Меню

Қашқадарё

11.06.2019 1809

УМУМБАШАРИЙ ДАРД

Адабиётнинг қучоғи катта, ҳиммати чексиз. Шу туфайли унинг эркатойига айланган, ҳимматидан баҳра олиб ўзига ўхшаган саноқсиз бошқа ёзарманлар каби кўкрак кериб юрган ижодкор зоти бисёр. Лекин вақт аталмиш олий ҳакам мавжуд экан, бундай эркатойлар қачондир ўз самимияти, лаёқати ўлароқ баҳоланиб, бирин-кетин саноқдан тушиб қолаверади. Буни яхши ҳис этгани учундир эҳтимол, ҳақиқий истеъдод адабиётнинг қучоғида эркаланиб-суйкаланишни хуш кўрмайди. Аксинча, у кўп йиллардан бери ўзгармас ва мустаҳкам деб тан олинган адабий мезонлару қолипларни, бадиий тасаввур чегараларини парчалаган ҳолда адабиёт майдонига кириб келади. Ўзбек адабиётининг улкан адибларидан бири Назар Эшонқулни ҳам биз иккиланмасдан худди шундай - ўз нафаси, ўзбек адабиётида ўз таъсир кўламига эга ёзувчи десак муболаға қилмаган бўламиз. Шу боисдан унинг ижод намуналари на миллий ва на замонавий характерга эга эмас, балки умуминсоний руҳ билан ёзилган бўлиб, умумбашарий дард ила суғорилгандир.

Менинг бу айтганларим оҳорли гаплар эмас, албатта. Мендан аввал ҳам қайсидир шаклда адабиётга нисбатан ҳам, Назар Эшонқул ижодига нисбатан ҳам қўлланилган ва ўқувчилар қулоғига етиб борган. Бас шундай экан, мен адиб Назар Эшонқулнинг адабиётимизда тутган ўрни ва бошқа ижод намуналарини бир ёққа сурган ҳолда, унинг ижодига бўлган муносабатимни биргина "Оғриқ лаззати" ҳикоясидан олган таассуротларим орқали баён қилишга ҳаракат қиламан.

Пружинасимон асос

Тезис нуқтаи назаридан олиб қаралганда "Оғриқ лаззати" ҳикояси пружинасимон асосга қурилганга ўхшайди. Бу пружинанинг ҳар битта ҳалқаси маъно ва мантиқий хулосалардан иборат. Энг таҳсинга сазовор томони шундаки: ўқувчи мутолаа қилиш жараёнида ҳалқадан ҳалқага ўтгани сайин ундаги маъно ва моҳият кенгаяди, ойдинлашади ва айни пайтда эгилади ҳамда букилади. Мана шу сабабга кўра мазкур асарга ўнлаб ракурслардан назар ташламоқ ва ундан ҳам кўпроқ нуқтаи назардан туриб шарҳламоқ мумкин.

Шундай қилиб, мен асарга аввало "рамз"ларга асосланган тамаддун адабиёти нуқтаи назаридан нигоҳ ташлашни лозим топдим. Бундай ҳолда ундаги профессор ҳам, томошабин ҳам рамз ва тасвирланган оғриқнинг ўзи ҳам рамзий ифодадир. Чунки ҳар қандай жамият ва ҳар қандай тузум, истаймизми-йўқми, инсонни мана шундай азобга гирифтор этади. Ахир асримизгача бўлган даврда инсон тафаккурининг маҳсули бўлган ядровий қуроллар, инсоният томонидан уюштирилган инқилобу қирғинлар ҳаммаси ҳам одамзотни бутунлай ҳалокатга дучор қилишга, инсонни мавҳ этиб, ер юзидан бутунлай супуриб ташлашга қаратилган эмасди. Бу ҳаракатлар бир қисм одамни ҳалокатга дучор этгани ҳолда яна бир қисм одамларга саодат улашиш учун эди. Бироқ бугунги кунда нафақат гуманитар фанлар, балки аниқ фанлар ҳам шуни тасдиқлайдики: кўпчилик ўйлаганидай дунё ва инсоният қисмлардан иборат эмас, аксинча у бир бутундир! Шунинг учун инсон тузум ва миллатларга бўлиниб, ўз манфаати йўлида ўйлаб топаётган ҳалокат воситаларининг қурбони инсониятнинг ўзи бўлиб қолаверади... Демак, асарда тасвирланган маҳкумлар -  ўзининг ярасига ўзи тус сепиб, ўзини ўзи азоб-уқубатларга гирифтор қилаётган жамият; профессор - бу каби найрангларда асосий роль ўйнайдиган зиёлилар; томошабинлар - инсониятни қовуриб, бир-бирига "гиж-гиж"лаб, ўз этини ўзи ейишга мажбур қилаётган айрим "йўлбошчи", инқилобу-бамбардимонлар асосчилари, Камю таъбири билан айтганда, "дунё ҳукмдорлари"дир. Асардаги тўртинчи маҳкум борасида эса, мен бу ерда муаллиф большевиклар коммунистик партиясини назарда тутмаяптимикин, деган хаёлга бордим. Чунки партиялар қурилишида большевиклар коммунистик партияси тўртинчи ўринда тургани бизга маълум. Боз устига асардаги "...қадим паҳлавонлардек бахтиёр қиёфасини кўриб у айнан шу лаҳзани ҳеч қайси жаннатга алмаштирмайди, уни ҳеч қайси пайғамбар, ҳеч қайси муқаддас китоб бу лаззатдан маҳрум эта олмайди деб ўйлардингиз" қабилидаги сўзлар, қолаверса,  тўртинчи маҳкум ўлим топгандан кейин ҳам бу заминда қолмай, ўзга бир заминда - лаззат оламида қолгани мени шундай ўйлашга мажбур этади. Ахир 72 йил ҳокимият тепасида турган коммунистлар партияси ҳокимиятни бой бергандан кейин ҳам унинг хайрихоҳлари ўз ғояларига бўлган маҳкумликдан кечмасдан, ўша тузум ва ўша жамиятни ёқлаб яшаб ўтганлари ҳеч кимга сир эмас...

Асарни мутолаа қилар эканман, ҳар бир жумла, ҳар битта ҳодисада муаллифнинг заҳарханда табассуми, гўё аслида йиғига айланиб отилиб чиқиши керак бўлган-у, аммо қорачиқларида бўзлов бўлиб қотиб қолган киноявий нигоҳи мени таъқиб эта борди. Тасаввуримда муаллифнинг бу заҳарханда, аччиқ кинояга йўғрилган нигоҳи бутун инсониятнинг асрлар оша яшаб келган шу бугунги ҳаётига довур боқиб турганга ўхшарди. Ўзимча инсониятнинг ўз этини ўзи шилиб лаззат олаётганига, ўз-ўзини азоблашнинг янгидан- янги усулларини ижод этаётганига ўтмиш ва бугундан таққослар ахтарар эканман, мен бамисоли саволлар гирдобига тушиб, чирпирак бўлаётганга ўхшаб қолдим. Энг ачинарлиси шунда эдики, бу саволларга жавоб топишга қанчалик уринсам,  ўзим инсониятнинг қотили деб билган ёки аксинча инсоният раҳнамоси деб ҳисоблаган айрим кишилар, керак бўлса ота-боболарим ҳақидаги тасаввурларим ҳам шунчалик ўзгариб борарди. Ҳа, асар мутолааси жараёнида кўнглимда туғилаётган бу савол ва иштибоҳларнинг тугал жавоби ё буткул қайта тирилмоқ ё батамом маънавий ўлим билан тенг эди, назаримда!

Таскин

Бироқ мен бекорга ушбу битигим ибтидосида француз адиби ва адабий танқидчиси Анатол Франснинг инсон ҳаётга келиб босиб ўтиши муқаррар бўлган тўрт босқич ҳақидаги фикрини эслаб ўтган эмасман. Ахир ер куррасини инсонга яшаш учун замин этиб белгилаган Буюк Яратувчининг ўзи ҳам қодир зот бўла туриб бандаси учун ҳамма нарсани яратиб бермади. Аксинча, кўпгина нарсани бандасининг ўзи яратишини, бу йўлда меҳнат қилишини... ҳамда... азоб чекишини ирода қилди. Демак, асарга бошқа бир томонлама қаралганда инсон ҳаётининг ўзи азобланишдан, оғриқ лаззатини тотиб, бу азобни севиб ва уни бошқалар билан бўлишиб яшашдан иборат экан. Тузум ва жамиятнинг номукаммал қоидаларга кўз юмиб, асарни ундан-да чуқурроқ позицияда таҳлил қилишга уринсак, Назар Эшонқулнинг "Оғриқ лаззати" ҳикоясини бани башар қисматидаги ўзгартириб бўлмас қонун, инсоният учун олдиндан ўқилган ҳукми олий деб баҳоламоқ ҳам хато бўлмайди. Яъни, яшаш асли - оғриқ лаззати эмасми?

Кичик бир эътироз...

Инсон қўли билан яратилган ҳеч қандай яратиқ мукаммал эмас. "Оғриқ лаззати" ҳикоясини ҳам китобхон, ҳам адабиёт ихлосманди сифатида шарҳлашга уринар эканман, шу ўринда кичик бир камчиликни-да сезгандай бўламан. Ахир адабиётни яхши тушунадиган ҳар битта одамга шу нарса маълум: бадиий асардаги бадиий ҳақиқат ҳамиша ҳаёт ҳақиқати билан ҳисоблашиши, керак бўлса унга эргашиши шарт. Мисол тариқасида келтиришим мумкинки, Габриэль Маркеснинг "Ёлғизликнинг юз йили" асарида лўли Мелкадес олиб келган оҳанрабодан ҳар қандай ўқувчи ҳайратга тушади. Ёки бўлмаса Маркес ўз асарида "Полковник Арелиано Буендиа 32 марта исён кўтарди ва 32 марта ҳам мағлуб бўлди, 4 марта  суиқасддан, 72 марта пистирмалардан омон қолди..." деб ёзган бўлса, биз асар давомида бу суиқасд ва пистирмаларнинг ҳаммасидан хабардор бўлишимиз мумкин. Асардаги Макондага кириб келган лўлилар, оҳанрабо ва албатта полковник Аурелиано   Буендианинг ҳаётидаги таққослар ҳам бу бир рамз, лекин булар бари бизга реаллик бўлиб туюлади ва ҳаёт ҳақиқатига ҳеч қандай путур етказмайди. Шу жиҳатдан олиб қаралганда эса дунё адабиётидаги "изм"ларни яхши тушунмайдиган, яъни "символ"ларни қабул қила олмайдиган кўп сонли анъанавий китобхонлар учун "Оғриқ лаззати" ҳикоясида тасвирланган воқеалар мантиққа - ҳаёт ҳақиқатига зиддир. Асардаги ифода қанчалар жонли, жумлалар девори қанчалик пухта бўлмасин, ундан биргина шу "рамз" тушунчасини олиб ташласак, ҳикоядаги ўзини азоблаш эвазига томоша кўрсатадиган маҳкумлар ҳам, томошабин, профессор ҳам ёлғон-яшиқ, тўқима образларга айланиб қолади ҳамда бирор ўқувчи асар воқеаларини ҳаётий ҳодиса сифатида қабул қила олмайди. Агарда муаллиф асар воқеаларини туш сифатида берган тақдирида ёки адабиётдан кўп синалган усуллардан биттаси: телба ё соғ одамлиги номаълум бирор кимсанинг қолдириб кетган дафтаридаги битиклар қабилида берган бўлганда, менимча ғоя билан бирга реаллик, ҳаёт ҳақиқати ҳам сақланиб қолган бўлур эди...

Сўзим охирида яна бир бор айтиб ўтишим жоизки, нима бўлганда ҳам бугунги ўзбек адабиётида Назар Эшонқул ўзининг мустаҳкам ўрнига эга, унинг асарлари ичида "Оғриқ лаззати" ҳикояси эса ўқувчи қайта-қайта мутолаа қилиб ички дунёсини бойитишга арзийдиган асардир.

Байрам АЛИ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!