Меню
Қашқадарё
ҲУКМИНИНГ ТАЪСИРИ КАЛТАКЛАШ ТАЪСИРИДАН КАМРОҚ ЭКАН, УНДАЙ ҲОКИМ ҲУКУМАТ ЮРГИЗИШГА ЯРОҚСИЗДИР
Сараланган сатрлар
"Темур тузуклари"да Амир Темурнинг 7 ёшлигидан то вафотига қадар бўлган воқеалар, шунингдек, давлатни идора қилишда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳийларнинг маоши, мамлакатларни бошқариш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурч ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва бошқалар ўз аксини топган.
Айтишларича, "Тузуклар" нусхаларини Россия, Англия, Франция, АҚШ, Дания, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Яман кутубхоналаридан топса бўлар экан. Бунинг сабаби, мазкур асар кўпроқ дунёга даъвогар ҳукмдорларга керак бўлган, шу боис улар китобдан нусха кўчиртириб, шахсий кутубхоналарида сақлаган ва ўз фаолиятида дастуриламал сифатида фойдаланишган.
Дарҳақиқат, "Тузуклар"ни мутолаа қиларкансиз, Соҳибқирон давлатининг нега бу қадар қудратли бўлгани сабабларини топасиз. Қуйида ана шундай лавҳалардан айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.
* * *
Пирим менга ёзмишларким: "Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни: 1) (ўзинг билан) кенгаш; 2) (бошқалар билан) машварату маслаҳат айла; 3) ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар; 4) эҳтиёткор бўл. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишларию айтган гаплари хато бўлган жоҳил кимсага қиёслаш мумкин; унинг сўзлари ва қилмишлари бошга пушаймонлик ила надомат келтиргай".
* * *
...салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай, яна бир қисми эса билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур.
* * *
(Донишмандлар) демишларким, ўз ўрнида қўлланган тадбир билан кўплаб лашкарнинг қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, фавж-фавж аскарларни енгиб бўлур.
* * *
...ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик (Тангрининг) мадади ва бандасининг тадбири биландир.
* * *
...гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси орқасида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир.
* * *
Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш аҳли бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасунлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, унинг яқинига ҳам йўламасунлар.
* * *
Агар (ғаним устига) лашкар тортмоқчи бўлсам, уруш-ярашдан ўртага сўз ташлаб, амирларим кўнгилларининг бу икковидан қай бирига мойиллигини билишга интилардим. Агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим. Агар урушга мойил бўлсалар, унинг наф ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим; қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим.
* * *
Ўз-ўзимга дедим: "Агар Жета лашкари билан жанг қилсам, улар кўп сонли бўлгани туфайли мабодо менинг лашкаримга зарар етса-чи?" Лекин шу заҳотиёқ ғайратим жўшди: "Салтанат даъво қилиб хуруж қилган экансан, салтанат шаъни ва мартабасига лойиқ иш шуки, жангга кириб, ё зафар қучиб ғолиб бўлгайсан, ёхуд ўлдирилгайсан".
* * *
Бағдодни забт этиш учун даставвал султон Аҳмад Жалойир ҳузурига Бағдод волийси лашкарларининг қай аҳволда эканлиги, юриш-туриши, қудрати ҳақида маълумотлар олиб келиш учун элчи юборишга келишилди. Элчи Бағдоддан менга: "Султон Аҳмад икки кўзли бир бўлак гўшт экан", деган мазмунда хат юборди.
* * *
Салтанат тўнини кийгач, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим. Ўн икки ёшимдан жаҳонгашталик қисматим бўлди, ранжу меҳнатлар тортдим. Ҳар хил тадбирлар қўлладим, (ғаним) фавжларини синдирдим. Амирлар ва аскарларнинг исёнларини кўрдим, улардан аччиқ сўзлар эшитдим. Лекин сабру бардош билан ўзимни эшитмаган, кўрмаганга солиб, уларни тинчитдим.
* * *
Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим. Улар билан муомалада шундай йўл тутдимки, агар хотираларида менга нисбатан шубҳаю қўрқув бўлса, бутунлай унутишар эди.
* * *
Шижоатли кишиларни дўст тутардим, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.
* * *
Дарвиш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва бирон талабларини рад этмадим. Бузуқи, оғзи шалоқ, ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага нисбатан туҳмату ғийбат қилсалар, қулоқ солмадим.
* * *
Ҳеч кимга ғазаб билан қаттиқ муомалада бўлмадим ва ҳеч бир ишда танглик қилмадим, токи Тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин ва ишимни бузиб, ҳолимни танг айламасин деб.
* * *
Ўз тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину тартиб асосида қурилмас, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшайдирким, кўрган ҳар кимса (ундан) нигоҳини олиб қочади. Ёхуд ҳар хил қаланғи-қасанғи одамлар тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди.
* * *
...душманлар пайғамбаримиз Муҳаммадни ўғилсиз (абтар) деб атадилар. Тангри таоло наслсизликни уларнинг ўзига раво кўрди. Дунёдан насллари узилди. Агар насл қолган бўлса ҳам ном-нишонсиз бўлиб, уларнинг номини бирор киши тилга олмайди. Аммо пайғамбаримиз оиласининг зурриётлари сони шу қадар ўсдики, уларнинг ҳисобини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.
* * *
Султон ҳар нарсада адолатпарвар бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар тутсин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Аммо агар вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди.
* * *
Бутун мамлакатда буйруқ ва тақиқлашлар подшоҳнинг ўз ихтиёрида бўлиши лозим. Подшоҳ ҳар ишда ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.
* * *
Подшоҳ ҳукми жорий этилиши зарур, яъни қандай ҳукм чиқаришидан қатъи назар, амалга оширилиши керак. Бирон кимса гарчи ҳукмни зарарли деб билган бўлса ҳам, унга монелик қилолмасин. Чунончи, эшитганманки, султон Маҳмуд Ғазнавий Ғазна шаҳри майдонига катта тошни келтириб қўйишни буюрган экан. Ундан ўткинчи-кеткинчиларнинг от-уловлари ҳуркиб ўта олмай қолибди. Шунда одамлар тош йўл бўйидан олиб ташланса, деб султон ҳузурига қанчалик арз-шикоят қилиб боришмасин, султон: "Чиқарган ҳукмимдан қайтмайман, унга хилоф бирон иш ҳам қилмайман", деган экан.
* * *
Подшоҳлик ишларини тамоман бошқага топшириб, эркни унга бериб қўймасинким, дунё бевафо хотин каби, унинг хуштори кўпдир. Агар шундай қилар экан, ўзганинг нафси тез орада подшоҳ бўлишни тилаб, салтанат тахтини ўзи эгаллашга киришади. Чунончи, султон Маҳмудга хоинлик қилган вазирлар уни салтанат тахтидан тушириб, тахтни ўзлари эгалладилар. Шундай бўлгач, салтанат ишларини ишончли ва мўътабар бир неча кишига бўлиб бериш лозим. Шунда ҳар бири ўз ишига боғланиб, салтанат тахтига кўз олайтира олмайди.
* * *
Яна буюрдимки, хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш ва тушунтириш йўли билан ундирсинлар. Қайси ҳоким ҳукмининг таъсири калтаклаш таъсиридан камроқ экан, ундай ҳоким ҳукумат юргизишга яроқсиздир.
* * *
Қайси вазир ғийбат гапларни айтса, уйдирма гапларга қулоқ солса, жабр-зулм қилса, ўзига ёқмаган кишиларни йўқотиш пайига тушса, уни вазирликдан тушириш лозим.
* * *
...жангнинг сир-асрорини, ғаним аскарларини синдириш йўлини билган, уруш қизиганда ўзини йўқотмасдан, қўл-оёғи бўшашмасдан, лашкар фавжларини жангга бошлай оладиган, агар қўшин сафига рахна тушса, уни тезда тузата оладиган кишигина амирлик ва ҳукмронликка лойиқ ҳисобланади.
* * *
Чин дўст улдирки, дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади.
* * *
Ёмон таом баданга қандай зиён қилса, ёмон хатти-ҳаракат ҳам оламга шундай таъсир кўрсатади.
* * *
...сардор ақлу тадбиркорлик билан иш юритиб, шошма-шошарлик қилмасин, чунки шошқалоқлик шайтоннинг ишидир. Чораси бўлмаган ишга киришмасин, чунки ундан қутулиб бўлмайди.
Б.ЎКТАМ тайёрлади.