Меню
Қашқадарё
УЙИМИЗ ДЕВОРЛАРИ ҲАМ ЁРДАМ БЕРМАДИ
Маълумки, мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида спортни кенг оммалаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Замонавий спорт мажмуалари қурилиб, уларда қатор мусобақалар, турнирларнинг ташкил этилаётгани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этаяпти.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш Дастурига асосан жорий йилда ҳам ёшлар ўртасида деярли барча спорт турлари бўйича кўплаб мусобақалар ташкил этилиши белгиланган эди. «Ёшлик спорт жамоалари» мусобақаси ҳам ана шу дастур ижроси доирасида ташкил этилмоқда.
Мусобақанинг дастлабки босқичида баҳслар таълим муассасалари жамоалари ўртасида ўзаро ташкил этилган бўлса, 2-босқичда туман (шаҳар) миқёсида кучлилар сараланиб, улар асосида вилоят терма жамоалари шакллантирилди.
Қарши шаҳрида ташкил этилган 3-ҳудудий босқичда Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ҳамда Жиззах вилояти жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Энди мусобақага тўхталадиган бўлсак, ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Жиззах вилояти жамоаси иштирок этмагани боис 3 та жамоа ўзаро куч синашди. Жумладан, Сурхондарё вилояти жамоаси аввалбошданоқ етакчиликни ўз қўлига олиб, дастлаб вилоятимиз вакилларини, кейин эса самарқандлик ёшларни катта устунлик билан мағлубиятга учратди ва қийинчиликсиз шоҳсупага кўтарилди. Иккинчи ўрин Самарқанд вилояти ўқувчиларига насиб этган бўлса, вилоятимиз ёшлари учта жамоа ичида учинчи бўлди.
Шундан сўнг, терма жамоамиз мухлисларининг бор умиди қизларимизга қаратилган эди. Бироқ, бу баҳслардаги ғолибликни жиззахлик ёшлар илиб кетишди. Ундан кейинги ўринларни эса Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилояти жамоалари эгаллади.
Шундай қилиб, “Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақасининг республика – финал босқичида ўғил болалар ўртасида Сурхондарё, қиз болалар ўртасида эса Жиззах вилояти терма жамоаси иштирок этадиган бўлди.
Хулоса ўрнида айтиб ўтишни истардимки, спортда “Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради”, деган гап бор. Бу бежизга эмас, албатта. Мезбон жамоа ҳар доим ҳам руҳий, ҳам иштиёқ томонлама бироз устунликка эга бўлади. Аммо бу мусобақада бизнинг ёшларимизга на деворларимиз, на мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ёрдам берди. Жамоамизнинг пухта тайёргарлик кўрмагани очиқ-ойдин билиниб қолди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, сўнгги вақтларда ўтказилаётган кўплаб спорт мусобақаларида вилоятимиз вакиллари юқори натижа қайд эта олишаётгани йўқ. Бу эса терма жамоаларимиз мураббийлари, уларнинг тайёргарлигига масъул раҳбарларни ўйлантириши, ҳаракатга ундаши керак.
Дилфуза ЖУМАЕВА