Меню

Қашқадарё

04.12.2018 1798

УЛУҒВОР СИЙРАТ ВА ИБРАТ

- Робиъул аввал -  ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади.

Ҳар йили робиъул-аввал ойида дунё мусулмонлари муҳим бир кунни кенг нишонлайдилар. У ҳам бўлса пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган саналаридир. Бу ойда пайғамбаримизнинг ҳаёти, сийрати ва ибратларини янада кенгроқ ўрганиш тадбирлари ташкил этилади. Мавлуд луғатда "туғилиш" деган маънони англатади. Пайғамбаримиз таваллуд топган кун муносабати билан ўтказиладиган маросим ва тадбирлар "Мавлуди Набий" дейилади.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунини нишонлаш ва бунда хурсандчилик қилишнинг ўзига яраша шаръий далиллари, асослари ҳамда манфаатлари бор. Мусулмон уммати тақрибан минг йилдан буён уни нишонлаб келмоқда. Ислом умматининг таянчи бўлган бир қатор уламолар уни яхши амал санашган.

Уламоларимиз: "Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг "Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳ наздида ҳам яхшидир", деган  сўзлари айнан мавлудга мос тушади", дейдилар.

Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломга кўпроқ салавот йўллаш билан ўтказиш лозим. "Салавот" сўзи араб тилидаги "салот" сўзининг жами бўлиб, "дуо" деган маънони англатади. Ҳадисларда айтилишича, салавот айтиш кишини бахилликдан узоқ қилади.

Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари, бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчиси, пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, инсоният фахри, одамларнинг энг яхши хулқлиси ва комили эдилар.

Қуръони карим оятлари Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шарафлаб, номларини юқори даражага кўтариб зикр қилади. Ул зотни барча халойиқдан ҳам яхши ва Парвардигорга энг яқин зот деб улуғлайди.

Бир қатор ҳадисларимиз мусулмон кишига Расулуллоҳга муҳаббат қўйиш вожиб эканлигига далолат қилади. Шундагина у ҳақиқий имон эгаси, нажот топувчи кишига айланар экан. Бу амал имон аҳлларининг сармояси ва ислом аҳкомларининг татбиқидир. Бу қуруқ эҳтирос ва ҳиссиётнинг ўзи эмас, балки у зот ибратларидан сабоқ олиш демакдир.

Сожида АЛЛАЁРОВА ёзиб олди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!