Меню

Қашқадарё

27.11.2020 1638

УЙИДАН НАРКОТИК ЧИҚДИ, ФУҚАРО ЭСА ИИБ ХОДИМИГА 500 ДОЛЛАР БЕРИБ, ИШНИ "ЁПДИ-ЁПДИ" ҚИЛИШНИ СЎРАДИ

Гиёҳвандликка "аср вабоси" дея таъриф берилади. Чунки бу иллат домига тушган не-не оилалар пароканда бўлмади, қанчалаб умрлар бевақт завол топмади, дейсиз. Шунинг учун гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш, сақлаш ва сотиш каби жиноят турларининг олдини олишга доимий эътибор қаратилади, жазо эса қатъий ва муқаррар бўлади.

Қарши шаҳар Шўртангаз маҳалласида яшовчи Ю.З. яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик хонасида марихуанага ўхшаш бир туп ўткир ҳидли яшил рангли ўсимликни парваришлаб келган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ю.З. эса қилмишига пушаймон бўлиш ўрнига ишни ҳал қилиб бериш учун ички ишлар ходимига 500 АҚШ доллари пул таклиф қилади.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши шаҳар бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида у айтилган пулни ИИБ ходими хизмат хонасида пора сифатида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди муносиб жазони белгилади.

Зариф НОРОВ, 

бошқарма катта инспектори

Шахбоз ҲАҚМИРЗАЕВ,

департаментнинг Қарши шаҳар бўлими инспектори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!