Меню
Қашқадарё
УЙНИ СИФАТСИЗ ҚУРИШДИ. ҲАҚҚИНИ ТАЛАБ ҚИЛГАНДИ, 80 МИЛЛИОН СЎМ СЎРАЯПТИ, ДЕБ ҚАМАТИБ ЮБОРМОҚЧИ БЎЛИШДИ
Ҳаммаси шундан бошланди. Аслида айни масалада сал ҳушёрроқ бўлгани маъқул экан. Чунки ҳали қабул қилиб олмасдан туриб, уйнинг ташқи деворида ёриқ пайдо бўлган, бунинг сабабини суриштириб, пудратчи ташкилот раҳбарига сим қоққанида "Ёриқ "шкатурка"ники, ҳеч нарса қилмайди. Қўл қўйиб бераверинг" деган жавобни олганди.
Орадан вақт ўтаркан, ёриқ ҳам каттара борди. Қурувчи ташкилот мутасаддилари билан боғланишга уриниш ҳеч қандай натижа бермади. Бир гал аранг боғланганда эса "Сиз уйни қабул қилиш қоғозига имзо қўйиб бергансиз, энди биз ҳеч нарса қилолмаймиз", деб айтишди.
Ночор қолиб, бола-чақа билан бундай уйда яшаш хавфли бўлгани сабабли ҳовлида бир хонали уй қуриб, шу ерга кўчиб ўтди. Аммо барибир жим қараб бўлмайди-ку, бирор наф бўлар, деган умидда юқори ташкилотларга хат йўллади.
"Қишлоққурилишинвест" МЧЖ ИКга қилган мурожаати натижасиз тугагач, Президентнинг виртуал қабулхонасига чиқди. Ўша аснодаги ўрганишларда эса пойдеворда арматура, уй асосида эса "подушка" ва "ФБС бетони" йўқлиги ҳам билиниб қолди.
Бу ҳолатда бирдан-бир йўл - уйни қайтадан қуриш эди. Табиийки, қурувчилар бунга рози бўлишмади. Чунки амалиётда ҳали бунақаси учрамаган-да. Шу боис қурувчининг "Пулини берамиз, таъмирлаб оласиз. Бизнинг вақтимиз йўқ, қўшниларингиз кўриб қолади. Кейин улар ҳам уйларининг камчилигини айтиб, ёзишни бошлайди" деган гапларига ажабланмаса ҳам бўлади.
Бахтиёр Ражабов уста топиб, уйини кўрсатганида, пойдеворни мустаҳкамлаш, айрим жойларни бузиб қайта қуриш, деворларнинг тўлиқ ичи ва ташқарисидан айланасига сетка тортиш, уйдаги тупроқларни чиқариш, бетон қуйиш учун 90 миллион сўмдан кам пул кетмаслигини билди.
Ниҳоят, узоқ тортишув, асаббузарликлардан кейин қурувчи ташкилот сифатсиз қурилишлар ўрнини қоплаш учун 80 миллион сўм берадиган бўлди.
Бироқ қурувчи Бахтиёр Ражабовнинг уйи камчиликлари учун ваъда қилинган пулни эмас, 23 миллион сўм олиб келди ва қолганини кейин беришини айтди. Начора, ҳечдан кўра - пул олинди, тилхат, ёзув-чизув дегандай.
Шу пайт нима бўлдию, бирданига ҳовлига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари келиб, тезкор тадбир бўлаётганини маълум қилишди, пул ва бошқа буюмларни расмийлаштириб олишди.
Қаранг, иш нимадан, қаердан бошландию қайга келиб тақалиб қолди? Нима бўлганини, буни ким "ташкил" этганини пайқаётгандирсиз.
Хуллас, Бахтиёр Ражабов ва турмуш ўртоғига олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, ғаразгўйлик ва паст ниятларда товламачилик, яъни "жабрланувчи"га нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёзган аризаларини оқибатсиз қолдириш эвазига қўрқитиб, жуда кўп миқдордаги мулкий манфаатлар беришни ва мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ҳамда "жабрланувчи"нинг ўз мулки ва мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш жиноятини қасддан содир этиш айби қўйилди. Содда айтганда, Бахтиёр Ражабов гўёки аризачи, юқори идораларга мурожаат қилмаслиги эвазига 80 миллион сўм талаб қилган.
Ғалати-а, тўғрими? Аммо нақадар аянчли ҳол. Шундай вазиятга тушган одамнинг ҳолатини тасаввур қилиб кўринг. Ҳаққини талаб қилиб, туҳматга учрашини туш кўрганмиди у? Қолаверса, орада гувоҳлар, тилхатлар бор эди. Яъни катта миқдорда пул олаётган экан, ҳар турли хавотирга бориб, жонли ва жонсиз гувоҳлар билан тадоригини кўриб қўйганди. Ўз навбатида қурилишдаги камчилик кўздаги терскандай очиқ-аён, қаерга борса, даъвоси қаноатлантирилишини яхши биларди. Етказилган зарарни ҳар қандай вазиятда ундира оларди. Аммо...
Хўш, ўша тадбирни ўтказган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора масъуллари қайси асосларга кўра Бахтиёр Ражабовни қўлга олганди ўзи?
Аслида тезкор тадбир ўтказилишига қурувчи ташкилот иш юритувчиси Ж.Хамраевнинг "Бахтиёр Ражабов барчани сарсон қилмоқда. У ёзган аризалари текширилмасдан оқибатсиз қолдирилиши эвазига мендан 90 миллион сўмни товламачилик йўли билан талаб қилмоқда" деб кўрсатган аризаси сабаб бўлганди. Бироқ суриштирув ва тергов органи Ж.Хамраевнинг аризаси аслида асослими ёки йўқми, уни текшириб ҳам кўрмайди. Била туриб ёлғон хабар берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиш ҳақида огоҳлантиришмайди.
Дастлабки тергов органи ҳам ҳақиқий иш ҳолатига кўз юмган ҳолда Бахтиёр Ражабовнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида турли жойларда, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ойлаб сарсон бўлиб юрганига эътибор қаратмай, унинг мурожаатларига кўз юмган ҳолда жиноят ишини қўзғатиш учун Ж.Хамраевнинг аризасини кўр-кўрона асос қилиб олади.
Шунга кўра, Бахтиёр Ражабов ҳибсда сақлаб келинади. Кўраяпмизки, бундан ортиқ адолатсизлик бўлмайди. Хўш, унда юксак минбарларда айтиладиган "Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди" деган гаплар қаерда қолди, дерсиз?
Дарҳақиқат, ҳамма гап шунда. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнь куни суд тизими вакиллари билан учрашувда халқнинг суд тизимига бўлган ишончига фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқалигина эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлаганди.
Шунга асосан ўтган йилдан эътиборан мутлақ янги суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорларини қабул қилишни таъминлашга йўналтирилган туб ислоҳотлар амалга оширилди.
Айни шу ўзгаришлар самарасида мамлакатимизда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 262 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, 2012-2016 йилларда бор-йўғи 7 нафар шахс оқланган, холос. Суд қарорлари ўрганиб чиқиларкан, илгари жиноят ишлари бўйича эълон қилинган қатор айбловлар далиллар билан тасдиқланмагани, тахминлар ёки миш-мишлардан иборат маълумотлар ҳамда номақбул далилларга асослангани ойдинлашди.
Таҳлил натижаларига кўра, биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан вилоятимизда 29 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди.
Эътиборлиси, Бахтиёр Ражабов ҳам оқланган кишилар қаторида. Бир инсон номи, шаъни оқлангани албатта адолат таъминланганидан дарак. Бунинг аҳамиятини бир инсон, оила ҳаёти мисолида ҳис қилишга урининг. Сифатсиз қурилган уйининг ҳаққини талаб қилиб, охир-оқибатда номи аризачига, товламачига чиққан Бахтиёр Ражабовнинг тақдири шу кетишда нима бўларди?
Жиноят ишлари бўйича вилоят судида Бахтиёр Ражабовга оид жиноят иши кўриб чиқиларкан, муқаддам содир бўлган адолатсизликлар кўриниб қолди.
Суд-қурилиш экспертизаси Бахтиёр Ражабовга тегишли уй пойдевори ва деворларининг ёрилиб кетишига у қурилган жойдаги тупроқ намлиги юқорилиги ва бу инобатга олинмагани сабаб бўлганини кўрсатди. "Қишлоққурилишинвест" МЧЖ ИК вилоят филиали директори вазифасини бажарувчи Қўйли Нарзуллаевнинг вилоят ҳокимлигига мазкур уй қурилиши бўйича юборган хати эса чалғитувчи мазмунга эга деб топилди.
Дарҳақиқат, далолатномадаги, бинонинг қурилиш лойиҳаси билан таққослаб кўрилганда ҳеч қандай оғишлар аниқланмагани, бино, геология хулосасига кўра, чўкмайдиган тупроқ асосига қурилганлиги ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.
Г-ўқнинг 1-2 қатор қисмидаги пойдевор ва "подушка"сида лойиҳа бўйича 500 миллиметр бетон қуйилиши кўзда тутилган, бироқ у очиб кўрилганда 460 миллиметр эканлиги аниқ бўлди.
Ошхона ва иситиш қурилмаси ўрнатилган хоналарни ажратиб турувчи оралиқ девор пойдевори ҳам лойиҳа талаби бўйича бажарилмаган.
Том қисмидаги "фронтон" деб номланган икки ён томон девор бетон блок ғишт билан терилиб, лойиҳада кўрсатилган ўлчамлар орасида арматура ва монолит бетон қуйилиши керак бўлса-да, бу қисман бажарилган. Ушбу "фронтон" деворининг устки қисмида лойиҳа бўйича Пасм-1, яъни "д-10 мм армакаркас" қўйилиб, "сейсмопояс" қилиниши лозим бўлган ишлар бажарилмаган. Томнинг прогон (страпила)ни кўтариб турувчи устуни бруслар орасига лойиҳа бўйича каркас берилган, лекин тўлиқ бажарилмаган.
Пойдевор ва деворлардаги ёриқларнинг кенгайиши шу ҳолатда таъмирланмасдан давом этса, келгусида юзага келиши мумкин бўлган табиий офатлар (зилзила, сел келиши ва бошқалар)ни инобатга олганда ушбу уй-жой яшаш учун яроқсиз, деб топилди.
Қурувчи ташкилот вакили Ж.Хамраев ўз аризасида, Бахтиёр Ражабовнинг шикояти бир неча бор туман ҳокимлиги, вилоят ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилиб, мурожаатдаги важлар ўз тасдиғини топмагандан сўнг қурувчи ва қурилиш сифатига нисбатан даъво эътирозлари йўқлиги ҳақида бир неча бор тилхатлар ёзиб берган, деган. Ваҳоланки, Бахтиёр Ражабов ўзининг аризаларидаги важлари тасдиғини топмаганидан кейин эмас, аксинча 2012 йилда қабул қилиб олган пайтида уйнинг сифатига эътирози йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб берган.
Шу ва бошқа омиллардан келиб чиқиб, суд Бахтиёр Ражабовни айбсиз деб топди. У оқланди.
- Ўша вақтда жуда қийин аҳволга тушиб қолдим, - дейди Бахтиёр Ражабов. - Бу ерда уй ташвиши, буям етмагандай жиноят иши очилган. Нима қилишни, додимни кимга айтишни билмайман. 7 ой 2 кун ҳибсда бўлдим. Иссиқ-совуқ кунларни бир камерада ўтказдим. Оқланмасам, бу яна давом этарди. Суд адолатни тиклади. Шу ишларнинг бошида турган Президентимизга раҳмат. Мана, ҳозир Муборак газни қайта ишлаш заводида аввалги ишимни давом эттираяпман.
Бахтиёр Ражабов хонадонига яна қувонч қайтгани - катта ҳодиса. Вилоятда ҳозирча 29 киши оқлангани ҳам кичик рақам эмас. Бунинг замирида қонун устуворлиги, адолат барибир қарор топиши мужассам. Ўз навбатида бу оқлов ҳукмлари суриштирув ва тергов органлари ишига берилган ўзига хос баҳо ҳамдир. Ҳозирча айтадиганимиз шу: ҳеч ким ноҳақ айбланмасин...
Б.ЎКТАМ