Меню
Қашқадарё
УЛАР ХАЛҚИМИЗНИ МУҚАРРАР ҲАЛОКАТДАН ҚУТҚАРИБ ҚОЛИШДИ...
Сараланган сатрлар
Абдулҳамид Чўлпон "Ўзбек театри маликаси" дея таъриф берган Маъсума Қориева биринчи ўзбек актрисаси саналади. Афсуски, унинг ҳаёти уқубатларга тўла бўлган. Мамлакатимиз тарихининг жадидлар даври қандай мураккаб бўлганини айнан унинг оиласи мисолида кўриш мумкин. Маъсума Қориеванинг қайнотаси Абдувоҳид қори - машҳур уламо, "Шўройи исломия" ва "Маҳкамаи исломия" жамиятлари раиси, босқинчилар Уфага олиб кетган муқаддас осори атиқа - Усмон Қуръонини юртимизга қайтариб олиб келишда жонбозлик кўрсатган арбоб, яъни жадидлик даврининг "қадимчи"ларидан бўлган. Қорининг тўнғич ўғли Босит Қориев - Маданият вазирлиги санъат бошқармаси бошлиғи, ўртанча ўғли Боис Қориев, яъни Олтой - "янгиликчи" шоир, Маориф вазирлигининг масъул ходими сифатида фаолият кўрсатган.
Аммо мустабид тузум қатағонлари туфайли шоир Олтой "Наркомпрос" иши бўйича ҳибсга олиниб, ўн йил сургун қилинади. Сўнгра кекса Абдувоҳид қори ва Босит Қориев қамоққа олинади.
Актриса эса "Халқ душманлари"нинг яқини сифатида жамиятдан четлаштирилади, истеъдоди хазон бўлади.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганида, мамлакат ҳукумати қамоқхонадаги маҳбусларга умумий афв эълон қилиб, ким ихтиёрий равишда фронтга жўнаб, жасорат кўрсатса, айбловлар олиб ташланишига ваъда беради. Айни шу дамда Маъсума Қориеванинг фарзандлари, теваракдагиларнинг маломатларидан ва хўрлашларидан таҳқирланган навниҳол йигитчалар - Ботир ва Шавкат ихтиёрий равишда фронтга жўнаб кетишади.
Қайнотаси ва эри 1938 йилда отиб ташланган Маъсума Қориеванинг икки фарзанди фашизмга қарши курашда ҳалок бўлади. Фарзандлари тақдирини билиш учун Москвага борган актриса ўша ерда вафот этади, унинг жасадини самолётда ҳам, поездда ҳам олиб кетишга рухсат берилмайди. Ниҳоят, марҳуманинг жасади куйдирилиб, кули солинган кичик бир идиш Тошкентга олиб келинади, шу тарзда сиёсий тузум бир оиланинг кулини шу тахлит "кўкларга совуриб" юборади...
Қайд этиш лозим, Президент Шавкат Мирзиёев Маъсума Қориеванинг фожиали тақдирига тўхталиб: "Мана шундай қайғули воқеалар билан танишганда, қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва бурчимизни янада чуқур ҳис этамиз. Бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор англаймиз", деган эди.
Ёзувчи Исажон Султоннинг "Маъсума" романи биринчи ўзбек актрисасининг фожиали ҳаёти ҳақида сўз очади. Бу китобни албатта ўқинг, миллат зиёлиси сифатида ҳам яқин тарихимизга назар солинг ва бошқаларга, айниқса, ёшларга кўп-кўп сўзлаб беринг...
* * *
Уруш қонуниятига кўра, халққа тегилмас, жангга фақат қўшин кирар, ғалабаси ё мағлубияти ҳалол бўлар эди. Оқпошшо қўшини қора халқми, аскарми, барининг қонини бирдай тўккани халқнинг суягига бориб тақалгани учун қўзғалди, десангиз-чи. Аммо, афсуски, бу ишлардан бирон бир натижа чиқмади...
* * *
Шундай бир ўйин бўлдики, дунё қайтадан тақсимлаб олинди. Ўрусия урушда талафот билан чиққани учун уни Янги дунёга яқинлаштирмай, бизнинг ўлкаларни эгаллашига йўл қўйиб беришди. Мунавварқори билан Беҳбудий ҳазратлари Фарангистондаги иттиҳодия йиғинида Оврупа давлатларини Туркистонга ёрдам беришга кўндиришга уриниб кўришди, аммо у давлатлар қуруқ ваъдалар беришдан бошқа ҳеч иш қилишмади. Тўғриси ҳам шу: олис-олислардаги бир ўлкага нега ёрдам беришсин? Шу тариқа, Туркистонимиз ўз жаҳолатига ўзи ўралиб, жон талвасасида қолаберди.
* * *
Эл ўзининг кимлигини унутиб қўймасин. Бу зулматга шўнғир экан, энди қачон қайтиб чиқиши номаълум. Дунё наҳанглари уни ютиб юбормасин, бир кунмас-бир кун албатта қайтиб чиқсин, шунда ўзининг ким эканини унутмаган ҳолда қаддини ростласин... Бу гап-сўзлар ҳар биримизнинг қалбимизни оғритади, бироқ нажот қайда?
* * *
Бундан бир қанча йил муқаддам Оқпошшо аскарлари Хивага юриш қилганида, йўлда бир қалъага дуч келишади. Қалъа беги "Бизларнинг жанг қилиш учун етарли қурол-яроғимиз йўқ, магар уруш ниятида келган бўлсангиз, биз ҳозир уруша олмаймиз. Хивадан кўмак етиб келгунга қадар икки-уч кун кутиб туришингизга тўғри келади" деб хабар чиқаради. Содда кишилар оқпошшо қўмондонларини ўзлари каби тўғри, уруш қоидаларига риоя қилади, деб ўйлашади. Шундан сўнг оқпошшо аскари қалъани ер билан яксон қилади...
* * *
Давлат дейдилар, давлат тузишнинг ўз қонун-қоидаси, сиёсати, адолати бор. Адолатли давлат фуқаронинг бошини силаб, уни эзгу юмушларга йўналтириб, турмушини яхшилашни ўйлайди. Қурол билан таҳдид қилиб, очу тўқ демасдан қирғин қилаверган билан давлат бўлиб қолармиди?
* * *
Менинг қўрққан жиҳатим: ишчи-деҳқон ҳукумати деб бежиз айтилмади, янги ҳукуматга жасоратли эрлар эмас, чумолидай ишлайдиган хизматчилар керак. Бу сиёсатнинг шундай тарафи ҳам бор, кун келиб хожаси не деса кўнадиган, унга қуллуқ қилиб, улуғлайдиган бир тоифа пайдо бўлмасайди, деб қўрқаман. Худойим ўшандай балога гирифтор қилмасин, деб илтижо қиламан. Миллат ҳимояси давлат қўлида бўлгуси эди, эндиликда, минг афсус, давлатимиз йўқ! Халқнинг ўзига қолди бу иш.
* * *
Бизларнинг ҳар биримиз олмон ундоқ, фаранг мундоқ тараққий этибди, деб жар солишни яхши кўрамиз, аммо ўша тараққиётга эришиш учун ҳеч нима қилмаймиз. Гап сотамиз, холос! Ўзимизни мамлакат тақдирига жон куйдиргандек кўрсатсак ҳам, аслида маишатни яхши кўрамиз, зиёфатларни еб, бир-биримизга мақтаниб, олиймақом иморатларимиз, дулдул отларимиз, дабдабали тўйларимиз билан кериламиз. Бундай янгиликларни халққа ким етказади?
* * *
Авваллари сира кўрилмаган янгиликларни ҳаётга шу зотлар олиб келишди. Бу кишилар миллий адабиётни яратишди. Миллат, Ватан деган тушунчалар шулар туфайли пайдо бўлди. Эҳ-ҳе, нималар қилишмади улар? Бунча ғайрат, бунча фидойилик, бунча қалб қўри... Янги усул мактабларини очишди. Мактабларга дарс китоблари керак-ку? Шу сабабли ўзлари дарсликлар ёзишди, ўзлари миллий матбаа очишди, унда дарсликлар билан бирга, газета-журналлар ҳам босиладиган бўлди. Миллат ойдинлари газета-журналлар, янги усул мактаблар, турли кутубхонаю қироатхоналар, театр гуруҳлари тузиб, шулар теграсида жамланишди. Бунча ишга маблағни қаердан топишди денг? Сармоядорлар, тагли-тугли кишилар болаларининг ризқи ҳисобланмиш ақчаларини шу ишга тикдилар. Ҳатто дов-дастгоҳини сотиб хайрия қилганлари ҳам бор.
Билсангиз, айни шу кишилар халқимизни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолишди!
* * *
Энди Туркистон ё йўқ бўлади, ё бор бўлиб, янги давлатга айланиб ўз йўлида давом этади, - деди у жўшиб. - Аммо ҳеч қачон эски даврларга қайтилмайди. Эски тузум халққа вафо қилолмайди. Янги замона кучли, фанларни мукаммал эгаллашни талаб қилади. Бизлар шу йўлни тутмасак, тараққиётдан ортда қолиб, жоҳиллик занжиридан чиқолмай юраберамиз.
* * *
Бизлар кўп йиллардан буён ташдан яхши кўринишга ўрганиб қолдик, ичкари эса чириб бузилгандир. Мисол учун, уйимизнинг ташини бўяб, меҳмонхонамизни дабдабали қилиб безаймиз, аммо ички ҳовлини кўрсангиз, ҳолига маймун йиғлайди. Бошқа ишларда ҳам шундаймиз, тузук-қуруқ ибодат қилмаймиз, аммо жума билан таровиҳга шошамиз. Масжидда калишни чап оёғидан кийганни маломат қиламиз, ўзимиз эса имонни унутиб, мўмин молини еймиз.
* * *
Халқимиз ўта масъум, билим йўлини очиб берсак, тез орада юксалиб кетади.
* * *
Бир бойвачча танишим ўша ёқларни кўриб келай деб Олмонияга борган экан. Қайтиб келганидан сўнг, маҳалла-кўй "зиёратлар қабул бўлсин" деб, уни кўргани чиқибди. Хотинларга мато-газлама, эркакларга майда-чуйдалар олган экан, кишилар нима дейишибди денг? "Мозорбости" деб дуо қилишибди. Қаранг, кишиларимиз қанчалар соф! Ёзилмаган дафтардай, шарқираб оққан дарёдай топ-тоза!
* * *
Халққа зиё тарқатамиз, онгини уйғотамиз. Ҳали кўрасиз, бизнинг ўлка Олмониядан ҳам юксалади. Чунки қонида ўта ноёб истеъдодлар бор. Хонлик тузуми у истеъдодларни назарга илмай, минг-минг кишиларни чоракору мардикор қилиб ишлатди. Ҳайронман: кейинги пайтда қобилиятлилар кўпайиб кетдими ё менга шунақа туюладиган бўлиб қолдими? Ким билан сўзлашмай, зеҳнияти ярақлаб тургандай бўлаверади-я.
* * *
Инсон ҳар доим ўзидан кўра кучлироқ жиҳатга интилади. Кимдир билимда, фикрда, туйғуда кучли бўлса, ўшанга таассуб қила бошлайди.
* * *
Борлиқни образлар орқали идрок этиш, инсон руҳининг бу ёруғ оламдаги қийматини ва дунёга муносабатини сўзлар, куйлар, хатти-ҳаракатлар ва ранглар билан ифодалашни санъат дейдилар. Яхши билиб олинг: жаҳонда из қолдиришнинг санъат ва илмдан бошқа йўли йўқ. Театр эса, шу айтиб ўтилганларнинг барчасини мужассам қилувчи санъатдир. Шу сабабли ҳам, бу йўлни машаққатли дейдилар. Модомики, санъатга дахлдор экансиз, у ҳолда, сиз ижро этган ҳар бир қиёфага ўзингизнинг бир қисмингизни қўшасиз, у қиёфа сизда ва сиз у қиёфада яшай бошлайсиз. Кошки бундай яшаш осон бўлса! Аммо азбаройи дунёда из қолдириш учун шу қисматга чидашга мажбурсиз.
* * *
Одамнинг бошига кўргилик келганида, Худони эслаб қолар экан-да? Ҳа, имдод ёлғиз Ундан келишини билгач, нега ёлвормасин?
* * *
Теварагида юзлаб кишилар бир имосига маҳтал, ўзи эса бепоён бир мамлакатнинг мутлақ подшоҳиман деган ҳирсу ҳавас билан маст, биргина буйруғи билан ўша мамлакат гуллаб-яшнаши ёки фалокатга дучор бўлишидай қудрат ихтиёримда деб ўйлаб, нималар қилиб юбормади-я?! Ҳақиқатан ҳам шундай бўлган дейсизми? Асло йўқ! Бу кишининг қилмишлари туфайли ҳалок бўлганлар мазлум мақомига эришдилар. Ўзи эса, тарих бўйлаб сочилиб кетган золимлар қаторидан ўрин олди. Агар пардалар очилса... Ҳа, агар пардалар очилса, ўша миллионлаб мазлумлар қўлларини чўзиб, ҳаққини сўраб кела бошлашини кўрсангиз эди!
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.