Меню

Қашқадарё

03.06.2020 1326

ҚУЁШДАН ТЎСИЛГАН ГУЛ (ПУЛ)ЛАР

 Гул одатда ён-атрофга гўзаллик, одамларга кайфият бағишлаш учун экилади. Шу мақсадда ўтқазилган кўчатларнинг усти оқ бўз матоси билан тўсиб қўйилгани эса ғалати кўринаркан.

 Тан олиш керак, бу йил Қарши шаҳри кўчаларига мавсумий гул кўчатлари ўтқазишда, марказий йўллар ёқалари бўйлаб мўъжаз гулзорлар барпо қилишда янгича уриниш кузатилаяпти. Бунда ўзига хос услуб, ижодий ёндашув яққол кўзга ташланади. 

 

Бу яхши, албатта. Аммо, айрим жойларда декоратив услуб асосида ишлов берилган ерларга экилган гул кўчатлари устига ҳеч қанча вақт ўтмай оқ бўз матоси тортилди. Нега бундай қилинганини англаш қийин эмас: боғбонларимиз мавсумий гулларни мавсум Қуёши тафтидан тўсишмоқчи.

 Энди савол туғилади: ўша мавсумий гул кўчатлари вилоятимиз марказида кузатиладиган одатий иссиққа бардош қилолмас экан, экиш учун нега айнан ана шу турлар танланди? Улар ҳосил қиладиган манзарани шаҳарда йиллар мобайнида экилиб, синовдан ўтган мавсумий гуллар ҳам бера олади-ку!

Майли, ушбу мавсумий гул кўчатлари ҳали ёшдир. Бир муддат ўтиб улар Қарши иқлимига мослашиб олиб, “юзи”ни ҳам очар. Лекин, тескариси бўлса-чи, (шундай ҳам бўлаяпти) уларга кетган харажатлар кимнинг зиммасига тушади? Ахир шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун турли мавсумий гул кўчатлари харид қилиш, уларни ўтқазиш, парваришлаш, ўхшамаса қайта-қайта экиш тадбирларига ҳазилакам маблағ сарфланмайди!    

 Холис НАЗАР

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!