Меню

Қашқадарё

04.03.2018 2327

УМРАГА КИМЛАР БОРАДИ?

Маълумки, Умра арабча сўз бўлиб, “зиёрат” маъносини англатади. Яъни Байтуллоҳнинг махсус зиёратидир. Имоми Аъзам  мазҳаби уламолари умр давомида бир марта Умра зиёратини адо этишни суннати муакка дейишган.

Таъкидлаш ўринлики, бу йилги  Ҳаж ва Умра тадбирлари авалгиларидан фарқ қилади. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги тегишли кўрсатмасига асосан 2017 йил 28 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, муқаддас зиёратга боришни ният қилган киши, авваламбор Ҳаж ва Умра амалларини тўғри ва тўла-тўкис бажариши учун етарли диний билимларга эга бўлишлари лозим. Шунингдек, маънавияти, ахлоқи билан обрў-эътибор қозонган, оилавий муҳити соғлом, фарзандлари ижобий тавсифланган, бошқаларга ўрнак бўларли фазилатлар соҳиби бўлиши ҳам эътиборга олинади. Қарорда жамиятда ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда йўлдан адашганларни тўғри эътиқодга, фойдали меҳнатга қайтариш борасида тажрибага эга бўлган, намуна кўрсатган имом-хатибларни имтиёзли равишда Ҳаж сафарига юбориш учун тавсиялар бериш ҳам кўзда тутилган. Шунга кўра, вилоятимиздан  зиёратга кетаётган 357 кишига имом-хатиблардан иборат 7 нафар элликбоши тайинланди.

Эндиликда Ҳажга бормоқчи бўлган фуқаро аввал ушбу зиёратга бормаган бўлиши, Умрага бормоқчи бўлганлар эса сўнгги икки йил мобайнида Умра ёки сўнгги беш йилда Ҳаж тадбирини адо этмаган бўлиши керак. Ҳажга борадиган номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун туман (шаҳар) ҳокими томонидан 7 кишидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Улар таркибига, қоидага кўра, туман (шаҳар)лар бош имом-хатиблари, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси ва “Нуроний” жамғармаси вакиллари киритилди. Аҳоли ўртасида ҳаж ва умра амалларининг тартиб-қоидалари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва саралаш мезонлари тушунтирилиб, муносиб фуқаролар танлаб олинди. Номзодларни танлашда уларнинг моддий аҳволи, рўзғори етарли даражада таъминланганлиги, зиёрат учун саломатлиги тўғри келиши каби ҳолатларга ҳам эътибор қаратилди.

Зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш ва саломатлигини муҳофаза қилиш борасида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!