Меню
Қашқадарё
УМРНИ КУЙДИРГАН ЧЎҒ
Айтиб ўтиш жоизки, ўтган 10 ой давомида содир бўлган ана шу ёнғинлар оқибатида фуқароларнинг жуда катта миқдордаги мол-мулкига зарар етган. 51 нафар киши жиддий тан жароҳати олган, айримлари ногиронга айланиб қолган, 7 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бунинг энг асосий сабаби кишиларнинг ёнғин келиб чиқиши эҳтимоли бўлган турли ускуналардан нотўғри фойдаланиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслиги, ёш болаларни назоратсиз қолдириши ва шу каби ҳолатлардир.
Мисол учун, яқинда Қарши шаҳри Беклар маҳалласи Баланднаво кўчасидаги хонадонлардан бирида бўлган ёнғин оқибатида уй эгаси Ўткир Қодиров куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган бўлса, унинг турмуш ўртоғи ҳалок бўлган.
Афсуски, ёнғин ва унинг оқибатлари билан боғлиқ бундай оғриқли мисоллар жуда кўп. Ис гази билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларни ҳам ана шулар сирасига киритиш мумкин.
Шу ўринда фуқароларимиз ҳам билиб олишини истардикки, ис гази фақат табиий газ ёки суюлтирилган газнинг ҳавога сизиб чиқиши натижасида юзага келадиган ҳодиса эмас. У турли хилдаги кўмир ва бошқа органик моддаларнинг чала ёниши, айрим турдаги кимёвий бўёқларнинг ўткир ҳиди ҳавога тарқалиши натижасида ҳам содир бўлади. Ис гази қисқа вақт ичида инсон организмини, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди ва бу ҳолат ўлимга олиб келиши эҳтимоли юқори.
Бундан ташқари, қишлоқ ва маҳаллаларда фуқароларимиз мол гўнгидан тайёрлаб фойдаланадиган ёқилғи тури (тезак, таппи) ҳам бу борада жуда хавфли ҳисобланади. Тезак чала ёнганда ажралиб чиқадиган зарарли элементлар миқдори табиий газнинг чала ёниши эвазига ҳавога кўтариладиган зарарли моддалар даражасидан анча кўпроқ ва у уйғоқ ҳолатдаги, ҳуши жойида бўлган кишини ҳам бир неча дақиқа ичида ҳолсизлантириб қўйиши ҳамда ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис бундай ёқилғи турларидан имкони бўлса ёпиқ хоналарда умуман фойдаланмаслик лозим.
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Шаҳрисабз туманидаги Тўдамайдон маҳалласида содир бўлган мудҳиш ҳолатга ана шу тезак чўғи сабаб бўлган.
Ўша куни мазкур маҳалладаги хонадонлардан бирида яшовчи, 1993 йил туғилган Динара Зарипова уй ҳаммомини қиздириш мақсадида темир идишга тезак чўғини олиб кирган. Табиийки, қисқа вақт ичида чўғдан ажралган ис гази ҳаммом ичини қоплаб олган ва аёл воқеа жойининг ўзида вафот этган.
8 ноябрь куни Яккабоғ тумани Уйғур қишлоғида ҳам тезакнинг чала ёнишидан заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Гап шундаки, 1984 йилда туғилган Бахтигул Қаюмова уйдаги яшаш хонасини иситиш мақсадида темир идишга маҳаллий гўнгдан тайёрланган ёқилғи чўғини киритиб қўйган. Ухлашга ётмоқчи бўлиб туришган вақтда Бахтигул Қаюмова ва унинг 2010 йилда туғилган ўғли Иброҳим Дўстмуродов ис газидан заҳарланиб, ўзини нохуш сезган. Буни вақтида пайқаган атрофдагилар кеч соат 2:30 ларда ҳолат бўйича шифохонага маълум қилишган. Ўз вақтида кўрсатилган тезкор ёрдам натижасида уларнинг аҳволи яхшиланган.
Албатта, бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун ҳар бир фуқаро эҳтиёткорликни унутмаслиги лозим. Бу аввало ўзимиз, атрофимиздагилар учун манфаатли бўлади.
Соҳибжон ВАЙИТОВ,
вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, катта лейтенант