Меню

Қашқадарё

08.02.2018 1849

УЛУҒ ШОИРНИНГ ОЛИЙНАСАБ ҲОМИЙСИ

Хуросонда Абулқосим Бобур ҳукмдорлиги даври (1449-1457)да Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Кичкина подшоҳнинг яқин кишиларидан бўлган. “(Ғиёсиддин Баҳодир) ...чиғатой улуси улуғларидан ва султон Абулқосим Бобур баҳодир ҳукмронлиги даврида султоннинг яқин кишиси бўлиб, мамлакатни идора қилиш ва давлатга кафиллик унинг инон-ихтиёрида эди. Бениҳоят фаоллигидан ҳамма вақт ўғлига (Навоийга) фазилат ўргатди, тамом ҳимматини саодатманд фарзандини илм-ҳунар безаклари билан зийнатлаш ҳамда ҳидоят нурлари билан равшан қилишга сарф қилди”, деб ёзади Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш-шуаро” асарида. Султон Абулқосим Бобур ёш Навоийни қадрлар, ундан марҳаматини аямас, доим қўллаб-қувватларди. Унинг пухта илм эгаллаши учун барча шарт-шароитларни яратиб берган эди.

Сом Мирзо Алишер ёшлик айёмини Бобур Мирзо хизматида ўтказгани ва қобилияти жиҳатидан подшоҳга ёқиб, унинг тутинган фарзанди сифатида танилгани ҳақида ёзади. Бинобарин, ўн ёшидан, яъни 1450 ёки 1451 йилларда подшоҳ саройига хизматга киргани Навоий истеъдоди тан олинишининг ифодаси эди. Чунончи, Давлатшоҳ Самарқандий ҳам “Султон Абулқосим Бобур улуғ амирга таъбининг мулойимлиги, зийраклиги учун офаринлар ўқир эди, баъзи пайтларда улуғ амир битган туркийча ёки форсийча шеърларни мутолаа қилар ва хайрли дуолари билан қўллаб-қувватларди...”, дейди. Албатта, мусулмончиликда ота фарзанди ҳақига хайрли дуолар қилишидан келиб чиқсак, ҳақиқатан Сом Мирзо таъкидлаганидек, Абулқосим Бобур бошқаларга ўхшамаган, фариштасийрат бу йигитни фарзандлари қаторида кўрган ва ундан ўз панд-насиҳатларини, ёрдамини аямаган. Подшоҳ бор-йўғи 36 йил яшаб (отаси Бойсунғур Мирзо ҳам 36 йил умр кўрган), 8 йил ҳукмдорлик қилган бўлса-да, аммо ёш Алишер ҳаёти ва ижодида ўчмас из қолдирди. Тарихчи Давлатшоҳ Самарқандий таъбири билан айтганда, Навоий ҳам “мағфиратли подшоҳ замонида, унинг ҳашамати ва ҳиммати билан ҳаммавақт фазилат орттиришга интилди, фазл эгаларининг суҳбатини топди, карамли таъби ва ўткир зеҳни шеър айтиш, ўтмиш тарихни ўрганишга қаратилди. Ёшлик пайтидаёқ икки тил эгаси; туркийда соҳиби фан, форсийда фазл эгаси бўлди...”

Мирхонд “Равзат ус-сафо”да айни мавзуда қуйидагиларни келтиради: “Ул ҳазрат Султон Ҳусайн Мирзо Абулқосим Бобур билан ҳамсуҳбат бўлган кезлари амир Алишер ҳам ул олий даражали подшоҳнинг мулозаматини ихтиёр қилди. Мирзо Бобур тангри таолонинг раҳматига етишгандан кейин ҳоқон Мансур Султон Ҳусайн муқаддас Машҳад шаҳридан Марвга келди. Ул соф кўнгиллик амир шу вилоятда тўхтаб, фазл касб этиш ва илм орттириш билан машғул бўлди...”

Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асарида ҳам Алишер Навоий Абулқосим Бобурнинг яқин суҳбатдоши бўлгани қайд этилади. Дарвоқе, Навоий Абулқосим Бобурнинг ўғли Шоҳ Маҳмуддан 5 ёш катта эди. 1457 йилда Абулқосим Бобур вафот этиб, Султон Маҳмуд Машҳадда ҳукмдор деб эълон қилинганида, Навоий унинг ёнида эди. Султон Маҳмуд Ҳирот сари юришда амакиси Алоуддавла Мирзонинг ўғли Муҳаммад  Иброҳимдан енгилади.1459 йилда эса Кобул ҳукмдори Амир Бобога қарши жангда 14 ёшида ҳалок бўлади.

Абулқосим Бобур ёш Алишернинг шеърлари, суҳбатлари ва маслаҳатлари шайдоси эди. Подшоҳ сафарларда Навоийни ўзи билан бирга олиб юргани ҳақида маълумотлар бор.

Бундан ташқари, ўша пайтда Навоий Хуросонда машҳур шоир сифатида танилганди. Бу ҳақда унинг ўзи “чун ул авқотда фақирнинг назмлари Хуросонда шуҳрат тутуб эрди”, дея ёзади. Хуросонда шоирнинг шуҳрат топишида шеърият ихлосманди Абулқосим Бобурнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Навоий Абулқосим Бобур ҳақида “Мажолис ун-нафоис”да қуйидагича ёзади:

“Бобур Мирзо - дарвешваш ва фонийсифат ва карим ул-ахлоқ киши эрди. Ҳиммати олдида олтиннинг дағи кумушнинг тош ва туфроқча ҳисоби йўқ эди. Тасаввуф рисолаларидан “Ламаъот” била “Гулшани роз”ға кўп машъуф эрди. Таъби дағи назмга мулойим эрди”.

Подшоҳ Абулқосим Бобур форсча ва туркийча  шеърлар ҳам ёзган. Мана, унинг бир байти:

Неча юзинг кўриб ҳайрон ўлайин,

Илоҳи, мен сенга қурбон ўлайин.

Хўш, нега Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Ҳусайн Бойқаро сингари Абулқосим Бобурни ҳам дарвешваш, яъни дарвеш каби деб атайди? Хўш, шоҳлар дарвеши бўлган султонда дарвешликнинг қайси белгилари мужассам бўлиши керак? Навоийнинг кўрсатишича, булардан бири ҳақни таниш, илмга ташналик, ҳаётда эса хокисор бўлиб, ўзини фақирона тутишдир. Гўзал ахлоқ соҳиби Бобур Мирзо тахтда ўтирса-да, охиратини ўйлаган, тож кийса-да, унга маҳлиё бўлмаган, шоҳлик рутбасида дарвешдай ҳалол ва ҳалим, марҳаматли, адолатпарвар темурийзода бўлган.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Абулқосим Бобур атрофига шоирларни тўплаб, мушоиралар ўтказишни хуш кўрган. Ёш Навоий эса сарой шоири сифатида Абулқосим Бобур ҳузуридаги адабий мажлисларнинг фаол қатнашчиларидан бири бўлган, бу йиғинларда шоир томонидан ўқилган шеърлар подшоҳ ва анжуман аҳли эътиборини тортган. Бу эса, ўз навбатида, ёш шоирнинг туркий шеърият оламидаги шуҳратини оширишга хизмат қилган.

Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Абулқосим Бобур таърифу тавсифига катта ўрин ажратгани ҳам бежиз эмас. Шу асарда қайд қилинишича, Мавлоно Муҳаммад Муаммоий, Вали Қаландар, Ҳофиз Шарбатий ҳамда Мавлоно Муҳаммад Амин сингари кўплаб  шоирлар ҳам Навоий қаторида Абулқосим Бобур анжуманларининг фаол иштирокчиларидан бўлишган. “Мажолис ун-нафоис”да Абулқосим Бобур саройидаги мажлис иштирокчилари,  шоирлар, давр фозиллари, зиёлилар тўғрисида кенг ёритилгани Навоийнинг ушбу мушоираларда мунтазам қатнашганини билдиради. Қолаверса, буларни ўқиб, Абулқосим Бобур саройи чинакам илм-маърифат ва маданият маскани бўлгани, улуғ шоир истеъдоди шу маскан таъсирида баркамол ривож топганига амин бўлиш мумкин. Мухтасар қилиб айтганда, Абулқосим Бобурнинг Навоий ҳаётида тутган ўрни устозлари Абдураҳмон Жомий, Сайид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммадларникидан кам эмас.

Шерхон ҚОРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!