Меню
Қашқадарё
ҚУЁННИНГ "БРОЙЛЕР"И
Маълумотларга кўра, XX аср бошларида чатиштириш орқали ҳосил бўлган мазкур зот қисқа фурсатда ўсиб улғайиши билан машҳур. Яхши шароитда боқилса ва тўғри озиқлантирилса, уларнинг ҳар бири 10-12 ҳафтада 3-4 килограммгача вазнга эга бўлади. Селекционерларнинг ютуғи шундаки, мазкур қуёнлар мўйнаси ниҳоятда майин бўлиши билан бирга бутунлай оппоқ тусда. Бу эса улардан олинадиган тери баҳоси янада ошишига хизмат қилади. Асосий жиҳати, жониворлар бегона муҳитга тез мослаша оларкан.
Яқинда вилоятимизга Италиядан 114 бош ана шундай зотга мансуб қуён келтирилиб, уларни саноат усулида кўпайтириш йўлга қўйилгани янгилик бўлди.
Сир эмаски, сўнгги вақтда ҳукуматимиз томонидан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Айниқса, чорвачиликни кенг тараққий эттириш, чорва бош сонини кўпайтириш, тармоққа илғор технологияларни жорий этиш ва шу орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, кези келганда, экспортга жўнатиш устувор масалага айланган. Шу мақсадда жойларда кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Жорий йил бошида вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан "Ўзбекинвест" экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ва "Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банки кўмагида Қарши туманида ташкил этилган "Дилшод Диёрбек Ҳамкор" қуёнчиликка ихтисослашган агрофирмаси фаолияти бунга ёрқин мисол бўлади.
- Бу вилоятимизда қуёнчилик соҳасини замонавий саноат усулида ривожлантириш борасида муҳим қадам бўлди, - дейди жамият раҳбари Дилшод Абраҳматов. - Лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллион сўмни ташкил этади. Шунинг 280 миллион сўми кредит маблағидир. Лойиҳа доирасида Қоратепа қишлоғи ҳудудидаги бўш турган бинони фойдаланишга олдик ва уни реконструкция қилдик. Қуёнларни сақлаш учун зарур темир қафас ва ускуналар олиб келдик. Шунингдек, мустаҳкам озуқа базасини яратиш мақсадида бизга 30 гектар экин майдони ажратилди. Бу ерда беда, макка-жўхори, карам, сабзи, арпа экиш мўлжалланган. Ушбу бинода 1000 тагача қуённи боқиш имконига эгамиз. Келтирилган қуёнларнинг 100 дан зиёди урғочи, уларни кўпайтирмоқчимиз. Бу зотга мансуб қуёнлар бир мартада 12 тагача болалаши бунга имкон беради.
Дилшод Абраҳматовнинг айтишича, мазкур ноёб қуёнлар алоҳида парваришни талаб қилмайди, фақат боқиш жараёнида бироз қунт қилинса кифоя. Мисол учун, жониворга бериладиган озуқанинг энергетик қуввати 270 килокалорияга тенг бўлиши керак. Ушбу озуқа махсус ускуна ёрдамида тайёрланади. Беда (60 фоиз), буғдой кепаги (20 фоиз), буғдой ёрмаси (10 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар аралаштирилиб, гранула ҳолига келтирилади. Бу эса қуённинг бир меъёрда ўсиши ва ривожланишини таъминлайди.
- Бугунги кунда агрофирмамизда 6 киши меҳнат қилаяпти, - дея сўзида давом этади суҳбатдошимиз. - Қуёнлар сони ортиши билан иш ўрни ҳам кўпаяди. Қолаверса, келгусида вилоятимиздаги фермер ва деҳқон хўжаликлари билан қуён кўпайтириш, озуқасини етказиб бериш борасида ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз.
Агрофирма мутасаддиларининг билдиришича, келгусида етиштирилган қуён гўшти ва мўйнасини ҳам ички, ҳам ташқи бозорга йўналтириш белгиланган. Бу истиқболда аҳолига етказиладиган парҳез гўшт салмоғи ошади ҳамда чет мамлакатларга сотиш мумкин бўлган экспортбоп маҳсулот тури яна биттага кўпаяди, дегани.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Муродулла КОМИЛОВ олган суратлар.