Меню
Қашқадарё
ҚУЛАЙЛИК, ТЕЗКОРЛИК
Дарҳақиқат, бугун автомобиллар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиладиган энг мақбул кўмакчига айланиб улгурди. Ҳукуматимиз томонидан аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, янги-янги йўналишларни йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Айниқса, шаҳар ва шаҳар атрофидаги йўналишларда автобуслар қатновининг йўлга қўйилаётгани ҳам мақсадга мувофиқ. Чунки, бу улов енгил машиналарга қараганда нарх борасида анча қулай, шу билан биргаликда, ишончли ва хавфсизлиги билан ажралиб туради.
Бироқ тегишли йўналишлар бўйича қатнайдиган автобус ҳайдовчиларига қўшимча масъулият юклаш, қатновнинг аниқ режим асосида амалга оширилишини таъминлашни тартибга солиш вақти келди, менимча. Яқинда ўзим дуч келган бир-иккита ҳолатлардан сўнг шундай фикрга келдим.
Воқеани борича ҳикоя қилиб берай.
Ҳар ҳафтанинг дам олиш кунлари ота-онамни кўриб келиш учун Касби туманининг Қамаши қишлоғига бораман. Мазкур қишлоққа бориш учун қамашиликлар асосан Миришкор томон қатновчи автобуслар ёки йўналишсиз таксилар хизматидан фойдаланишади. Мен бу сафар “Қарши-Қамаши-Миришкор-Жейнов-Чандир-Помуқ” ёзувли автобусга чиқдим. Йўловчилар кўп бўлгани учун тезда жўнасак керак, деб ўйлагандим. Бироқ...
Автобусда оёқ босадиган жой қолмабдики, ҳайдовчи шу атрофда йўловчи чақириб, овозининг борича жар соларди. Бир-иккита кекса кишиларнинг “Болам, шунча одам олдинг, ҳайда-да энди. Автобусингга чиққанимизга икки соат бўлди-я” деган гапларини эса парвойига ҳам келтирмайди.
Мен ҳам шошаётганим учун соатга қарадим. Роппа-роса 13:40. Демак, автобусга чиққанимга ҳам бир соатга яқинлашиб қолибди. Энди юрсак керак, дея ҳайдовчига илтижоли тикиламан...
Ниҳоят орадан яна бир соат ўтиб, 14:45 да автобусимиз жойидан қўзғалди. Бу вақтга келиб айрим йўловчилар аллақачон тушиб, таксида кетишган, қолганларнинг ҳам кутавериб силласи қуриганди.
Автобус йўлга тушганида анча эрта қувонган эканмиз. Ҳали шаҳардан чиқмасданоқ ҳайдовчи бир ҳовли қаршисида тўхтади. Йўловчиларнинг норози оҳангдаги саволларига “Ҳозир бўлади, икки-уч халта юк бор” деганча дарвозадан ичкарига кириб кетди. Ярим соатдан сўнг қайтиб чиқиб, юкхонага халталарни жойлаштиришди. Бу вақтда эса соат 15:30 бўлганди.
Яна 40 дақиқадан ошиқ вақт юриб, манзилда тушиб қолдим. Уйга кириб, ота-онам билан ҳол-аҳвол сўрашар эканман, беихтиёр кўзим деворда осиғлиқ соатга тушди. Унинг кўрсаткичлари вақт 16:30 бўлганини англатиб турарди. Демак, тўрт соатга яқин вақтим автобусда ўтибди. Йўл бўйи тиқилинчда, тик оёқда келганим боис оёғим зирқираб оғрир, асабларим қақшарди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, ҳар бир йўналиш қатновни йўлга қўйиш учун талабгорларга тендер танлови асосида берилади. Бунда иштирокчиларнинг салоҳияти йўналишда белгиланадиган энг мақбул нархдан тортиб, транспорт воситасининг ишлаб чиқарилган йили, ўриндиқлар сони каби бир қанча мезонлар асосида баҳоланади. Демак, ўша йўналишда фаолият олиб бораётган тадбиркор танловда ғолиб чиқиш учун автобус ўриндиқларига мос тарзда йўловчи ташишини таъкидлаган. Шундан фойда олишини ҳам аввал ҳисоб-китоб қилган. Унда нега энди ўриндиқлар сонидан икки баробар кўп йўловчи олиб ҳам қаноат қилмаяпти? Ахир нега унга пул тўлаган йўловчи манзилига тик туриб бориши керак?
Бундай ҳолатни Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида қатнаётган автобусларда ҳам учратмоқдамиз. Айрим автобус ҳайдовчиларининг кўпроқ йўловчи сиғдириш учун баъзи ўриндиқларни бутунлай олиб ташлаганига нима дейсиз? Ёшлар-ку майли, кекса кишилар, ёш болали, ҳомиладор аёллар манзилига тик оёда боришмоқда. Нега мутасаддилар бунга эътибор қилишмаяпти? Автобусдаги ўриндиқларнинг танловда кўрсатилганидан анча камлигини ким текширади? Ахир бу йўловчилар ҳуқуқларини менсимаслик эмасми?
Йўловчи борки, манзилга ўз вақтида, хавфсиз ва яхши кайфиятда етиб боришни истайди. Аммо бугун шаҳар ва шаҳар атрофида қатнаётган автобуслар ҳақида бундай дейиш қийин. Токи, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатининг юқори даражаси, жамоат транспорти йўналишларидаги транспорт воситалари ҳаракатининг белгиланган жадваллари ва оралиқлари маромига риоя этилиши, автотранспортда йўловчилар ташиш соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилиниши таъминланмас экан, қулай ва тезкор йўналишлар аҳоли учун муаммо бўлиб қолаверади.
Воҳид АҲМАД, оддий йўловчи