ўқитувчилик касбига бўлган қизиқишни янада ошириш мақсадида фидойи ўқитувчи-мураббийлар фаолиятига бағишланган янги бадиий асарлар,  фильмлар ва бошқа ижод намуналарини яратиш ҳамда оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Концепцияда кўрсатиб ўтилганидек, мактаблардаги ижтимоий-маънавий муҳит махсус ишлаб чиқилган мезонлар асосида баҳолаб борилади ва шу орқали таълим муассасалари "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифаларга ажратилади. "Қизил" тоифадаги мактабларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида идоралараро ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлиги ташкил этилади. "Сариқ" тоифадаги масканларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади. "Яшил" тоифадаги мактаблар тажрибаси эса кенг тарғиб қилинади ва оммалаштирилади.

Иккинчи йўналиш - ўқувчиларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш йўналиши доирасида ёшларга китоб мутолааси жараёнида "оддийдан мураккабга" тамойили асосида бадиий асарларни танлаш ва синчиклаб ўқиш малакасини ҳосил қилиш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш, "Китобхон ўқувчи" ва "Нотиқ ўқувчи" танловларини ташкил этиш, "Мактаб кутубхонаси", "Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари" рукнида юз жилдлик китоблар тўплами  нашрини йўлга қўйиш ва яна кўплаб ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Масалан, юртимизда мунтазам равишда китобхонлик ҳафталиклари ҳамда "Фарзандимга китоб совға қиламан" ва "Мактаб кутубхонасига китоб совғаси" ижтимоий акциялари ўтказилади, болалар учун энциклопедиялар, луғат ва альбомлар, бадиий асарлар яратилади, истеъдодли ижодкор ўқувчилар тизимли равишда рағбатлантирилади.

Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!

Ўқувчиларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, ўз Ватани ва халқи тақдири учун масъулият ва жавобгарлик ҳиссини оширишда буюк аждодларимизнинг жасорати ҳамда ҳарбий ватанпарварликни кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам мактабларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг учинчи асосий йўналиши буюк аждодлар жасорати ҳамда ҳарбий ватанпарварлик йўналиши саналади.

Бу борада "Афсонага айланган жасорат" ғояси асосида Алпомиш, Широқ, Тўмарис каби миллий қаҳрамонларнинг жасорати акс эттирилган мультимедиа маҳсулотларини тайёрлаб, мактабларда уларнинг тақдимотларини ўтказиш мўлжал қилинган. Ўқувчи-ёшлар ўртасида биринчи Шарқ Уйғониш даври -  IХ - ХII асрларда минтақамизда юз берган "Маърифий Ренессанс" давридаги буюк алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирларнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётларини тарғиб қилиш баробарида "Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!",  "Аждодлар жасорати унутилмайди!"  шиорлари остида, "Соҳибқирон Амир Темур - марказлашган миллий давлатчилик асосчиси" ғояси асосида туркум тадбирлар ҳамда тарихий обида, музей ва театрларда сайёр машғулотлар уюштириш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, миллий мустақиллик ва маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган аждодлар меросини кенг ўргатишга қаратилган "Жадидчилик сабоқлари" онлайн ресурслар яратилади, "Миллат ойдинлари" туркум маънавий-маърифий телекўрсатувлар тайёрланади.

Тўртинчи йўналиш - Замонамиз қаҳрамонлари - ёшларга ибрат тимсоли йўналиши доирасида замондошларимиз эришган ютуқлар кенг тарғиб этилиб, уларга нисбатан эҳтиром туйғуси шакллантирилади, бу эса ўқувчиларда чин инсоний фазилатларни камол топтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналиш доирасида, хусусан, "Замонамиз қаҳрамонлари" рукнида туркум рисолалар, анимацион, ҳужжатли ва бадиий фильмлар, роликлар яратилади ва таълим-тарбия жараёнига жорий этилади. Мактаб кутубхоналари Ўзбекистон Қаҳрамонлари, илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндаларининг ибратли фаолияти ёритилган адабиётлар билан бойитиб борилади. "Муваффақиятга эришиш сирлари" лойиҳаси доирасида доимий мулоқотлар, илмий ва ижодий мактаб яратган атоқли олим ва ижодкорларнинг уй-музейлари ҳамда ишхоналари саёҳат-дарслар ўтказилади. "Беруний издошлари", "Улуғбек авлодлари", "Навоий ворислари", "Зулфияхоним қизлари" танловларининг самарадорлиги оширилади.

Бешинчи йўналиш - мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўналиши бўйича ҳам кўплаб таъсирчан чора-тадбирларнинг режасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш кўзланмоқда. Бу жабҳада анъанавий - "Уч авлод учрашуви" лойиҳаси  доирасидаги мулоқотлар, миллий маданий марказлар вакиллари иштирокидаги маданий-маърифий тадбирлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида уюштириладиган хайрия акцияларини ўтказиш билан бир қаторда янги усул ва шакллардан ҳам фойдаланиш, масалан, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти мавзусидаги афоризмларни "Кун ҳикмати" рукнида мобил алоқа операторлари орқали етказишни тизимли йўлга қўйиш мўлжал қилинган. Муаммоли оилаларда муҳитни соғломлаштириш ҳамда нотинч оилалар фарзандларини психологик қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан чораларини қўллаш бўйича махсус тренинглар ташкил этиш режалаштирилган.

Концепцияда қайд этилишича, маънавий-маърифий ишлар давра суҳбатлари, ижодий учрашув ва кечалар, кўрик-танловлар, тақдимотлар, интеллектуал ўйинлар, виртуал клублар ва бошқа шаклларда ташкил этилади. Мазкур усуллар маънавий-маърифий ишларнинг ранг-баранглигини таъминлайди. Пировард натижада бу мактабда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш юзасидан "йўл харитаси"да ҳам юқорида тилга олинган барча чора-тадбирлар акс этар экан, айни пайтда уларни амалга ошириш механизми ва бажариш муддатлари, молиялаштириш манбалари ва ижро учун масъуллар кўрсатилган. Мисол учун, умумий ўрта таълим муассасаларининг ижтимоий-маънавий муҳитини баҳолаш (яъни "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифаларга ажратиш)  мезонларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари жорий - 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилиши лозим. Бунинг учун Республика Маънавият ва маърифат маркази, халқ таълими, ички ишлар ҳамда маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари ва Миллий гвардия масъул ҳисобланади.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!