Меню

Қашқадарё

10.07.2020 1735

ҚУЛЛИКНИ ИБЛИС ЎЙЛАБ ЧИҚАРГАН

Сараланган сатрлар

Америкалик адиба Гарриет Бичер-Стоу (1811-1896) қаламига мансуб "Том тоғанинг кулбаси" асари ҳақида биринчи марта 9-синф жаҳон тарихи дарслиги орқали билганман. Унда китоб қулдорликка қарши, негрлар камситилишининг олдини олиш ғояларини акс эттиргани айтилганди, холос. Кейин университетда ўқиб юрган йилларим ушбу асарнинг 1948 йилдаги нашри қай бир тасодиф билан қўлимга тушди. Чамаси уни эски китоб дўконларининг биридан сотиб олгандим. Қизиғи, айни шу китобни Плутархнинг "Подшоҳлар ва саркардаларнинг ҳикматли сўзлари", Цицероннинг "Нотиқлик санъати" асарлари таржимони Урфон Отажон ёшлик йиллари тегишли қайдлар билан ўқиб, имзо чеккан экан.

Яқин-ўртадан китобхонлик танлови ўтказила бошлагач, бир китобхонга "Том тоғанинг кулбаси" асаридан савол тушгани қулоғимга чалинди. Қарангки, у китобни ўқимаган, "негрлар хўрланиши ҳақида" деган гапни айлантириб-айлантириб, танловда ғалаба ҳам қозонибди...

Хуллас, Бичер-Стоу негрлар ҳаёти ҳақида асар битаркан, уни қашшоқ бир ношир чоп этишга рози бўлади. Ўшанда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган воқеа юз беради - китоб босилиб чиққан куннинг ўзидаёқ сотилиб бўлади. Ўқувчилар талабини қондириш учун эса нашриёт минг нафар ишчини ишга қабул қилишга мажбур бўлади. Китоб ўшанда 23 тилга таржима қилинади, у асосида саҳна асарлари қўйилади. Шу асари сабаб Бичер-Стоуни Англия, Германия, Швецияда катта тантана билан кутиб оладилар.

Адиба яшаган Цинциннатида қуллар йўқ эди, бироқ уларнинг оиласи қочиб келган қулларга бошпана берар, ёрдам кўрсатарди. Ҳукуматнинг 1850-йилдаги қонуни кўпчиликни дарғазаб этади. Унга кўра, шимолга қочиб ўтган барча қуллар жанубдаги эгаларига тутиб берилиши керак эди. Шу ғазаб ифодаси ўлароқ "Том тоғанинг кулбаси" дунёга келди. Унда адиба "оқ"лар каби "қора"лар ҳам одам эканлиги, барчанинг ҳуқуқлари тенг бўлиши, бир тоифа бошқаси устидан ҳукмронлик қилмаслиги ҳақидаги ғояларни илгари сурди, асарида акс эттирди. Китоб дунё юзини кўргач, қулдор жанубликлар уни "ёлғон ва бўҳтондан иборат" деб баҳолашди. Бунга жавобан Бичер-Стоу "Том тоға кулбасининг калити" деган асар ёзди. Китоб айрим кишилар эмас, қулдорлик тизимига қарши экани билан аҳамиятли эди.

Ўйлаймизки, ўз вақтида шуҳрат қозонган асар тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш ҳали-ҳануз долзарб бўлиб турган бугунги даврда ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.

* * *

"Қулларни меҳнатдан халос қиладиган машинани-а? Худди шунақа машина ихтиро қилинишини олдиндан билгандим. Негр фақатгина мана шундай машинани ўйлаб топади-да! Ҳолбуки  негрларнинг ўзлари машина!"

* * *

Манқал печканинг чап девори Инжилдан олиб ишланган манзаралар ва генерал Вашингтоннинг расми билан безатилган, генералнинг расми шунчалик ранго-ранг қилиб бўялганки, мабодо бирор вақт Вашингтон ўзининг бу расмини кўра қолса ҳайратдан оғзи очилиб қолар эди.

* * *

Ҳеч бир томонга эсмаган шамол ёмон шамол бўлади.

* * *

Сэм қўнғирсоч бошини қашлади, унинг боши унча донишманд бошлардан эмас, аммо барча мамлакатларнинг сиёсатдонлари каби "ноннинг қайси томонига ёғ суркалганини" билиш пайига тушарди.

* * *

Истеъдод ҳар кимда ҳар хил бўлади, агар уни авж олдиришни эплай олсанг, жуда барака топиб кетишинг мумкин.

* * *

"Айтинг-чи, севикли жигаргўшангизни бағрингизга босиб, унинг ухлаётган боши елкангизда эканлигини ва нафис қўлчалари бўйнингизни ишонч билан қучиб олганини сезганингизда, сиз ўзингиз ҳам шу қисқа фурсат ичида қанчадан-қанча йўл босардингиз?"

* * *

Ҳеч бир кимсага абадий азоб тилаб бўлмайди.

* * *

Ёшларнинг жуда яхши ниятлари бўлса ҳам, ўзлари ўтакетган беғамлар. Мени ташвишлантирадигани - ана шу.

* * *

Хотин кишини тушуниш қийин. Сиз уни ана бундай қилади, деб ўйлайсиз, у эса бошқача иш тутади. Кўпинча тескарисича иш тутади. Уларнинг азалдан яратилиши шунақа: ҳамма вақт аксинча иш қилишади.

* * *

Ёш болани пўписа билан алдаш қийин бўлгани каби, негрни ҳам алдаш қийин, ҳар иккисидан ҳам, ҳеч қандай ясамачилик билан ҳақиқатни яшириб бўлмайди.

* * *

Баъзилар шляпани чаккага қўйиб кийгандилар - булар хушчақчақ ва шўх, тетик одамлар. Бошқа бировлар тўғри бурунларига   бостириб олгандилар - булар гапидан қайтмас ўжар одамлар. Баъзилар бор эдики, шляпаларини энсаларига суриб олгандилар - булар ҳар бир нарсани игнасидан ипигача текширадиган ҳушёр одамлар эди.

* * *

"Мистер Вильсон, сизнинг ватанингиз бор, лекин мен каби чўри-оналардан туғилган увол одамларнинг қандай ватани бўлиши мумкин, ахир? Қонунларни биз ўйлаб чиқармаганмиз, бу қонунлар учун бизнинг розилигимизни сўраганмаслар ва биз бу қонунлар билан ҳисоблашмаймиз. Бу қонунлар бизни фақат эзади ва хўрлайди".

* * *

Пул ҳамма вақт мадад беради. Пул, агар ҳалоллик билан топилган бўлса, ҳар қанчаси ҳам ортиқча бўлмайди.

* * *

Унинг миясига, одамларнинг қўли бўш пайтида, шайтон уларни ўз домига илинтиради, деган тушунча азалдан сингдирилган эди.

* * *

...болалар бир кайфиятда узоқ қолмайдилар, бу бир бахт.

* * *

Дарёнинг қаери тинч оқса, ўша ери чуқурроқ бўлади.

* * *

...оҳ-воҳчи ва йиғлоқи хотинлар эркакларни зериктириб юборади.

* * *

Бутун дунёдаги юқори ва пастки табақа кишиларига қаранг; ҳамма ерда бир аҳвол: пастки табақадагилар юқори табақадагиларга танларини ҳам, жонларини ҳам, идрокларини ҳам қурбон қиладилар.

* * *

Бутун бошли хўрланган, эзилган кишилар синфи ўзларига ўхшаган бошқаларнинг ихтиёрига тўла-тўкис ва назоратсиз топширилган, ва улар ўз манфаатлари ғамини ейишни ҳам билмайдилар. Бинобарин, бу разил жамиятда яшовчи яхши одамга фақатгина кўзни юмиб, бағритош бўлиш қолади, холос.

* * *

Агар биз турмушдаги барча қоронғи томонларни ахтариб топиб, уларга  суқилаверсак, булар учун юрагимиз етмайди.

* * *

...наҳот дунёда бир ишни нотўғри деб ҳисоблаган одамларнинг ҳеч бири ўша ишни қилмайди, деб ўйласангиз?

* * *

Қул ишлатиб капитал орттирувчи плантаторлар, буларга хушомад қилувчи руҳонийлар, қуллик ёрдами билан давлатни идора қилишни хоҳловчи сиёсий арбоблар ҳақиқат тўғрисидаги ҳар қандай тушунчани истаганча буза оладилар, уларнинг бу кашфиётчиликларидан эса бутун дунё ҳайратланади. Лекин пировардида уларнинг сўзларига ўзларидан бўлак ҳеч ким ишонмай қолди. Қулликни иблис ўйлаб чиқарган ва менимча, унинг ўйлаб чиқарганларидан ҳеч қайси бири унга қулликдай зўр омад етказган эмас.

* * *

"Мен қуёшнинг иссиғини ёмон кўраман, шунинг учун ҳам офтобда негр ишлаши керак! Негрнинг ишлаб топган пулини тортиб олиб, ўзимга сарфлайман. Мен кўлмакдан ўтаман, деб этигимни ҳўл қилишни истамайман, демак бу кўлмакда негр ётиши керак, мен уни кўприк қилиб босиб ўтай. У ҳар кун ўз тилагини эмас, менинг тилагимни бажаради ва то ўлгунча шундай қилади. Қуллик мана шундан иборат".

* * *

Эҳтимол, бирон бекорчи такасалтанг, назар-писанд қилмай: "пахта териш шунча оғир иш эканми?" деган саволни берар.

Оғир эмасми? Бошингизга бир  томчи сув тушса, шунга бардош бериш оғирми? Қани айтинг-чи? Ҳеч оғир эмас. Лекин инквизициянинг энг қаттиқ жазо чораларидан бири шундан иборатки, киши бошининг бир жойига кўп соатлар давомида сув томчилаб тураверади. Ҳадеб айни бир ҳаракатни бир неча соат такрорлайверсангиз ва буни ўз хоҳишингиз билан қилмаётганингизни билсангиз, аслида оғир бўлмаган иш ҳам кишини ҳолдан толдирадиган даражада оғир бўлиб қолади.

* * *

Кучли одам кучсизни эзарди. Ҳар ким фақат ўз ғамини ерди. Бу қуллар билан ҳайвон каби муомала қилардилар; бинобарин, уларнинг худди ҳайвондай бўлиб қолганликларига таажжубланмаса ҳам бўларди.

* * *

...бутун бир мамлакатга озодлик керагу, айрим бир кимсага озодлик керак эмасми? Мамлакатнинг озодлиги - унинг ҳар бир фуқаросининг ҳам озодлигидан иборат эмасми ахир? Қора кўзлари яшнаган, томирларига Африка қони аралашган мана бу йигит учун озодлик нима? Сизнинг оталарингиз учун озодлик - мамлакатнинг мустақил бўлиш ҳуқуқини ифодаларди. Жорж Гаррис учун эса озодлик - кишининг ҳайвон эмас, балки инсон бўлиш ҳуқуқидан, ўз хотинини "ўз хотиним" деб айтиш ва ҳар қандай жабру зулмдан уни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан, ўз боласини асраб тарбиялаш ҳуқуқидан, ўзининг хусусий уй-жойига, ўз дин-эътиқодига, бировлар томонидан сиқилмайдиган ўз хусусий дидига эга бўлиш ҳуқуқидан иборатдир.

* * *

Биринчи озодлик кунининг бутун лаззатини қандай тасвирлаш мумкин? Ҳар бир кишида, бошқа беш туйғудан кўра нозикроқ ва юксакроқ олтинчи ҳиссиёт - алоҳида озодлик ҳиссиёти йўқми, ахир? "Биров мени пойлаб юрипти" демасдан, қўрқмай юриш, сўзлашиш, нафас олиш ва ўзингизни хавфсизликда ҳис этиш нақадар яхши!

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!