Меню

Қашқадарё

12.05.2020 1480

“УХЛАМАГАНИ” МАЙЛИ, ҲУЖЖАТНИ ОЛИБ ҚЎЙГАНИ ҚИЗИҚ

Муносабат

Шу йилнинг 11 май куни интернет ижтимоий тармоғининг “Youtube” видеохостингида “Уйқудаги ГАИ” сарлавҳали лавҳа тарқалди.

Вилоят ИИБдан хабар беришларича, 2020 йил 9 май куни кунлик хизмат тақсимотига асосан, 1-ЙПХ отряди 1-сафарбарлик гуруҳи командири, лейтенант Жасур Ортиқов Қарши шаҳри ҳудуди бўйлаб хизмат олиб бораётган ходимларнинг кунлик хизмат фаолиятларини назорат қилиш мақсадида “Ерқўрғон” бозори томонга боради.

Сўнг Ислом Каримов кўчаси бўйлаб қайтиб келаётган вақтида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази рўпарасида ўзига хизмат юзасидан бириктирилган “Ласетти” русумли, 70 692 VSF давлат рақам белгили хизмат автомашинаси электр тизимида носозлик юзага келиб, ўчиб қолади. Капотни очиб кўриб, устага эҳтиёж борлигини кўради ва мутахассис келгунига қадар машинада ўтириб туради.

Шу вақтда йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган фуқаро М.Музаффаров ЙПХ хизмат автомашинасини йўл четида тўхташ мумкин бўлмаган жойда кўриб, лейтенант Ж.Ортиқовни тасвирга олган ҳолда нега иш вақтида хизмат автомашинасида ухлаб ётганини, ўзини таништиришини сўрайди.

Ж.Ортиқов машинадан тушганидан кейин фуқаро ўзини таништиради ва ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатиб шахсини тасдиқлаб қўймоқчи бўлганида, ЙҲХБ ходими унинг қўлидан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, ўзини таништирмасдан, қўпол муомалада бўлади.

Фуқаро ходимдан “хизмат вақтида ухлаш мумкинми”, деб сўраганида, ухламаётганини айтиб ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб бермайди.

Маълум бўлишича, айни пайтда лейтенант Жасур Ортиқовнинг вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи номига ёзган билдиргисига асосан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

НАСРИДДИН

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!