Меню

Қашқадарё

24.07.2020 1566

ҲУКМДОРНИНГ ДОНОЛИГИНИ АТРОФИГА ҚАНДАЙ ОДАМЛАРНИ ТЎПЛАБ ОЛГАНИГА ҚАРАБ БАҲОЛАШАДИ

Сараланган сатрлар

Ҳукмдор давлатни кимларга ва нимага таяниб бошқариши керак? Раҳбарни одамлар ҳурмат қилиши қайси омилларга боғлиқ? Раият давлат бошлиғини яхши кўргани афзалми ёки ундан қўрққани? Ҳукмдорлар сўзининг устидан қандай чиқади, хушомадгўйлардан қай тариқа қутулади? Давлатнинг кучи нимага асосланади?

Италиялик жамоат арбоби, сиёсий мутафаккир, ёзувчи, тарихчи ва ҳарбий назариётчи Никколо Макиавелли (1469-1527) қаламига мансуб "Ҳукмдор" асарида ушбу саволларга нафақат жавоб изланади, балки аниқ тавсия-таклифлар берилади. Китобда маълум ва  машҳур шахслар, ҳукмдорлар, тарихий воқеалар, давлат арбоблари ҳаётидан кўплаб мисоллар келтирилган, шу боис у барча даврда ўзига хос қўлланма сифатида ўрганиб келинади.

* * *

"Ҳукмдор" - жаҳон сиёсий тафаккури ривожига кучли таъсир қилган асарлардан бири. Ўйлаймизки, мутолаа асносида бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Мусаввир бир манзаранинг суратини чизиш учун, нигоҳи тепаликлару тоғларни қамраб олиши учун водийга тушиши ҳамда нигоҳи водийни қамраб олиши учун тоққа кўтарилиши зарур бўлганидек, халқнинг моҳиятини англаб етиш учун ҳукмдор бўлиш, ҳукмдорларнинг табиатини тушуниш учун эса халққа мансуб бўлиш даркор.

* * *

...раияти ҳукмрон сулолага ўрганиб қолган ворис подшоҳга ҳокимиятни қўлда тутиб туриш янги подшоҳга қараганда анча осон кечади, чунки бунинг учун унга аждодларининг тутумини бузмаслик ва келгусида янги вазиятларга шошилмай мослашиш кифоядир. Бундай йўл тутилса, ҳатто ўртамиёна ҳукмдор ҳам ҳокимиятни қўлдан бой бермайди, фақат уни ўта қудратли ва даҳшатли куч ағдариб ташламаса бўлгани.

* * *

Салтанат узоқ муддат давом этаётган ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бўлса, бир пайтлар юз берган тўнтаришлар ва уларни келтириб чиқарган сабаблар унутилади. Аксинча, ҳар бир катта ўзгариш бошқа бир ўзгаришларга йўл очади.

* * *

Бу худди терлама касалига ўхшайди. Табиблар айтганидек, бу дардни бошланишида аниқлаш қийин, лекин даволаш осон. Бироқ ўтказиб юборилса, уни аниқлаш осон, аммо даволаш қийин. Давлат ишида ҳам шундай: бошланиб келаётган касаллик ўз вақтида аниқланса (доно ҳукмдоргина шундай қила олади), ундан халос бўлиш қийин эмас. Бироқ у ҳамма кўрадиган даражада чуқурлашиб кетса, энди унга ҳеч қандай дори-дармон ёрдам бермайди.

* * *

Подшоҳ хизматкорлари орқали ҳукм юритадиган давлатда унинг ҳокимияти жуда катта бўлади, чунки бутун мамлакат бўйлаб фуқаролар фақат биргина подшоҳни билишади; унинг хизматкорларига бўйсунишса ҳам, уларга ортиқча боғланмаган ҳолда, оддий амалдор ёки мансабдорларга бўйсунгандек бўйсунишади, холос.

* * *

Одамлар, одатда, бошқалар очган йўлдан юради, бирор намунага эргашиб иш тутади. Бироқ бу йўлларга кўр-кўрона эргашишнинг ҳам, ўзимизга ўрнак деб билган кишиларга жасорату маҳоратда тенглаша олишнинг ҳам имкони бўлмагани боис, оқил инсон уларга бу борада тенглаша олмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда уларнинг жасоратидан руҳланиш учун буюк зотлар босиб ўтган йўлларни танлаши, уларнинг энг муносибларига эргашиши лозимдир. Бу борада тажрибали мерганларга ўхшашга интилиш керак. Улар нишоннинг узоқроқда эканини кўришса, мўлжални юқорироқ олишади. Бироқ улар ўқ юқорига кетсин деб эмас, балки камоннинг кучини билгани учун, ўқ узоқдаги нишонга етиб борсин деб юқорироққа қараб ўқ узишади.

* * *

...эски тартибларни янгиси билан алмаштиришдек қийин, юритиш хатарли, муваффақиятли даргумон иш йўқ. Бундай ташаббус билан чиққан ҳар бир инсон эски тартибдан манфаатдорларнинг адоватига ҳамда янги тартибдан манфаатдорларнинг совуққонлигига дуч келади. Бу совуққонликнинг сабабларидан бири рақибдан қўрқишдир, чунки қонун у томонда бўлади, яна бири эса янгилик узоқ вақт давом этиб, тажрибада тасдиқланмагунича унга ишонмайдиган одамларнинг ишончсизлигидир. Эски тартиб тарафдорлари имкон топилди дегунча бор кучи билан ҳужум қилади, янгилик тарафдорлари эса сустлик билан мудофаа қилишади, шунинг учун уларга суянган одам ўзини хатарга қўяди.

* * *

...маълум бир иқтидор ва фазилати бўлмаган, бир умр оддий лавозимда юрган одам давлат бошқаришни қаердан ҳам ўргансин? Уддасидан чиқа олмаслигининг сабаби эса уларнинг иттифоқчилари, мустаҳкам таянчи бўлмайди. Дабдурустдан подшоҳ бўлиб қолган бундай кимсалар табиатда бирдан пайдо бўлиб, тез ўсиб кетадиган ўсимликларга ўхшаб, томир отишга ҳам, шох-шабба чиқаришга ҳам улгурмай, дастлабки қор-ёмғирдаёқ нобуд бўлишади. Ҳақиқий иқтидорга эга бўлган одамларгина бирдан юқори мартабага кўтарилиб қолса, бошига қўнган омад қушини қўлдан чиқармайди, бундайлар ҳукмдор бўлгач, бошқалар тахтга ўтиргунча қурадиган пойдеворни энди қура бошлайди.

* * *

Янги яхшиликлар бу дунёнинг подшоҳларига эски аразларни унуттиради деб ўйлаган одам адашади.

* * *

...ҳукмдор халқни танлай олмайди, бироқ зодагонларни танлаши мумкин, чунки унинг жазолаш ёки афв қилиш, мартабани ошириш ёки таъқиб остига олиш хавфи бор.

* * *

...шаҳри мустаҳкам, халқи аламзада бўлмаган ҳукмдорга ҳужум қилинмайди. Мабодо ҳужум қилиб қолишса ҳам, душман шармандаларча чекинишга мажбур бўлади, чунки бу дунё шунчалик тез ўзгариб турадики, бир шаҳарни қамал қилиб, қўшинни бир йил бекор ушлаб ўтириш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.

* * *

Ёлланма қўшинга суянган салтанат ҳеч қачон мустаҳкам ҳам бўлмайди, узоққа ҳам бормайди, чунки ёлланганлар иззатталаб, бошвоқсиз, жанжалга мойил бўлади, дўстга мағрур, душмандан эса қўрқоқ бўлади, хиёнаткор ва ғирром бўлади; уларнинг мағлубияти қатъий ҳужумга қараб туради, холос; тинчлик пайтда эса улар сени уруш пайтидаги душмандан ҳам кўпроқ хонавайрон қилади. Бунинг сабаби шуки, уларни ғайрат-шижоат ёки   бошқа бир мақсад эмас, балки арзимас маош жангга ундайди, бу табиийки, сени деб жонини тикиш учун етарли эмас. Тинчлик пайтида улар сенга бажонидил хизмат қилади, бироқ уруш бошланди дегунча улар орқасига қарамай қочади.

* * *

Ҳукмдор уруш, ҳарбий тартиб-қоида ва ҳарбий санъатда бошқа ҳеч қандай мақсад, ташвиш ёки бошқа бир иш билан машғул бўлмаслиги керак, чунки уруш ҳукмдор бошқага ишониб топшира олмайдиган ягона мажбуриятдир.

* * *

Ҳукмдор тарихий асарларни кўп ўқиши, шу аснода машҳур саркардаларнинг тутган йўлларини алоҳида ўрганиши, улар жангни қандай олиб боргани, ғалабага ёки мағлубиятга нималар сабаб бўлганини таҳлил қилиши ва шу йўл билан ғалабага эришиши ёки мағлубиятнинг олдини олиши керак. Энг муҳими - қадимда ўтган буюк инсонларга эргашиш, улар орасидан бирорта машҳур одамни ўзига намуна қилиб олиб, унинг қаҳрамонликлари ва бошқа ибратли ишларини доимо ёдда тутиш керак.

* * *

Агар ҳукмдор одамлар эътироф қилсин учун сахийлик қиламан деса, ўзига зарар келтириб қўядиган бўлса, хасис ҳукмдор деб ном чиқаришга кўниб қўя қолган яхши эмасми? Чунки вақт ўтиши билан, одамлар подшоҳнинг тежамкорлиги туфайли ўз даромадлари билан кифояланаётганини, халққа ортиқча солиқ солмай ҳарбий юришлар қилаётганини кўрса, у саховатли ҳукмдор деб шуҳрат қозонади. Шунда у ҳақиқатан ҳам бой қилиши мумкин бўлган одамларга нисбатан саховатли бўлиб қолаверади.

* * *

Ҳукмдорлар, айниқса, янги тайинланган ҳукмдорлар кўпинча вақт ўтган сари уларга энг содиқ ва фойдаси тегадиган одамлар дастлаб ишонч уйғотмаган одамлар эканини англаб етишади.

* * *

Ҳукмдорнинг донолигини унинг ўз атрофига қандай одамларни тўплаб олганига қараб баҳолашади; агар бу одамлар содиқ ва қобилиятли бўлса, унинг донолигига тан бериш лозим, чунки у ўша одамларнинг садоқати ва иқтидорини сеза олган. Агар бунинг акси бўлса, ҳукмдор ҳақида ҳам шунга яраша хулоса чиқариш мумкин, чунки у атрофига ёмон ёрдамчиларни танлагандаёқ биринчи хатога йўл қўйган бўлади.

* * *

...доно одамлар уч хил бўлади: кимдир ҳамма нарсага ўзи эришади;   бошқаси биринчиси эришган нарсани тушуна олади; учинчиси эса ўзи ҳам ҳеч нарсага эришмайди, бошқалар эришган нарсани ҳам тушуна олмайди. Биринчилар буюк инсонлар, иккинчилар - етук инсонлар, учинчилар эса ярамас одамлардир.

* * *

...бир неча доно одамларни ажратиб олиб, у ҳақда нима деб ўйлаётганини очиқ айтишга имкон бериш керак, бироқ улар фақат у сўраган нарсанигина айтиши керак; аммо ҳамма нарса ҳақида сўраш ва уларнинг жавобларини эшитиш керак, аммо қарорларни фақат ўзи ва ўз фикридан келиб чиқиб қабул қилиши керак. Машваратларда ҳар бир маслаҳатчи билан шундай муомала қилиш керакки, улар қанчалик очиқ сўзлашса, шунчалик ҳукмдорга ёқишини билсин; бироқ улардан бошқа ҳеч кимга қулоқ солмаслик, кўзланган мақсадга дадил интилиш ва қабул қилинган қарорга қатъий амал қилиш лозим. Ким бундан бошқача йўл тутса, у ё хушомадга чалғиб кетади, ёки турли маслаҳатларга қулоқ солиб, фикрини ҳадеб ўзгартираверади ва натижада қўл остидагилар олдида ҳурматини йўқотади.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!