Меню

Қашқадарё

21.01.2020 2547

УЛКАН ЗАВОД, ТЎҚИМАЧИЛИК КОРХОНАЛАРИ ВА АГРОЛОГИСТИКА МАРКАЗИ...

Инвестиция лойиҳалари

2020 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш манзилли дастури доирасида жорий йилда Қашқадарёда "Uzbekistan GTL" масъулияти чекланган жамияти, шунингдек, тўқимачилик мажмуалари, агрологистика маркази ва яна бир қатор замонавий корхоналар фойдаланишга топширилади.

Давлат раҳбарининг шу йил 9 январдаги қарори билан тасдиқланган  бу манзилли дастурда мамлакатнинг барча ҳудудларида 206 та янги қувват ва 31 мингдан зиёд иш ўринлари яратилиши назарда тутилган экан, улардан энг йириги, шубҳасиз, Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метан газидан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган UzGTL заводидир. Лойиҳа қиймати 3,6 миллиард доллардан зиёд мазкур корхонанинг қуввати бир йилда 307,3 минг тонна керосин, 724,6 минг тонна дизель ёнилғиси, 437,3 минг тонна нафта ва 53,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш имконини беради.

Дастурда қайд этилган муддатларга кўра, лойиҳанинг техник якунланиши шу йилнинг июнь ойига тўғри келса, маҳсулот ишлаб чиқариш декабрда бошланиши лозим. Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, GTL заводининг ишга туширилиши, бир томондан, ҳар йили чет элдан 1 миллион тонна атрофида суюқ ёнилғи импорт қилинишига чек қўйиб, иккинчи томондан, ишлаб чиқарилган нафтани Шўртан газ-кимё мажмуасига етказиб бериш ва бир йилда қўшимча 505 минг тонна ҳажмида полимерлар олиш учун замин яратади.

Вилоятимизда нефть-газ соҳасида яна иккита йирик лойиҳанинг йил охиригача якунланиши кутилмоқда. Улардан биттаси Муборак газни қайта ишлаш заводида газдан пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг тўртинчи технологик линиясини барпо этиш, иккинчиси эса собиқ "Шўртаннефтгаз" МЧЖ - ҳозирги Шўртан нефть ва газ қазиб олиш бошқармасида шунга ўхшаш қурилмаларни реконструкция қилишга қаратилган. Муборакдагиси шу йилнинг май   ойида, Ғузордагиси эса сентябрда ишга туширилиши режалаштирилган бу объектларнинг фойдаланишга топширилиши воҳамизда бир йилда ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ ҳажмининг қарийб 100 минг тоннага кўпайишини таъминлайди.

Қарши туманидаги "LT Textile International" хорижий корхонасида эса шу йилнинг декабрь ойида тўқимачилик мажмуасининг иккинчи навбати қуриб битказилиб, бир йилда 15 минг тонна ип-калава ва 10 миллион квадрат метр мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Киймати 115 миллион долларга тенг бу лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида Файзобод қишлоғида яна 500 янги иш ўрни яратилади.

Яккабоғ туманидаги "Rus-Dost Tekstil" масъулияти чекланган жамиятида йилига 4,5 минг тонна ип-калава, Шаҳрисабз туманидаги "Shahrisabz Textil" МЧЖда 8,5 минг тонна ип-калава ва 3,3 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқаришни мўлжаллаб рўёбга чиқарилаётган лойиҳаларга тегишли тартибда 9 миллион ва 20 миллион доллар йўналтирилади. Биринчисида 100 та, иккинчисида эса 200 та янги иш ўрни ташкил этиладиган бу корхоналарнинг очилиши ҳам шу йил декабрь ойига белгиланган.

Қарши шаҳрида дастлаб ип-калава, кейин эса трикотаж мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйган "Sulton Tex Group" хусусий корхонаси жорий йилда фаолиятини янада кенгайтириб, ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери доирасида пахта тозалаш заводи ва чигитни қайта ишлаш корхонаси бунёд этиш, шу орқали сифатли тола ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлиш учун  12,8 миллион доллар сарфлашни режалаштирган. Жорий йилда ана шу янги тармоқларнинг ишга туширилиши "Sulton Tex Group"да меҳнат қилаётган ишчи ва мутахассислар сонини яна 160 нафарга кўпайтириш имконини беради.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси билан боғлиқ яна бир лойиҳа доирасида "Ширин ният барака" масъулияти чекланган жамияти негизида замонавий агрологистик марказини очиш мақсад қилинган. Мўлжалга кўра, ушбу янги тузилма қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини териш, транспортировка қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатади. Марказ қуввати 3 минг тонна, лойиҳа қиймати эса 5,3 миллион долларни ташкил қилади.

Жорий йилда Қашқадарёда фойдаланишга топшириладиган янги ишлаб чиқариш қувватлари рўйхатидан Қарши шаҳридаги "Uz Shoes" қўшма корхонаси ҳам ўрин олган. Унинг истиқболли лойиҳасини амалга оширишга шу йилнинг сентябрь ойига қадар 5,7 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилиб, йилига 500 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқаришни ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, юртимизда жорий йилда фойдаланишга топшириладиган йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларининг умумий қиймати қарийб 10,8 миллиард долларга тенг бўлиб, ушбу маблағнинг 25 фоиздан ортиғи жорий йилнинг ўзида ўзлаштирилади.

Темур НИЗОМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!