Меню
Қашқадарё
ҚУЁШ ЭНЕРГЕТИКАСИ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Дунё олимларининг тадқиқот ва тажрибалари шуни кўрсатмоқдаки, анъанавий ёқилғи ресурсларига бўлган талаб кескин ортиб боради. Яъни, умумий эҳтиёж 2030 йилга бориб аср бошларидагига нисбатан 50 фоиздан кўпроқ ўсади ва мазкур кўрсаткич 27 миллиард тонна шартли ёқилғигача етиши кутилмоқда. Ўз навбатида, бундай ўсиш табиат ва атроф-муҳитга ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Шундай экан, бугун соҳа мутахассислари олдида иқтисодиётни барқарор ривожлантириш билан бирга, глобал экологик офатларнинг олдини олиш, иқлим ўзгариши ва атмосфера ҳавоси исиб кетишини камайтириш ҳамда мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш каби глобал муаммолар ечимини кутиб турибди.
ТЕЖАМКОРЛИК ВА САМАРАДОРЛИК САРИ
Айтиш керакки, ҳар қандай мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланишида энергия ресурслари муҳим ўрин тутади. Шу боис, Президентимиз Тошкентда 2013 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган “Қуёш энергияси технологиялари тенденциялари ва истиқболлари” мавзусидаги Осиё қуёш энергияси Форумининг 6-йиғилишидаги нутқида бу борада фикр юритар экан, “...қуёш энергетикаси инқироздан чиқишда локомотив вазифасини бажарадиган омиллардан бири бўлиши мумкин ва зарур” дея алоҳида эътироф этган эди.
Ҳақиқатан, мамлакатимизда энергетик хавфсизликни таъминлаш, энергия тежамкорлиги масалаларини ечиш ва айниқса, аҳолини барқарор, узлуксиз энергия билан таъминлашда қайта тикланувчан энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти жуда катта.
Маълумки, Қуёш ердаги ҳаёт манбаи бўлиб, она заминни иситади ва зулматни ёритади, қолаверса барча турдаги энергиялар қуёш энергиясининг ҳосиласи ҳисобланади. Қуёшдан бир сонияда ер юзига жуда катта миқдорда энергия, яъни 170 миллиард жоуль иссиқлик келиб тушади. Бу эса бир сонияда қарийб 6 миллион тонна кўмир (100 минг вагон)нинг ёқилишидан ҳосил бўладиган иссиқлик энергиясига тенг бўлган миқдордир. Мазкур рақамлардан кўриниб турибдики, қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш табиий ёқилғиларни тежашнинг асосий истиқболли усулларидан биридир. Айниқса, ер юзида аҳолининг кўпайиб бориши, саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларнинг ривожланиши билан энергияга бўлган талаб ҳам ошиб бориши унинг аҳамиятини янада оширади.
Мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб 2030 йилда жорий йилдагига нисбатан 2 баробарга ошиши башорат қилинаётган бир пайтда ана шу эҳтиёжни келгусида муқобил энергия манбалари ҳисобидан қондириш борасида ҳозирданоқ катта ишлар қилинаётгани эътиборга молик. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Унга асосан қуёш ва биогаз энергиясидан фойдаланишнинг янада самарали усулларини ва технологияларини ишлаб чиқиш, амалиётда қўллаш учун илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда замонавий моддий-техник базани яратиш бўйича зарур имкониятлар яратилди. Шу билан бирга, Тошкентда халқаро қуёш энергияси институти ташкил этилди, Навоийда қуёш панелларини ишлаб чиқариш, Самарқандда эса қуввати 100 мегаватт бўлган дастлабки қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш ишлари бошлаб юборилди.
БИЗНИНГ ШАРОИТДА
Дунёда қуёш энергиясини фотоэлектрик батареялар ёрдамида электр энергиясига айлантириш ва ундан турмушда фойдаланиш кенг қўлланилади. Ушбу усул ёрдамида Қарши шаҳри шароитида июль ойида қуёш батареяларининг бир квадрат метр сиртидан кўпи билан 120-150 ватт электр энергияси олиш мумкинлиги эса ўтказилган тажрибалар давомида ўз исботини топган. Бундан ташқари, қуёш коллекторлари ёрдамида қуёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириб ишлатиш мумкин. Тадқиқот натижаларига кўра, шу йўл билан Қаршида мавсумга қараб 40 даражадан 60-70 даражагача иссиқ сув олса бўлади.
Таъкидлаш жоиз, вилоятимиз саноатида қуёш электр энергиясидан фойдаланишни кенг жорий этиш табиий газни тежашнинг истиқболли йўналиши саналади. Айниқса иссиқхоналарни мавсумий иситиш, меваларни қуритиш ва қайта ишлаш, совутиш камералари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ҳамда кичик суғориш насосларини электр энергияси билан таъминлашда қуёш қурилмаларини қўллаш юқори самара беради.
Шунингдек, қуёш энергиясидан фойдаланишнинг яна бир истиқболли йўналишларидан бири бу аҳолининг маиший эҳтиёжи учун иссиқ сув билан таъминлаш масаласидир. Меъёрий талаблардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳар бир одамга суткасига ҳарорати 60 даражадан кам бўлмаган 100 литр иссиқ сув талаб қилинади. Бу эҳтиёж учун 4 килограммдан кўп кўмир ёки 6 килограмм ўтин керак бўлади. Ваҳоланки, Қарши шаҳри шароитида оддийгина юзаси беш квадрат метр бўлган ясси қуёш коллектори ёрдамида ҳеч қандай ёқилғисиз суткасига доимий равишда ҳарорати ўртача 50 даражадан кам бўлмаган 500 литргача иссиқ сув олиш мумкинлиги аниқланган.
Хулоса қилиб айтганда, қуёш энергиясидан юксак даражада фойдаланиш иқтисодиётимиз янада жадал ривожланишига, энг муҳими, халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилади.
Ғулом УЗОҚОВ, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг илмий ишлар бўйича проректори, техника фанлари доктори.