Меню

Қашқадарё

27.02.2018 1938

ҚУЁН ЭНДИ ХАЁЛДА ЭМАС, АМАЛДА БОЙ ҚИЛАДИ

Мисол учун, ўтган бир йилдан ошиқ вақт мобайнида вилоятимизда ҳам ушбу йўналишда салмоқли ишлар бажарилди. Зарур саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудудда бир қанча йирик қувватлар, янги саноат мажмуалари ишга туширилди. Бу лойиҳалар ҳар бирининг қиймати бир неча миллиард сўмга баҳоланади. Улар асосида маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, сердаромад янги тармоқларни йўлга қўйишга эришилмоқда. Хусусан, ана шундай ташаббуслардан бири асосида Қамаши туманида “Қамаши момиқ қуёнлари” масъулияти чекланган жамияти иш бошлаган. Мазкур тадбиркорлик субъектининг фаолияти юртимизда тез ривожланаётган қуёнчиликка ихтисослашган. Энг сўнгги замонавий талаблар асосида ишлаб чиқилган, саноат усулида қуён боқиш кўзда тутилган бу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 7 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб қилинди. Шундан 6 миллиард сўми тижорат банки кредити бўлса, қолгани тадбиркорнинг ўз маблағидир.

- Аввал бошданоқ биз  наслли қуён парваришлаб, катта миқдорда гўшт ва тери ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуа барпо этишни режа қилгандик, - дейди корхона раҳбари Бахтиёр Ғофуров. – Бу лойиҳамизни Президентимизнинг 2016 йил февраль ойидаги вилоятимизга ташрифи чоғида намойиш этгандик. Ушбу ташаббусимиз давлатимиз раҳбари томонидан ҳар томонлама маъқулланди. Дарҳол унинг ижросига киришдик. Шу мақсадда туманнинг илгари бўш турган ҳудудидан 10 гектардан зиёд ер олдик. Бу жойда барча қулайликларга эга зарур бино ва иншоотларни қурдик. Улардаги шароитлар зарур талабларга мос бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бирида 2 минг бошдан зиёд зотдор қуён боқиладиган 4 та блок ишга тушди. Улар вентиляция тизими, сув узатиш ускуналари билан жиҳозланди. Махсус қафаслар ўрнатилди. Ушбу технологияларнинг асосий қисми хориждан олиб келинди. Айни пайтга қадар Италия мамлакатидан 1500 та “Янги Зеландия” наслига мансуб қуён келтирилди. Уларнинг ўзига хослиги шундаки, тез етилади, қимматбаҳо тери ва момиқ олиш мумкин.

Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, қуёнлар қафасларнинг алоҳида-алоҳида бўлмаларида парваришланади. Кўпайишга тараддуланаётган она қуёнлар ҳам махсус жойга жойлаштирилади. Улар  бир йилда уч-тўрт марта кўпаяди. Бир мартада  8 тагача бола туғади. Болалари 20 кунгача онаси ёнида бўлади. Кейин эса улар ҳам бошқа бўлмага кўчирилади. Жониворлар автомалаштирилган жўмракдан сув ичади, уларга махсус гранулаланган озуқа берилади. Қуёнларни бундай боқиш усули чет элда кенг оммалашган. Самарадорлик ҳам шунга яраша бўлади. Белгиланган меъёрга амал қилинса, 80 кун ичида бир қуённинг тирик вазни 3 килограммдан ҳам ошади. Бу эса 2 килограммдан ошиқ товар гўшт дегани.

Кўриниб турибдики, қуёнчилик ҳам аҳолининг гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондиришнинг мақбул ечими бўла олади. Қолаверса, қуён гўшти инсон саломатлиги учун фойдали, парҳезбоп. Бу жиҳат эса ушбу маҳсулотнинг харидоргир бўлишини таъминлайди.

- Мажмуамизда тегишли цикл асосида бир йилда 60 мингтага яқин наслдор қуён парваришлаш имкони мавжуд, - дейди Бахтиёр Ғофуров. – Бу муддат давомида ўртача 120 тонна  парҳез гўшт ишлаб чиқариш мумкин. Тоши етган қуёнларни сўйишни шу ернинг ўзида ташкил этамиз. Шунинг учун мажмуа ҳудудида ихчам кушхона қурилган. Кушхонада гўшт тозалангач, зарур талаб асосида қадоқланади ва маҳсулот бозорга чиқарилади. Бу борада чет эллик ҳамкорлар билан ҳам иш олиб бораяпмиз. Узоқ муддат гўштни яхши сақлаш бўйича ҳам бош қотирдик. Мажмуа таркибидан замонавий совуткичли омборхона жой олди. Унинг сиғими 20 тоннани ташкил этади. Бундан ташқари, мажмуамизда олинадиган қуён териси ва момиғини саноат усулида қайта ишлашни  ҳам йўлга қўямиз.

Албатта, бунча қуённи боқишнинг ўзи бўлмайди. Корхона фаолияти барқарорлиги эса озуқа базасининг мустаҳкам бўлишига ҳам боғлиқ. Ташаббускор бунинг чорасини ҳам кўрган. Маҳаллий ҳокимлик томонидан беда, маккажўхори, арпа каби озуқабоп экинлар парваришлаш учун ер ажратилиши белгиланган. Мажмуада ўрнатилган ускуналар ёрдамида улар аралаштирилади, қўшимча элементлар билан бойитилади ва махсус гранулаланган ем тайёрланади. Бундай озуқанинг тўйимлилик даражаси эса юқори бўлади.

Умуман, ушбу лойиҳа ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Биринчидан, мажмуа тўла қувват билан ишлай бошлагач, бу ерда 30 нафар киши меҳнат қилади, яъни доимий даромад манбаига эга бўлади. Иккинчидан эса, кейинчалик тадбиркор шу ҳудудда яшовчи, эҳтиёжманд аҳоли вакилларини тадбиркорликка ўргатиш, фойдали иш билан машғул бўлишига кўмаклашишни кўзламоқда. Шу мақсадда оилаларга бир неча ўн бошдан қуён тарқатилади, етарли озуқа билан таъминланади, парваришида эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар ўргатилади. Қолаверса, қуён боқувчилар ўз маҳсулотини сотишга бозор ахтариб ҳам овора бўлмайди. Балки, етиштирган гўшт ва терини ишбилармонга сотиб ҳам яхши фойда кўриши мумкин.

Дарҳақиқат, бу каби йирик лойиҳалар мунтазам амалга оширилиши вилоятимиз иқтисодиёти ривожи учун зарур. Замонавий қувватларнинг кўпайиши аввало ички бозорни зарур истеъмол товарлари билан тўлдиришга хизмат қилса, бошқа томондан, янгидан-янги иш ўринлари яратилишига ҳам шароит ҳозирлайди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Суратларда: мажмуа  фаолиятидан лавҳалар. 

Саҳифа суратларини Собир Нарзиев олган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!