Меню
Қашқадарё
УЛКАН БАЙРОҚ УСТУНИ - ЯНА КУН ТАРТИБИДА
Муҳокамали мавзу
Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши вилоят марказида Ўзбекистон Республикасининг улкан Давлат байроғи устунини ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар учун маблағ ажратишга қарор қилди. Ваҳоланки бундан олти ой олдин ўшанда вилоят ҳокими вазифасида ишлаган Зойир Мирзаев мазкур объект "бирор ҳомий томонидан ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилади, давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди" дея ваъда қилганди.
Кенгашнинг жорий йил 15 ноябрдаги "Қарши шаҳар маҳаллий бюджетининг 2021 йилнинг III-чорак якуни бўйича даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидаги маблағларни йўналтириш тўғрисида"ги қарори иловасига мувофиқ, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармасига "Ўзбекистон Республикасининг 65 метрли Давлат байроғини ясаш ва ўрнатиш ишлари харажатларига" 300 миллион сўм ажратилиши белгиланди.
Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Қарши шаҳар ҳокими шу йил 16 ноябрь куни ободонлаштириш бошқармасига шаҳарда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, гул ва дарахтлар экиш, қурилиш-таъмирлаш ва бошқа харажатларга қўшимча маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди ва унинг иловасида ҳам 65 метрлик Давлат байроғи устунини ўрнатишга 300 миллион сўм маблағ йўналтирилаётгани қайд этилган.
Бундан кўриниб турибдики, жорий йилнинг апрель ойи охирида нафақат Қашқадарё, балки бутун республика миқёсида кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган объект - Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида бунёд этилиши режалаштирилган улкан Давлат байроғи илиниши мўлжалланган баланд устунни ўрнатиш ишлари яқин кунлардан бошлаб давом эттирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз: Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида 62,5 метр баландликда Давлат байроғи илиниши ва унинг биргина устуни (флагштоки) қурилишига 1 миллиард 350 миллион сўм сарфланиши назарда тутилгани ҳақидаги хабар илк бор "Qashqadaryo" газетасининг 2021 йил 27 апрель сонида чоп этилганди. Ўшанда майдоннинг амфитеатр олдидаги хиёбон билан туташ қисмида улкан байроқ устуни пойдевори бунёд этилаётгани, бу ноёб объектнинг буюртмачиси Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, пудратчиси "Воҳа махсус монтаж сервис" масъулияти чекланган жамияти экани ҳам маълум қилинган эди.
Ҳозир ҳам очиқ манбаларда топиш мумкин бўлган ҳужжатларга кўра, ободонлаштириш бошқармаси ва мазкур МЧЖ ўртасида шу йил 7 апрелда шартнома тузилган бўлиб, унга мувофиқ пудратчига қурилиш-пудрат ишлари учун Қарши шаҳар ҳокимининг қарорига асосан 200 миллион сўм маблағ ажратилган. Шартноманинг умумий баҳоси 1,35 миллиард сўмни ташкил этиб, муддати 2021 йил 31 декабргача белгиланган.
Байроқ устуни ҳақидаги хабар кўплаб интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали тез орада кенг оммага тарқалиб, қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Орадан кўп вақт ўтмай, муҳокамаларга сабаб бўлган байроқ ўрнатилишига Зойир Мирзаев муносабат билдириб, унинг бу борадаги фикрлари вилоят ҳокимлигининг расмий Telegram каналида келтириб ўтилди.
- Ҳар биримизнинг Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз чексиз. Рамзлари ҳам қадрли, - дея қайд этганди вилоятнинг собиқ раҳбари ўз муносабатида. - Лекин бунинг учун халқдан, тадбиркорлардан келаётган маблағ эвазига бу қийматдаги қурилишни бугунги вазиятда амалга ошириш бефойдадек, чоғи. Бу фикрни ижтимоий тармоқларда кўпчилик юртдошларимиз ҳам билдириб ўтишибди.
Шундан келиб чиқиб, Зойир Мирзаев устун учун сарфланиши кўзда тутилган 1,35 миллиард сўм Қарши шаҳридаги хароба ётоқхонанинг таъмирига йўналтирилишини таъкидлаб, мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига устун эмас, фуқароларимиз учун шинам хонадонлар туҳфа қилишни афзал билди.
- Устун масаласига келсак, бирор ҳомий томонидан ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилади, - дея ваъда қилганди у. - Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди. Шу ўринда, бу каби маблағларнинг сессияларда тасдиқланишида маҳаллий кенгаш депутатларини, жамоат фаоллари иштирокидаги "халқпарвар комиссия"ларини ҳам фаолликка чақираман. Давлатнинг бир сўми ҳам мақсадсиз ёки самарасиз кетмаслиги керак.
Вилоятнинг аввалги раҳбари мазкур масала юзасидан муносабат билдирган кундан чамаси олти ой ўтгач, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши томонидан юқорида номи келтирилган қарор қабул қилинди.
Маълумотларга кўра, шаҳримиздаги Мустақиллик майдонида улкан флагшток ўрнатилса, унинг атрофидаги 2 минг квадрат метрлик ҳудудни ободонлаштириш, майсазор ва гулзорлар, йўлаклар ва тош лавҳлар барпо этиш ва байроқнинг ўзини бичиб тикишга ҳам анчагина (1 миллиард 350 миллион сўмдан ташқари) маблағ сарфланади.
Ўз мухбиримиз