Меню
Қашқадарё
УЛАР ЯНГИ ЙИЛНИ ИШ ЖОЙИДА КУТИШАДИ
“БАЙРАМ БЎЛГАНИ ЯХШИ, САЛОМАТЛИГИМИЗ УНДАН-ДА МУҲИМ”
Шифокорлар хизматига эҳтиёж кун, вақт танламайди. Шу сабаб улар учун байрамлар, умуман олганда, дам олиш кунлари йўқ ҳисоби. Аксар шифокорлар Янги йил кечасида ҳам асосий вақтини иш жойида ўтказади. Албатта, бунга асос бор.
- Боиси, бундай шодиёна кунда бизга аҳолидан келиб тушадиган чақирув қўнғироқлари, мурожаатлар одатдагидан кўпаяди, - дейди Миришкор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Чандир қишлоқ участка шифохонаси бош шифокори Сайпулла Шаропов. – Деярли ҳамма Янги йил байрамига ўзгача тайёргарлик кўради. Бу кунда кўнгилсизлик бўлиши ҳеч кимга ёқмайди. Аммо гоҳида носоғлом овқатланишимиз натижасида саломатлигимизга путур етади.
Бундай пайтда беморларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур. Асосийси, эл саломат бўлса бўлгани. Бундан ортиқ хурсандчилик йўқ. Шунда ҳар қандай байрам ҳам татийди, бу кун оиламиз даврасидан узоқда бўлганимизга ҳам афсусланмаймиз.
“2 МАРТА ЯНГИ ЙИЛНИ УЙДА КУТГАНМАН”
Янги йил оқшомида иш вақти тугаши билан айтарли барча уйга, яқинлари олдига шошилади. Ушбу паллада касби талаб қилгани учун, аксинча, дарҳол ишга отланадиганлар ҳам бор. Шундай инсонлардан бири - Қарши ИИБ ЁХБ бўлинма командири Шароф Рашидов зиммасига алоҳида масъулият юклатилган.
- Маълумки, бундай кунларда мамлакатимиз бўйлаб ёнғинга қарши кураш чора-тадбирлари кучайтирилади, - дейди у. – Ҳар сафар бўлимимиз томонидан ушбу тадбирга меҳнат фаолиятида катта тажрибага эга 10-15 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинади. Улар орасида мен ҳам борлигимдан жуда фахрланаман. Мана 15 йилдирки, Янги йилни иш жойимда нишонлайман. Фақат 2 марта байрамда уйда бўлганман. Умумхалқ шодиёна кунларида оилам билан эмас, балки меҳнат жамоам билан бирга бўлишга кўникиб ҳам қолганман. Шундай ҳолатда ҳам бизни байрам кайфияти асло тарк этмайди. Бир-биримизни хурсанд этиш учун баҳона бўлади.
Бироқ бунга ҳар доим ҳам вақт топилмайди. Чунки Янги йил байрамида жойларда эҳтиётсизлик оқибатида ёнғин келиб чиқиши хавфи нисбатан ошади. Мисол учун, кимдир резина баллон ёқади. Бу ёнғин кенг тус олмаслиги кафолатланмаган. Турган гапки, бизнинг ишимиз кўпаяди. Хуллас, ҳар қандай ҳолатда ҳам хушёрликни йўқотмасликка ҳаракат қиламиз. Жойларга чиқиб, аниқланган ҳолатларни бартараф этамиз. Янги йилнинг ёнғинсиз ўтиши - биз учун катта совға шу, деб ўйлайман.
“КАСБИМ МАСЪУЛИЯТИ БАЙРАМНИ НИШОНЛАШ ИШТИЁҚИДАН КУЧЛИРОҚ”
Байрам бўлса-да, йўлларда транспорт қатнови тўхтамайди. Негаки, йўловчиларни ёки юкларни ўз вақтида манзилга етказиб қўйиш керак. Бу эса таксистлар, юк машина ҳайдовчилари, учувчилар учун иш вақти ҳали тугамаганлигини билдиради. Темир йўлларда ҳам қатновлар белгиланган график асосида давом эттирилади. Демак, ушбу соҳа вакиллари ҳам Янги йилни иш жойида, хизмат давомида кутиб олади.
- Байрам кунлари ҳам темирйўлчиларнинг иши кўп бўлади, - дейди Қарши локомотив депоси машинист йўриқчиси Йигитали Тўраев. – Масалан, поездлар тайинланган вақтга қадар манзилга етиб бориши даркор. Бу ишни машинистлар бажаради. Тўғри келиб қолса, улар байрамда ҳам ишлайдилар, Янги йилни йўлда, сафарда, бошқа жойда кутиб оладилар. Ўзим ҳам бундай ҳолга кўп дуч келганман. Бироқ бундан заррача хафа бўлмайман. Касбим масъулияти бу иштиёқдан устунроқ.
Дарҳақиқат, байрамни нишонлаш ҳар бир кишига ўзгача завқ бағишлайди. Агар оилангиз даврасида байрам қилсангиз, бу ҳам инсонга улкан қувонч бахш этади. Шуни унутмаслик керакки, биз тилга олганимиз - шифокорлар, ички ишлар ходимлари, қолаверса, ҳарбийлар ва шунга ўхшаш бошқа касб эгалари бурчи тақозо этгани сабаб шодиёна кунларда ҳам иш жойида ҳозир бўлиши шарт. Улар халқ саломатлиги, юрт тинчлигини муҳофаза этишга, яъни байрам янада яхши бўлишини таъминлашга масъул. Бу эса хурсанд бўлишга арзийдиган сабаб.
Бугун ишда бўлганларга байрам муборак!
М.ШУҲРАТОВ