Меню

Қашқадарё

30.08.2019 1577

УЛАР ЁДИ БОҚИЙ МАСКАН

Икки йилча аввал, аниқроғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги тегишли қарорига асосан Қарши давлат университети тузилмасида ташкил этилган Қатағон қурбонлари хотираси музейида ана шу даврларга тегишли, жумладан, "Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1926-1936)"; 1937-1938 йиллардаги  "Катта қирғин" оқибатлари; "1940-1950 йилларда Ўзбекистон жанубида амалга оширилган сиёсий қатағонлар"; "1980 йиллардаги қатағон. "Пахта иши" кампанияси"га оид экспонатлар жой олган. Муассаса Қарши шаҳридаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳида жойлашган.

- Айни пайтда бизда юздан ортиқ экспонатлар мавжуд, - дейди музей директори Дилнавоз Раҳматова. - Уларнинг аксариятини қатағон йилларига оид фото ва видео материаллар, қўлёзмалар, тарихий хариталар, китоблар, суратлар ҳамда турли буюмлар ташкил этади. Музей фонди доимий равишда бойитиб борилмоқда. Илмий муассасалар, вилоятимиз олимлари, тарихчилар билан бир қаторда, кенг жамоатчилик, хусусан, маҳаллалар аҳли билан ҳам ишлашга ҳаракат қилаяпмиз. Жойларда ўтказилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида одамлар ўзларида бўлган ноёб тарихий ҳужжатлар, фото ва видео материалларни музейга топшириб, экспонатларимиз сони ошишига ҳисса қўшмоқда.

Қатағон қурбонлари ким эди? Сизу бизнинг аждодларимиз, миллат эркини соғинган, шу юрт озодлиги учун жонларини аямай курашган фидойи ватандошларимиз эди. Улар номини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур музей эса ёш авлоднинг ҳам ватанпарвар, ўз миллатини севувчи, маърифатпарвар аждодларидан фахр ва ифтихор туювчи жасур фарзандлар бўлиб ўсишида муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!