Меню

Қашқадарё

16.03.2017 2030

ҚУЛАЙ БИЗНЕС МУҲИТИ – МУҲИМ ОМИЛ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси вилоят кенгаши томонидан вилоят фермерлар кенгаши билан ҳамкорликда “Қулай бизнес муҳити - тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришнинг муҳим омили” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз борди.

Маълумки, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши этиб белгиланган. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни қатъий амалга ошириш давлат органларининг асосий вазифаси сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Шу мақсадда жойларда кичик бизнес субъектлари, ишбилармонлар билан бевосита мулоқот қилиш, шу орқали уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, ҳал этишга кўмаклашиш, соҳа вакилларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити шакллантирилган, мустақил бизнес бошлаган юртдошларимизга соҳада муваффақиятга эришиш учун кенг имконият ва шарт-шароитлар муҳайё этилган, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашишга йўл қўйилмайди. Бу жиҳат ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳасига қўл ураётган тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб боришида муҳим омил бўлаяпти. Бироқ баъзида ишбилармоннинг бизнеси ривожига кўмаклашиш, ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар тўла қониқарли йўлга қўйилмаётгани кўзга ташланмоқда. Айрим мансабдор шахслар тадбиркорнинг муаммосини чуқур ўрганиш, уни бартараф этиш, ёрдам кўрсатиш масаласига етарлича эътибор қаратмаяпти. Натижада муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга айрим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши кечикмоқда, ишлаб турган тадбиркорлик субъекти фаолияти тўхтаб қолмоқда.

- Ўтказилган давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – ишбилармоннинг муаммосини тез фурсатда ҳал этиш, фаолиятсиз турган корхоналарни қайта ишга тушириш, уларда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашдир, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашев. – Тадбир давомида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этдик, уларни қийнаётган масалаларни чуқур таҳлил қилдик.

Шунингдек, давра суҳбатида давлат мулки объектларини инвестиция мажбуриятлари асосида (оммавий савдолар, оферта ва “ноль” харид қиймати) хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бозор иқтисодиёти  инфратузилмаси (тижорат банклари, консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг ва суғурта институтлари фаолияти)ни ривожлантиришнинг устувор масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбирда ишбилармонларнинг саволларига батафсил жавоблар қайтарилди.

М.ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!